Light | 18:49 / 29.06.2019
9714
11 дақиқада ўқилади

Замонавий технологиялардан воз кечиш учун 14 сабаб

Компьютер, смартфон ва бошқа ақлли қурилмаларнинг қандай салбий жиҳатлари мавжуд? Лайфхакер уларга батафсил тўхталиб ўтди.

Фото: Лайфхакер

Гаджетлар жуда кўп вақтни “ўғирлайди”

Биз вақтимизнинг катта қисмини компьютер олдида ўтказамиз. У ёнимизда бўлмаганида эса смартфонга ўтамиз. Ёки видеоўйинларга “ёпишиб қоламиз”. Янгиликларни томоша қиламиз, танишларнинг суратларига лайклар босамиз ва тармоқдаги бефойда муҳокамаларда иштирок этамиз.

Агар бироз муддатга жами гаджетлардан воз кечсангиз, пайдо бўлган вақт миқдори сизни ҳайратга солади. Уни фойдали нарсалар учун сарф этиш мумкин. Мисол учун, спорт билан шуғулланишга. Таъмирлаш ишларини амалга оширишга. Охир-оқибат ухлашга!

Экранлар кўриш қобилиятига зарар келтиради

Экранга узоқ вақт давомида тикилиб туриш кўриш қобилиятига зарар келтиради. Массачусетс офтальмология ва отоларингология офтальмологи Мэтью Гардинер бунинг икки сабабини айтиб ўтган.

Биринчидан, интерфейс элементларини кўздан кечираётганда кўзлар зўриқишга учрайди. Иккинчидан, компьютер олдида кўзларни пирпиратишни унутиб қўямиз. Пирпиратишнинг такрорланиши дақиқасига 15 тадан 5 тагача пасаяди. Шунинг учун кўриш қобилиятини сақлаш учун айёрона бўлмаган қоидалардан фойдаланинг ва компьютер олдида камроқ ўтиринг.

Гавданинг тузилишига зарар етказишингиз мумкин

Кўриш қобилиятидан ташқари компьютер гавда тузилишига ҳам зарар етказиши мумкин. Узоқ вақт давомида ҳаракатсизликни сақлаш инсонга хос. Шунинг учун компьютер олдида тўғри ўтиринг. Ёки ундан умуман фойдаланманг.

Смартфонлар эса бўйин учун зарарли: улардан фойдаланаётганда экранга қараш учун доимий равишда бўйнимизни эгамиз. Америкалик чиққан-синган суякларни солувчи шифокор Дин Фишман смартфонда бошини эгиб ёзишиш ишқибозларида ривожланадиган касаллик учун ҳатто “матнли бўйин синдроми” деган махсус номни таклиф этган.

Гаджетлар уйқуга зарар келтиради

Кўпчилик тун ботгунига қадар компьютерлар олдида ўтиради. Ухлашга ётганда ҳам ижтимоий тармоқлардаги постларни ўқиб ёки Instagram’даги суратларни томоша қилиб, смартфонларга “ёпишиб қолишда” давом этишади. Гаджетни бир четга суриб қўйиш ва ниҳоят ухлашга ётиш айрим ҳолларда жуда мураккаб бўлади.

Компьютер, смартфон ва умуман ёрқин экранли қурилмалар уйқу сифатига салбий таъсир кўрсатади. Бу бир неча марта тадқиқотлар натижалари билан исботланган.

Дисплейлардан келаётган ёруғлик мелатонин ишлаб чиқарилишини пасайтиради. Бу ҳолат эса табиий биосуръатларни бузади.

Рақамли қурилма ишлаб чиқарувчиларининг бу муаммодан хабарлари бор: улар гаджетларни “Тунги режим” функцияси билан жиҳозлайдилар, у экранларнинг рангини автоматик тарзда ўзгартиради. Бироқ бу тўлақонли чора эмас. Уйқуни яхшилашнинг энг ишончли усули уйқуга ётишдан бир неча соат аввал телевизор, компьютер, планшет ва смартфонлардан воз кечиш.

Ижтимоий тармоқлар ҳасад ва депрессия чақиради

Ижтимоий тармоқларда бари ажойиб. У ердаги жами одамлар бахтли ва чиройли. Instagram ёки Facebook обуначилари суратларига эътибор беринг: улар идеал қад-қоматни намойиш этишади, саёҳат ишқибозлари эса дельфинларнинг думидан ушлашади ва Эверестни забт этадилар, бадавлат ёшлар эса ўзларининг Lamborghini машиналари олдида суратга тушадилар. Беихтиёр ҳаётингизда нимадир нотўғри кетаётгани ҳақида ўйланиб қоласиз.

Хьюстон университети олимлари тадқиқот ўтказишди ва депрессия ҳамда Facebook’дан фойдаланиш ўртасидаги алоқани аниқлашди. Улар ижтимоий тармоқларда вақтининг кўп қисмини ўтказадиган кишилар ўзини дўстлари билан таққослаши, тушкун ва бахтсиз ҳолатга тушиб қолишларини аниқлашди.

Гётеборг университети олимларининг тадқиқот натижалари эса смартфонни суиистеъмол қилиш депрессия хавфини оширишини тасдиқлайди. Уларнинг Гарварддаги ҳамкасблари ҳам худди шу фикрда.

Шундай экан, ўзгаларнинг суратларини ўрганишни бас қилинг: ўз ҳаётингиз билан яшанг.

Техника доимий равишда маблағни талаб этади

Кучли ўйин компьютерини тўпладингиз. Орадан бир неча йил ўтди ва у графиканинг юқори созламаларидаги янги AAA-ўйинларни торта олмаяпти. Анча-мунча пул сарфлаб, смартфон-флагман сотиб олдингиз. Бироз вақт ўтгач эса ишлаб чиқарувчилар ундан ҳам янгиси ҳақида хабар беришади. Эски қурилма учун янгилашларни чиқаришмайди. Фақат энг янгиларини харид қилиш керак бўлади.

Компьютерлар тез эскиради, мобиль гаджетлар эса ундан ҳам тезроқ. Иловалар қотишни бошлайди, интерфейс эса бир маромда ишлаши йўқолади ва беихтиёр жами гигабайт хотира ва процессор гигагерцлари қаерга кетгани ҳақида ўйлай бошлайсиз.

Техник янгиликлар ортидан қувишни бас қилинг ва жуда кўп пулни тежаб қолинг. Уни катта фойда билан қўллаш мумкин: китоблар, таом, кийим-кечак, саёҳатлар.

Компьютер ва смартфонларнинг умри узоқ эмас

Захира нусхалари ва булутлар – албатта қулай. Бироқ энг сақлаш ва нусха олишнинг илғор электрон воситалари ҳам маълумотларнинг юз фоиз сақланишига кафолат бермайди.

Фойдаланувчилар йиллар давомида MySpace’га суратлар, видеоёзувлар  ва мусиқани жойлаштирганлар. Кимдир фотоархивни бир неча йил давомида Flickr’да сақлайди. Бироқ у кутилмаганда тозалаш ўтказишга қарор қилади. Суратлар шу тариқа ғойиб бўлади.

Интернет билан боғлиқ носозликлар мавжудми? Бўлди, Google хотирасидаги маълумотларингизга кириш имконини йўқотасиз. Ҳатто қўлингиз остидаги одатий қаттиқ диск ишламай қолиши мумкин. Унинг ичидагини тиклай олишингиз аниқ эмас.

Технологиялар дангасалик ва вақтни бекорга сарфлаш одатини қўзғатади

Рақамли ўйинлардан фойдаланиш осонлиги билан фарқланади. Истаган вақтингизда барини ташлаб сув полоси ёки икебана ясаш билан шуғуллана олмайсиз. Ҳужжатларни бир четга суриб, севимли ўйинни ишга тушириш ва дўстлар билан чатларда суҳбатлашишдан осон нарса йўқ.

Бундай ҳолатлардан ўзингизни ушлаб қолиш учун кучли ирода керак бўлади. У эса ҳаммада ҳам мавжуд эмас.

Ақлли қурилмалар хотирани ёмонлаштиради

Замонавий технологиялар хотирамиз билан ажойиб ишларни амалга оширади. Турли сервис ва иловалар бизга барини эслаб қолиш учун ўйлаб топилган. Вазифалар менежерлари вазифаларни ақлда сақламасдан уларни ёзиб бориш ва муддатларни белгилаш имконини беради.

Ижтимоий тармоқлар дўстларимизнинг туғилган кунлари ҳақида эслатади. Google харита ва излаш қатори керакли манзилни топишда доимо ёрдамга келади. Буларнинг бари жуда қулай, бироқ мия учун у қадар фойдали эмас.

Доимий равишда гуглдан излаш одати хотирага зарар келтиради.

Эслаш учун ҳаракат қилиш ҳам шарт эмас, рақамли қурилмаларга ишониш анча қулай. Америка психология уюшмаси томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, смартфонлардан фойдаланадиган одамлар паришонхотир ва беэътибор бўлишар экан.

Смартфонлар бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин

Mashable нашриётининг хабар беришича, одамлар селфи олишга ҳаракат қилиш вақтида акула ҳужумига қараганда кўпроқ нобуд бўлишар экан. Албатта, ғалати эшитилиши мумкин, бироқ унда ҳақиқат мавжуд.

Смартфонни кўздан кечиришга чалғиб, машина остида қолиш, қоядан йиқилиш ва ҳатто айиқнинг қурбонига айланиш мумкин. Агар смартфондан рулда фойдалансангиз, нафақат ўзингиз, балки атрофдагиларни ҳам хавф остида қолдирасиз.

Хабарлар одамни чалғитади

Ва ниҳоят, бирор ишга диққатингизни жамладингиз. Кутилмаганида гаджетлар бирор янгилик ҳақида хабар беради. Ўқилмаган хабарномаларни текширасиз, ишга қайтасиз ва бир неча дақиқа аввал нима ҳақида берилиб ўйлаганингиз ҳақида батамом унутганингизни тушунасиз.

Ирвайндаги Калифорния университети тадқиқотчилари ишни тўхтатгандан кейин диққатни тўлиқ тиклаш учун 23 дақиқаю 15 сония талаб этилишини аниқлашган.

Бир неча фурсатлик чалғишнинг бадали ана шундай.

Бундан ташқари, мобил қурилма хабарномалари ақлимиз билан ғалати ҳазиллар ҳам қилади. Индиана университети психологлари янги ҳодисани кашф этишди ва унга “фантом тебраниш синдроми” деб ном беришди. Айрим ҳолларда телефон тебрангандек туюлади, сиз уни текширасиз – бироқ ҳеч қандай хабарлар бўлмайди. Кўпинча бундай ҳолат уйқуга ётган вақтингизда кузатилади. Бу эса уйқу учун у қадар фойдали эмас.

Имкони бўлганида ҳар доим хабарномаларни ўчириб қўйинг, тармоқдагиларни доимий равишда текшириш одатини бас қилинг.

Интернет ижтимоий изоляцияга олиб келиши мумкин

Дўстлар топиш, мулоқот қилишда ёрдам бериши лозим бўлган ижтимоий тармоқлар кўпинча айнан шу соҳадаги муаммоларга олиб келади. Смартфон ёки компьютер экранидагина мулоқот қилишга одатланган кишилар реал ҳаётда танишлар орттиришдан уялишади, ноқулай суҳбатлар вақтида ўзларини йўқотиб қўйишади ва суҳбатдошга нисбатан сезгир бўлишмайди.

Бироқ жонли мулоқотни ҳеч ким бекор қилмаган. Тадқиқотлар суҳбат давомида мобил қурилмаларга эътибор бериш одамларни сиз ҳақингизда ёмон фикрда бўлишга мажбур қиларкан. Ушбу ижтимоий ҳодиса учун ҳатто махсус атама – фаббинг ҳам ўйлаб топилган. Шунинг учун ўзга кишилар билан мулоқотга киришишдан аввал барча гаджетларни ўчиринг ва беркитинг.

Технологиялар махфийлигингизни бузади

Мобил қурилма, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари, веб-сервис яратувчилари сизга кейинчалик рекламаларни тиқиштириш учун сиз ҳақингизда кўплаб ахборотни тўплайди.

Энг ачинарлиси бизга тегишли очиқ маълумотлардан нафақат реклама берувчилар, балки тармоқдаги фирибгарлар ҳам фойдаланишлари мумкин. Улар фойдаланувчилардан пул талаб қилишади, электрон почтани бузиб киришади, iCloud аккаунтингизни олиб қочишга интилишади ва бошқа кўплаб қабиҳликларни амалга оширадилар.

Шунинг учун тармоқда қанча кам кўринсангиз, шунча яхши бўлади.

Қурилмалар сизни электр тармоғига боғлаб қўяди

Мобил қурилмалар аккумулятор қувватини жуда тез суръатларда еб битиради. Флагман смартфонингиз қанча кучли бўлса, у шунча кўп қувватни талаб этади. Шунинг учун суткасига камида бир марта розеткани излаймиз.

Смартфон ва компьютерларга тобеликни камайтириб, уларнинг электр токига бўлган иштаҳасини мўътадиллаштиришингиз мумкин. Гаджетни иш ёки университетда қувват олдириш борасида хавотирланишни бас қилинг. Розетка ва мос келувчи симни излаб сарсон бўлмайсиз. Ёнингизда пауэрбанк олиб юриш ва қувват даражасини кузатишингиз шарт бўлмай қолади. Ёруғликнинг ўчирилиши сиз учун фалокат бўлиб кўринмайди. Ҳа, албатта бу билан сайёрага ҳам фойда келтирасиз.

Ва ниҳоят, асосий сабаб. Интернет ва янги гаджетлар билан фойдаланиб, нейротармоқлар ривожланишига онгсиз равишда ҳисса қўшасиз. Сунъий идрок шахмат ва Dota 2 да биздан устунлик қилмоқда. Кутилмаганида у инсониятни қулларга айлантиришни истаб қолса нима бўлишини тасаввур қиляпсизми? Албатта, бу ҳазил. Бироқ эҳтимол бир дақиқа давомида бу ҳақида ўйлаб кўриш керакдир.

Мавзуга оид