Жаҳон | 16:14 / 30.10.2024
6952
3 дақиқада ўқилади

Янги узилган мева-сабзавотларнинг “умрини узайтириш” усули маълум қилинди

Ҳароратнинг кескин ўзгариши маҳсулотларнинг муддатидан олдин бузилишига олиб келади, шу сабабдан олимлар иссиқликни ўлчайдиган замонавий технологияларни таклиф қилмоқда.

Фото: AP

Янги узилган маҳсулотлар дўкон пештахталарига етиб боришдан аввал йиғиш ва сақлаш босқичларидан иборат узоқ жараённи босиб ўтади. Жоржия университети олимлари ушбу жараённи такомиллаштириш учун ҳароратни ўлчашнинг янги технологияларидан фойдаланишни таклиф қилмоқда. Phys.org хабар беришича, бу айниқса ўзгарувчан иқлим шароитида долзарб аҳамият касб этади.

Мева ва сабзавотларни барра ҳолатда сақлаш учун меъёрдаги ҳарорат, намлик ва ёруғлик каби оптимал сақлаш шароитларини таъминлаш лозим. Ҳароратнинг кескин ўзгариши маҳсулотларнинг муддатидан олдин бузилишига асосий сабаб бўлади, шунинг учун уларни назорат қилиш муҳим. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, иссиқлик даражасини кўрсатувчи технология (thermal image) мева ва сабзавотларни йиғиб олишдан олдин ҳам кейин ҳам ҳароратни кузатишда ёрдам бериши мумкин.

Йиғиб олинган заҳоти ҳосилда чиришга мойиллик бошланади, шу сабабли янги маҳсулотларни сақлаш муддатини узайтириш учун уларни тезда совитиш керак. Бунга риоя қилмаслик маҳсулотнинг яроқлилик муддатини, дейлик, икки ҳафтадан 3-4 кунгача қисқартириб юборади. Хусусан, аксарият турдаги баргли кўкатлар йиғиб олингач, уларни зудлик билан совутиш лозим.

Ишни тўғри бажариш учун ҳароратни тез ўлчаш талаб этилади. Бунинг учун фермерлар ва ҳосил йиғувчилар оддий термометрлардан фойдаланади, аммо бу атиги 1-2 та маҳсулотнинг ҳароратини баҳолашга ёрдам беради. Бундай усул нафақат кўп вақт талаб қилади, балки маҳсулот сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ҳароратни ўлчаш пайтида ҳосил бўлган тешиклар маҳсулотларга зарар етказиши мумкин.

Мева ва сабзавотларнинг инфрақизил нурларини йиғиш орқали иссиқлик даражасини аниқлайдиган технология камераси ҳароратни контактсиз ўлчай олади. Озиқ-овқат саноати учун бундай камераларнинг хилма-хил тури ишлаб чиқилган, уларни профессионал қурилмалардан тортиб смартфонларгача ўрнатиш мумкин. Моделидан қатъи назар, уларнинг барчаси битта асосий вазифани бажаради: ҳароратнинг кескин ўзгаришларини аниқлаш.

Экстремал ҳарорат, қуёш нурининг кучайиши ва қурғоқчилик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини даланинг ўзида шикастлаши мумкин. Бу ҳолатда иссиқлик даражасини кўрсатувчи технологияни автоматлаштириб, ундан ҳосилни йиғишдан олдин ҳам, кейин ҳам фойдаланиш лозим. Шунда яроқлилик муддати қисқароқ бўлган маҳсулотларнинг супермаркет пештахтасига чиқиши ва истеъмолчига етиб бориши эҳтимоли камаяди. Натижада, камроқ товарлар чиқитга чиқарилади.

Мавзуга оид