Жаҳон | 07:27 / 30.06.2019
57456
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда маҳаллий ва хорижлик ишчилар ўртасидаги можарода 30 киши жабрланди

Қозоғистоннинг Атирау вилоятида жойлашган Тенгиз нефть конида қозоғистонлик ва хорижлик ишчилар ўртасидаги муштлашувда 30 киши жабрланди.   

Можарога эса Сohsolited Contracting Endihering and Prourement S.A.L Offshore (CСЕР) компаниясининг ливиялик ишчисининг қозоқ қиз билан тушган ножўя сурати сабаб бўлган. Маҳаллий ишчилар ушбу суратни ҳақоратомуз деб топиб, хорижлик ҳамкасбларини дўппослашган.    

Таъкидланишича, тиббий пунктда 30 кишига ёрдам кўрсатилган. Ҳалок бўлганлар йўқ.

Қозоғистон ички ишлар вазирлиги вахта посёлкасида юз берган воқеа юзасидан безорилик моддаси бўйича судгача тафтиш бошлаган. “Ички ишлар идоралари ходимлари воқеа иштирокчилари билан профилактика ишлари олиб боришди. Айни вақтда можаро ҳал қилинди”, деб айтилган хабарда.    

Воқеа жойига вилоятнинг мансабдор шахслари келиб, ишчилар билан маиший можаронинг авж олишига йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида суҳбат ўтказишган. Шунингдек, конда меҳнат шароитларини ташкиллаштириш масаласи муҳокама қилинган. Учрашувдан кейин ишчилар жойларига тарқалишган, вазият барқарорлашган.

Маълум қилинишича, муштлашувни бошлаганларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Можарога сабаб бўлган сурат муаллифи видеомурожаат орқали Қозоғистон халқидан узр сўраган. У ўз қилмиши билан бирор кимга зиён етказишни истамагани ва шунчаки ҳамкасби билан тушган суратни эълон қилинганини айтган.

Мавзуга оид