Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Онкология соҳасида 300 қатновга мўлжалланган янги маслаҳат поликлиникаси фойдаланишга топширилади
Куни кеча Kun.uz интернет нашри орқали «Онкология марказида бир кун: асаббузар навбатларга қачон чек қўйилади?» сарлавҳали танқидий мақолада Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази дарвозаси олдида ҳар куни эрта тонгдан йиғиладиган узундан-узоқ навбатлар, беморлар ва уларнинг яқинлари учун кутиш заллари ва бошқа қулайликларнинг мавжуд эмаслиги, рўйхатга олишдаги камчиликлар ҳамда шифокорлар кўрикларининг тизимли равишда йўга қўйилмагани беморлар томонидан баён этилган эди. Ушбу материал юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказда ўрганиш ишларини олиб борди ва ҳолат бўйича маълумот берди.
«Маълумки, бугунги кунда дунё бўйлаб онкологик касалликлар ўзининг долзарблилиги сабаб ўта жиддий тиббий-ижтимоий муаммолардан бири ҳисобланади. Ҳар йили жаҳонда 15 миллионга яқин киши ушбу касаллик билан рўйхатга олинади. Айни пайтда мамлакатимизда ҳам қарийб 96 минг киши ушбу касалликдан азият чекади. Шу сабаб юртимизда мазкур йўналишдаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан тегишли қарор қабул қилиниб, бу йўналишда алоҳида ихтисослаштирилган тиббиёт маркази ва унинг ҳудудлардаги 15та филиали ташкил этилди.
Энди айнан Kun.uz интернет нашри кўтарган масала хусусида тўхталадиган бўлсак, унда қайд этилган камчиликлар қисқа кунларда тўлиқ бартараф этилади. Чунки бундан бир йил аввал ушбу тиббиёт марказида замонавий ва инновацион поликлиника қурилиши учун Инвестиция дастурига кўра, Давлат бюджетидан 19 миллиард сўмлик маблағ ажратилган эди. Ўтган қисқа давр ичида 3 қаватли янги бино реконструкциядан чиқарилиб, унинг олд қисмига 2 қаватли ҳолл қурилди. Яқин кунларда фойдаланишга топширилиши кутилаётган мазкур замонавий иншоот 300 қатновга мўлжалланган бўлиб, унда маслаҳат поликлиникаси, рентген, ультратовуш ва эндоскопик диагностика, клиник лаборатория ҳамда саратон профилактикаси маркази ва бошқа бўлимларни ўз ичига олади.
Янги маслаҳат поликлиникаси эндиликда эрталаб соат 8:00дан кеч соат 20:00гача узлуксиз фаолият кўрсатади. Шунингдек, бу ерда барча қулайликларга эга бўлган 180 ўринли кутиш заллари бемор ва унинг яқинлари учун хизмат қилади. Қолаверса, рўйхатга олиш ишларини тизимли равишда йўлга қўйиш мақсадида замонавий талабларга тўла жавоб берувчи 6та монитор ҳамда бепул фойдаланиш учун Wi-Fi тармоғи ҳам жорий қилинади.
Айни пайтда марказ маслаҳат поликлиника биносида бемор ва уларнинг қариндошлари учун кутиш ҳамда ҳордиқ чиқариш мақсадида барча шароитлар яратилди. Жумладан, беморлар учун ўзбек ва рус тилларида маълумотлар электрон таблолар ёрдамида амалга оширилиши белгиланган. Тиббий хизмат кўрсатиш турларининг рўйхати, унинг тартиби тўғрисидаги маълумотлар, марказга ташриф буюрганлар учун йўналтирувчи ахборот лавҳалари, шунингдек, бепул хизмат кўрсатиш бўйича (ордер олиш тартиби) маълумотлар пешлавҳаларда жойлаштирилди.
Эндиликда бу ерда ультратовуш орқали текширув жараёни бевосита поликлиникада фаолият юритадиган мутахассисларнинг ўз хоналарида амалга ошириладиган бўлди. Бу эса беморларнинг ортиқча навбат кутиб қолиши каби турли муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади. Яна бир қулайлик мавжуд. Маслаҳат поликлиникасида беморлар ва уларнинг яқинлари учун бинонинг биринчи ҳамда иккинчи қаватлари ҳамда ҳолл қисмида электрон навбатни кузатиб бориш мониторлари ўрнатилди.
Бундан ташқари, беморларга енгилликлар яратиш мақсадида марказнинг янги www.cancercenter.uz веб-сайти ишга туширилган бўлиб, у орқали марказ раҳбарияти, маслаҳат поликлиникаси, мавжуд шифокорлар, уларнинг ихтисослиги, телефони, манзили, диагностика ва даволаш бўлимлари тўғрисидаги тўлиқ ва батафсил маълумот олиш имкониятига эга бўлинади. Маслаҳат поликлиникасида электрон рўйхатга олиш тизими жорий этилгани сабаб фуқаролар мазкур сайт орқали «шифокор қабулига онлайн ёзилиш» функцияси ёрдамида электрон рўйхатга ёзилишлари ҳам мумкин.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, марказнинг янги биноси 3-қаватида Саратон профилактикаси маркази жорий этилиши кўзда тутилган бўлиб, айни пайтда ушбу марказ ҳам канцер-регистр тизими, скрининг тадқиқотлари, тўлақонли статистик маълумотлар базасини яратиш учун зарур ускуна, компьютер техникаси ва локал ҳамда умумий тармоқ билан таъминланган.
Шунингдек, мазкур янги бино фойдаланишга топширилгунга қадар навбат кутиш ҳолатларини камайтириш ва бартараф этиш мақсадида қўшимча рўйхатга олиш тизими учун мутахассис ходимлар фаолияти йўлга қўйилди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.


Мавзуга оид
19:06 / 29.08.2024
Шавкат Мирзиёев Республика онкология марказининг янги мажмуаси билан танишди
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
11:28 / 22.07.2024
Никоҳланувчилар қандай тиббий кўриклардан ўтиши керак?
17:25 / 20.07.2024