Ўзбекистон | 22:20 / 28.06.2019
94408
2 дақиқада ўқилади

Президент фармони «пайнетчилар» масаласини ҳал этди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2019 йил 1 августдан бошлаб календарь йили давомида хизматларни реализация қилишдан олган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан кўп бўлмаган телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар хизмат ҳақи суммасидан 25 фоиз ставкада ягона солиқ тўловини тўлашга ўтади.

 Масалан, барча тушуми 100 миллион сўмдан ортган «пайнетчилар»  кўрсатилган хизмат учун реализация қилинган сумманинг 2,5 фоизи миқдорида ҳақ олади. Шунга қарамай, улар якка турдаги тадбиркор сифатида барча тушумнинг 4 фоизи миқдорида солиқ тўлашига тўғри келаётганди.

Президент фармони билан ушбу масалага ечим таклиф этилди: эндиликда таъкидланган тоифадаги тадбиркорлар реализация қилинган суммадан (2,5 фоизли ҳақ) чорак қисмини солиқ сифатида тўлайди.

Шунинг билан бир қатор масалалар ҳам ҳал этилди. Хусусан, 4,5 мингга яқин телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар  иш ўрнини барқарор сақлаб қолади. Бундан ташқари, солиқ тўловчи тадбиркорлар онлайн пул ўтказмалар орқали хизмат кўрсатиш, бир вақтнинг ўзида хуфиёна иқтисодиётга қочмайди.

Маълумот учун, 2018 йилда телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлари томонидан  7 миллиард сўмга тенг сумма реализация қилинган.

Мавзуга оид