Ўзбекистон | 17:30 / 25.06.2019
19286
3 дақиқада ўқилади

Муддат тугаб бўлди: 92 мингга яқин ариза қачон ҳал этилади?

Фото: Depositphotos

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича биргина Тошкент вилоятида 92 мингга яқин ариза кўриб чиқилмаган. Бу ҳақида «Миллий тикланиш»  газетаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича жорий йилнинг 1 май санасига қадар умумдавлат акцияси ўтказилиши Президент Фармонида белгиланган. Фармон чиққан 2018 йил 20 апрель санасидан бери (яъни бир йилдан кўпроқ муддатда) мазкур акция доирасида Тошкент вилоятида 49 минг 988та иш кўриб чиқилган. Акция доирасида аризаларни кўриб чиқиш муддати тугаганидан бери икки ойга яқин вақт ўтган. Лекин ҳалигача 91 минг 887та ариза кўриб чиқилмаган. Бу шунча нафар фуқаро мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқи белгиланишини кутиб юрганини англатади.

«Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида» ги Президент Фармони мавжуд. Мазкур фармон қабул қилинган вақтга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойни ушбу объектга ўз шахсий мулки каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилаётган шахс тасарруфига қонуний тарзда тегишли шартлар асосида бериш белгиланган.

Фармонга асосан, кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш туман ва шаҳар ҳокимликларидаги махсус комиссия тақдимномасига кўра ўша ҳудуд ҳокимининг қарори билан амалга оширилади. Бунда фуқаролар энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир марталик йиғим тўлайди. Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда мулкдорга у қурган ер участкасига (участканинг бир қисмига) қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилиб, ортиқча қисми Солиқ кодексининг 121-моддасида назарда тутилганидек жаримага солинмасдан захирага олиб қўйилади» , ─ дейилади хабарда.

Давлат хизматлари агентлигининг махсус гуруҳлари ўзбошимчалик билан қурилган иморат эгаларига шу уйларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда амалий кўмак кўрсатиши белгиланган.

«Миллий тикланиш»  нашрининг маълум қилишича, Тошкент вилояти бўйича шу йилнинг 14 июнь ҳолатига кўра Бекобод шаҳрида 57,8 фоиз, Олмалиқ шаҳрида 55,1 фоиз, Оққўрғон туманида 52,9 фоиз, Қуйи Чирчиқ туманида 46,7 фоиз, Қибрай туманида 45,1 фоиз, Паркент туманида 44,9 фоиз, Ангрен шаҳрида 44,3 фоиз аризалар бўйича ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақида туман/шаҳар ҳокимларининг қарорлари чиқарилиши таъминланган. Қолган ҳудудлардаги кўрсаткичлар бундан ҳам паст, 15-20 фоиз атрофида. Кўриниб турибдики, акция учун белгиланган вақт мобайнида мурожаатларнинг кам қисми қондирилган.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид