Жамият | 20:35 / 28.06.2019
22777
10 дақиқада ўқилади

«Уйим ёнди, масъуллар менга ажратилган маблағни ўзлаштириб юборишди» — жиззахлик аёлнинг ҳасрати ўринлими?

Таҳририятимизга мурожаат қилган, ҳасратидан ўт чиқувчи аёлнинг хати биринчи ўқишдаёқ кишини ўйга толдиради:

«Мен Зокирова Манзура, Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани «Нурафшон МФЙ»да 5 нафар фарзандим билан яшаб келаётган эдим. Ёлғиз онаман. Менинг 5 нафар фарзандим боқувчисини йўқотган. 2017 йил 18 декабрь куни яшаб турган уйим ёниб кетди. Мен ўша куни ишда эдим. Хуллас, маҳалла фуқаролар йиғини, туман ва вилоят ҳокимлиги барча ташкилотлар бундан хабардор бўлишди. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмади. Шундан сўнг Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилдим. Шундан сўнг 2018 йил сентябрь ойида Шароф Рашидов тумани ҳокими С.Исмоиловнинг саъй-ҳаракати билан аввал 10 миллион, 2 ноябрь куни 25 миллион маблағни ўзимнинг шахсий пластик карточкамга ёниб кетган уйимни таъмирлаш учун ташлаб беришди. Ҳаммаси шундан сўнг бошланди. Менга уй таъмири учун берилган маблағ ҳокимиятдаги қурилиш бўлимидагилар томонидан ишлатиб юборилди. Уйимни чала таъмирлаб кетишган. Айни дамда беш нафар фарзандим билан ижарама-ижара яшаб юрибман. Ҳақиқат юзага чиқишида ёрдамингизни аяманг».

Таҳририятдан кўмак сўраб мурожаат қилган Манзура Зокировани йўқлаб борганимизда ҳақиқатдан ҳам Шароф Рашидов тумани «Нурафшон» МФЙдан эмас, балки шаҳардаги 1/3 миттитуманига қарашли кўп қаватли уйлардан топдик. Мурожаатчининг таъкидлашича, унинг ўз уйи яшаш учун мутлақо яроқсиз, шу боис у бугунги кунда 300 000 минг сўм ижара ҳақи тўлаб, фарзандлари билан ижарада кўп қаватли уйлардан бирида яшашга мажбур бўлмоқда.

Манзура Зокирова нимадан норози?

— Шахсий пластик карточкамга пул келиб тушгач, уни Шароф Рашидов туман ҳокимлиги қурилиш бўлими муовини Жамшид Рустамовга бердим. Чунки у менга телефон қилиб, «пластигингизга тушган пулни бизга олиб келиб беринг, таъмирлаш ишлари учун ишлатамиз», деди. Мен у айтган жойга пластик карточкани олиб бориб бердим.

Натижа шу бўлдики, уйимни хўжакўрсинга таъмирлаб беришди. Ҳануз уйимнинг том қисми сувалмаган. Ёмғирлар уйимнинг ичини ювиб кетди. Мен бу уйда қандай яшайман? Туман ҳокимлигидан ишчи гуруҳ келиб бу аёлга ёрдам берамиз, қолганларини ҳам таъмирлаб берамиз, дейишди. 2019 йил 10 февраль куни қурилиш инспекциясидан келиб, ўзимнинг иштирокимда уйимнинг аҳволини ўрганишди ва тўғри хулоса ёзиб беришди.

Мен ҳануз 5 нафар фарзандим билан квартирада ижарада яшаб келмоқдаман. Ҳеч қаерда ишламайман, ҳозирда чойхонада идиш ювувчиман, бир кунда 20 минг сўм пул топаман. Меҳнат вазирлигига ёзиб ҳам иш тополмадим. Ёнган уйимни чала ҳолатда таъмирлаб кетишган. Яшашга яроқли эмас. Шунча одам келиб кўрди. Ким бу ҳақиқатни юзага чиқаради? Ҳокимиятдагиларнинг ваъдалари ва алдови қачонгача давом этади?

Ўғлим айни пайтда коллежни битириб, Тошкентда мавсумий ишларда ишлаб юрибди. Тўнғич қизим коллежни битиради. Шундай бўлса-да, кечаси нонвойхонада ишлайди. Ўғлимга кам фоизли кредит берамиз, деб алдашди. Кредитдан ҳам дарак йўқ. Уйимнинг таъмири учун 35 миллион сўм сарфланмаган, менга ажратилган пулларни ким ва нима мақсадда сарфлаган бўлса, жойига қайтаришини талаб қиламан.

Беш болани едириб-ичириш, кийдириш осонми? Устига-устак, китоб-дафтари-ю бошқа мактаб харажатлариям бор. Менга ачинишмаса ҳам фарзандларимга раҳми келмайдими уларнинг? Маҳалла ёрдам бермаса, ёзган шикоятларимга маҳалла раиси «бу оила бизнинг маҳаллада яшамайди», деб жавоб берса! Додимни кимга айтай? Россияга ишлагани кетсамми, деб турибман. Адолат йўқ экан-да», — дейди Манзура Зокирова.

«Маҳалла» нима дейди?

«МФЙга яқинда раис бўлдим. Лекин маҳаллага бегона эмасман. Манзура Зокированинг шикоятларидан хабарим бор. Сиз мурожаатчининг ҳовлисига бордингизми? Эътибор берган бўлсангиз, ҳовли жуда катта, томорқаси бор. Экин-тикин қилса, бинойидек даромад топади. Аммо шикоятбозлик қилиб, идорама-идора юришдан вақт орттириб, ерга қарамайди. Фарзандлари ҳам кап-катта, уларни ёнига олиб, меҳнатга ўргатса бўлади-ку?! Йўқ, у ижарада туришни афзал билди. Мен шу аёлга «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури доирасида кредит олишни тавсия қилдим. Ҳовлида иссиқхона қуриш мумкинлигини, қурилиш ишларини таъминотчиларнинг ўзи келиб қилиб беришини айтдим. Афсуски, Манзура Зокирова таклифимизни рад этди. Унга кўра, 35 млн сўмни туман ҳокимлигидаги мутасаддилар ўз эҳтиёжлари учун ишлатишган. Шу пулни ундириб олиш ҳаракатида юрибди. Манзура Зокированинг хонадони қайтадан таъмирлаб берилди. Хонадонни мукаммал таъмирланган дея айта олмаймиз, аммо бу уйда сира яшаб бўлмайди, дегани эмас-ку? Мен шундай хонадонларни биламан, томидан чакка ўтса-да уй битиши учун ҳовлида бир хонани нари-бери битириб, ҳам ишлаб, кечга лой қориб, фарзандлари билан ғишт териб, ҳовлини чаманзорга айлантиришган. Инсоннинг бошида бошпанаси, ватани бўлсин. Уйсиз, сарсон-у саргардон қанча оилалар бор, бир ҳовлида икки-уч оила яшаб, 4 сотих ер олиш илинжида тун-у кун меҳнат қилаётганлар бор. Инсоф қилиб айтинг-чи, Манзура Зокированинг уйида яшаб бўлмайдими?! Ҳар ой ижарага сарфлаётган 300 000 минг сўмни шу ҳовлидаги камчиликларни тузатишга сарфлаш ўринли эмасми? Тандирхона, оғилхонасигача бор. Яна қандай шароит керак? Биз маҳалла томонидан қандай ёрдам керак бўлса, барчасини қилганмиз. Ношукрлик яхши эмас. Шу ҳолат юз берганида ҳаммамиз қўлимиздан келганича ёрдам бердик. Манзура Зокирова марҳум турмуш ўртоғининг оиласидагилар келиб ёрдам таклиф қилишганида уларнинг барчасини қувиб солди. Гапираман десам, гап кўп. Шикоятни ҳам чегараси бор», — дейди Шароф Рашидов туманидаги «Нурафшон» маҳалласи раиси Ғулом Норбоев.

Манзура Зокирова «ношукр»ми ?

Вазиятга изоҳ олиш мақсадида Шароф Рашидов тумани ҳокимлигининг қайси бўлимига кирмайлик у ердаги мутахассису маъсул ходимлар бир овоздан Манзура Зокировани ношукрчиликда айблашди. «Ҳақиқатни ёритинглар-да , сизнинг наздингизда ҳокимият ёмон, ҳокимиятдагилар ебтўймас, айнан шу аёлга имконият даражасида ёрдам қилганмиз, бева аёлнинг пулини ебкетар даражада ноинсоф эмасмиз...», қабилидаги эътирозларни ҳам эшитдик.

«»Манзура Зокированинг хонадони ёнғиндан сўнг Шароф Рашидов тумани ҳокимлигининг саъй-ҳаракати билан қайтадан таъмирлаб берилди. Бу аёлнинг мурожаатини ўрганиш учун борганимизда у 35 миллон сўм пул маблағи қаерга сарфланганини билишни истаётганини билдирди. Унинг талаби ва турли ҳуқуқ-тартибот идораларига ёзган ариза ва шикоятларига кўра, махсус комиссия тузилиб ўрганиб чиқилди ва ёнғин содир бўлган хонадоннинг қурилиш-таъмирлаш ишларига кетган сарф-харажатлар бирма-бир ҳисоб-китоб қилиб берилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, қурилиш ва таъмирлаш ишларига кетган харажат ўтказилган маблағдан 700 000 сўм ортиғи билан чиқди. Деразаларга «Акфа» ромлари ўрнатилган. Ҳовли атрофи ғишт билан ўралган. Бозорда 1 кг цемент 700 сўм туради. Томга шифер қоқилди. Ўрнатилган дарвозанинг ўзи эса 5 млн сўм атрофида. Мурожаатчи Манзура Зокированинг хонадонини «Жиззахтаъмирлойиҳа» МЧЖ қурувчилари таъмирлаган. Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг ходимлари томонидан берилган хулоса ва далолатномаларда барчаси батафсил келтирилган, билмадим бу боқимандаликнинг янгича кўринишими, ё меҳнат қилмасдан пул топишми? Қандай таъриф беришни билмадим рости... Албатта, биз мурожаатчига осон тутмаймиз, аммо қўлимиздан келганича ёрдам қилишга ҳаракат қилдик», — дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Шокир Ҳошимов.

«Бирни кўриб шукр қил, бирни кўриб фикр қил»

Ўрганишларимиз натижасида билганимиз шуки, Манзура Зокированинг хонадонида қурилиш ва таъмирлаш ишлари ҳақиқатдан ҳам талаб даражасида мукаммал олиб борилмаган. Мисол учун, том ёпишда болор тўсинлар иссиқ совуқдан ҳимоя қилувчи материаллар билан беркитилмаган, деворлар шувоғи кўнгилдагидек эмас, уй шифтига қоқилган пластик омонат турибди. Полдаги ДСП фанери шишиб чиққан. Хуллас, камчиликлар бор, буни инкор этиб бўлмайди.

Нафсиламрини айтганда, йўл-йўлакай тўғрилаб кетиладиган камчиликлар учун «бир дунё қоғоз» кўтариб турли идоралар эшигида сарсон бўлиш ва шу ҳаракатларга кетган вақтни бошқа хайрлироқ ишларга сарфлаш ўринли эмасми? Вақт тутқич бермай ўтиб кетмоқда. Манзура Зокирова кимлардандир нималарнидир ундириш пайида юрса, унинг беш фарзанди тақдири нима бўлади? Айнан шу ҳолатда маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари кайвони-ю оқсоқолларимизнинг ўрни қани, деган ҳақли савол туғилади. Кўрсатилган камчиликларни ҳашар йўли билан ҳам тўғрилаш мумкин. Бунинг учун фалон сўмдаги маблағ сарфлаш шарт эмас.

Йиғламсираб, бот-бот узр сўраб кўз ёшларини артаётган аёлни тинглар экансиз унга чиндан ҳам ачиниб кетасиз. Лекин Манзура Зокированинг ёниб кетган уйига бирга кириб борганимизда мурожаатчи тасвирлаганига кўра тасаввуримиздаги «хароб уй» ўрнида дарвозаси ҳашаматли уйни кўриб, очиғи, бироз ҳайратландик.

Манзура Зокированинг таъбири билан айтганда, «уй яшаш учун мутлақо яроқсиз»дир. Аммо ҳовлидаги 6 сотихча томорқа қаровсиз ташлаб қўйилгани бироз эриш туюлди. Очиғи, ҳовлидаги ерга тўкилиб исроф бўлаётган мевалар териб олинса ва ўт босган томорқага нимадир экилса, бозорга чиқаришмаса ҳам рўзғорга асқотади-ку?! Чиндан ҳам маҳалла раиси айтганидек ижара ҳақини тўлолмаяпман, дея нолиётган аёл фарзандларини ёнига олиб томорқадан унумли фойдаланса ўринли эмасми?

«Қўлдан берганга қуш тўймас», дейди доно халқимиз. Шукр ва сабрда ҳикмат кўп. Шукр қилишни ҳам ўрганайлик.

Гулчеҳра ШАРИПОВА,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид