Ўзбекистон | 20:40 / 27.06.2019
33383
3 дақиқада ўқилади

Қишлоқлардаги арзон уй-жойлар нима учун атиги 2-3 хонали? 

Қишлоқ жойларда барпо этилаётган намунали арзон уй-жойлар ижтимоий йўналтирилган лойиҳа асосида барпо этилаётгани боис 2 ва 3 хоналидир. Миллий матбуот марказида «Қишлоққурилишинвест» компанияси вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда Kun.uz мухбири саволига жавобан шундай фикрлар билдирилди.  

-  Қишлоқ жойларда барпо этилаётган янги намунадаги арзон уй-жойлар асосан 2-3 хонали уйлар. Ўзбекчилигимиздан келиб чиққанда ҳам, ҳар бир оилада камида бир ўғил бир қиз фарзанд бўлишини инобатга олганимизда ҳам қурилаётган уйларнинг хонаси камида 3 ёки тўрт хонали бўлиши керак. Қолаверса, ҳар бир оиланинг ўзига яраша меҳмони бўлиши ҳам инобатга олинмаган. Саволим шундан иборатки, лойиҳалар чизилганда, хоналар сони белгиланганда, қайси мезонга асосланилади?

Kun.uz мухбири саволига «Қишлоққурилишинвест» бош муҳандиси Шуҳрат Рустамов қуйидагича жавоб берди.

«Саволингиз тўғри. Аммо, бир нарсага эътибор бериш керак, авваламбор 2 сотихли уйлар 3 хонали, кўп қаватли уйлар 2-3 хонали дея намунали лойиҳалар ишлаб чиқилиб, республика раҳбарияти томонидан тасдиқланган. Кўп оилали деганда, шу оилаларни эмас, шу оилаларнинг аъзоларини уй билан таъминлаш назарда тутилган. Эътибор берган бўлсангиз, ёш оилалар дейилган, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлганларга дейилган. Оилавий шароитидан келиб чиққан ҳолда ёлғиз аёл, имконияти чекланган аёл бўлиши мумкин. Лойиҳалаштиришда шу каби шахслар эътиборга олинган», - деди Шуҳрат Рустамов. 

-  Тўғри, аммо арзон уй-жойларнинг барчаси ҳам ёш оилаларга ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга берилаётгани йўқ-ку. Шундан келиб чиқиб, 2-3 хонали хонадонлар ёки уйлар лойиҳасини ишлаб чиқиш мезони нима?

Бу саволга «Қишлоққурилишинвест» компанияси лойиҳалаштириш бўлими бошлиғи Бекмурод Душанов шундай жавоб берди.

«2019 йил учун тасдиқланган дастурда, мисол учун, нечта 3 хонали, нечта 2 хонали уй қурилишига доир асосий параметрлар аниқ кўрсатиб берилган. Бу давлат дастурида, биз уларни ўзгартирмаймиз, бу уйлар ижтимоий соҳа объектлари, тижорат уйлари эмас, ким шу уйлардаги хонадонларга муҳтож бўлса, даромади ва шароитидан келиб чиққан ҳолда олади. Бу уйлар барча қулайликларга эга бўлган арзон уйлар ҳисобланади. 

Қурилиш бозорида кўплаб буюртмачилар ва қурувчилар бор. Тижорат мақсадида қишлоқ жойми, шаҳар жойми, 3 қаватлими, 6 қаватлими, қуриб бераверишади. Бунга ҳеч ким қарши эмас», - деди Бекмурод Душанов. 

Мавзуга оид