Ҳукумат қарорини бажармаётган Самарқанд тумани ҳокими ва зарар кўраётган туризм соҳаси
Самарқанд шаҳридаги «Shaherezade Sam Star Tour» МЧЖ таҳририятимизга Самарқанд тумани ҳокимлиги туризм ривожига очиқдан-очиқ тўсиқ бўлаётгани, Вазирлар Маҳкамаси қарорини писанд этмаётгани юзасидан шикоят йўллаган.
Гап шундаки, Самарқандда бугунги кунда замон талабларига жавоб берадиган, барча қулайликларга эга, сайёҳларни олиб юрадиган автобуслар учун махсус майдонча, техника ва ҳайдовчиларга хизмат кўрсатиш мажмуаси йўқ. «Shaherezade Sam Star Tour» МЧЖ эса ана шундай мажмуа барпо этмоқчи ва бу бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 июндаги 450-сонли қарори 53-бандида аниқ қилиб: «Самарқанд тумани ҳудудида туризм тоифасидаги автобуслар учун тўхташ жойи ва гараж, техник хизмат кўрсатиш устахонаси, ҳайдовчиларни жойлаштириш учун меҳмонхона ҳамда ошхона қуриш учун ер майдони ажратиш» топшириғи берилган.
Мурожаатда «Shaherezade Sam Star Tour» МЧЖ раҳбари Толиб Жаҳонгиров жумладан шундай дейди:
«Қарорда Самарқанд туман ҳокимлигига туман ҳудудидан жой ажратиш кўзда тутилган бўлса-да унинг ижроси бўйича ҳеч иш қилинмади. Туман ҳокими Шуҳрат Жамолов бўш ер йўқлиги, агар шундай ерни ўзимиз топсак, расмийлаштириб беришини билдирди.
Шундан сўнг, Самарқанд давлат ўрмон хўжалиги раҳбариятига мурожаат қилиб, хўжалик ҳудудидаги 60 сотих ташландиқ, ўрмон билан қопланмаган ерни ажратиб беришни сўрадик. Ўрмон хўжалиги тегишли қарор чиқариб берди, харитаси ҳам тасдиқланди. Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси экологик экспертиза хулосаси ҳам олинди. Барча ҳужжатлар расмийлаштирилди. Қоида бўйича ер бизга берилиши учун ўрмон хўжалиги балансидан чиқарилиб Самарқанд тумани ҳокимлиги захирасига қайтарилиши керак. Хўжалик бу юзасидан ҳам Самарқанд туманига тегишли хат юборди. Аммо ер туман ҳокимлиги захирасига олингач, бизга эмас, бошқа шахсга бериб юборилди.
Хуллас, туман ҳокимлиги фаолиятимизни ривожлантириш учун на ер ажратди ва на Вазирлар Маҳкамаси қарорини бажарди. Ўзи айтганидек, биз ер топганимизда эса уни ҳам бошқага бериб юборди».
Ана шу тарзда икки йилдан буён сайёҳлик корхонаси тўсиққа учраб келмоқда. Унинг вилоят ҳокимига ёрдам сўраб ёзган хатига вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Нуруллаев имзоси билан жавоб келган. Мазкур жавоб хатида ҳам Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги топшириғига урғу берилган. Ва Самарқанд туман ҳокими томонидан ҳукумат қарорини бажариш мақсадида «Shaherezade Sam Star Tour» МЧЖга ер ажратиш тўғрисида 2018 йил 22 октябрда қарор чиқарилганини маълум қилган.
Бир жиҳат эътиборимизни тортди: афтидан, туман ҳокими тадбиркорнинг вилоят ҳокимига ёзган мурожаатини «ёпиш» учунгина юқоридаги қарорни чиқарган. Негаки, ана шу қарор нусхасини олган тадбиркор ўзига ажратилган ерни бориб кўрганида у ерда бошқа тадбиркор (қўлида туман ҳокимининг қарори билан) иш бошлаётганига гувоҳ бўлган. Вилоят ҳокимлигидан тадбиркорга келган юқоридаги жавоб хати санаси ҳам, унга илова қилинган туман ҳокими қарори санаси ҳам битта — 2018 йил 22 октябрь экани эътиборни тортади.
Ундан-да қизиғи — Самарқанд вилоят прокуратураси Самарқанд туман ҳокимининг «Shaherezade Sam Star Tour» МЧЖга ер ажратиш тўғрисидаги 3875-сонли қарори туман ҳокимлиги девонхона бўлимида мавжуд эмаслигини аниқлаган. Яъни, бу қарор «туман ҳокими томонидан имзо қўйилган қарорларни рўйхатга олиш» китобида қайд этилмаган. Унинг ўрнига мазкур ерни бошқа фуқарога доимий эгалик қилиш учун берилган қарор бор. Худди, туман ҳокимлиги тадбиркорни аҳмоқ қилаётгандек...
Бу масала юзасидан вилоят ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари Ботир Нуриллаевнинг фикрини эшитдик:
— Бу масалада тадбиркорни ҳақ деб ҳисоблаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Ўтган йил муаммога вилоят ҳокимлиги ҳам аралашгандан сўнг, «Shaherezade Sam Star Tour» МЧЖга туман ҳокимлиги ер ажратиб берганди. Туризмни ривожлантириш бўйича вилоят дастурига ҳам киритилган бу масала. Ер ажратилгандан сўнг тадбиркор хурсанд бўлиб энди ишлайман, деганида ерда бошқа одамлар ишлаётгани устидан чиққан. Кейинчалик ер аукционга қўйилиб яна бошқа фуқарога берилган. Бу масала бўйича аниқ изоҳни туман ҳокимлиги бергани маъқул албатта, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари.
Афсуски, Самарқанд туман ҳокими билан учрашувга бир неча кунлик уринишларимиз бесамар кетди. Аниғи шуки, бу муаммо юзасидан вилоят ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ ҳам тўлиқ ўрганиш ўтказиб, Самарқанд туман ҳокимига «Shaherezade Sam Star Tour» МЧЖга юқоридаги ерни ажратишни мақсадга мувофиқ, деб топган.
Ниҳоят, низоли ер Самарқанд туман ҳокимлиги томонидан аукционга қўйилган. Вазирлар Маҳкамаси қарори туманда барибир бажарилмаслигига кўзи етган «Shaherezade Sam Star Tour» МЧЖ аукционда қатнашиб ерни ютиб олишни мақсад қилган. Лекин афсуски, аукцион ёпиқ тарзда ўтказилиб, «Shaherezade Sam Star Tour» МЧЖга қатнашиш учун имкон берилмаган.
2019 йил 19 январда вилоят прокуратураси «Shaherezade Sam Star Tour» МЖЧга хат йўллагач, масалага яна бир бор аниқлик киритилди. Мазкур хатда юқоридаги ернинг бошқа мақсад учун, бошқа фуқароларга берилишининг ноқонуний жиҳатлари ҳам очиб берилди.
«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.06.2017 йил 450-сонли қарорига асосан Самарқанд шаҳар ва вилоятнинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг 20-банди ижроси бажарилиши юзасидан «Shaherezade Sam Star Tour» МЧЖга ер майдони ажратилиши масаласини қонун доирасида ҳал этиш тўғрисида вилоят прокуратураси томонидан туман ҳокимига хат юборилиб, ижроси назоратга олинди...»
Аммо барибир муаммога ечим топилмади. Тадбиркор икки йилдан бери ололмаётган ер айни вақтда мана шу аҳволда ётибди
Қисқаси, вилоятда туризмни ривожлантираман деган битта корхонага Вазирлар Маҳкамаси ҳам, вилоят ҳокимлиги ҳам, вилоят прокуратураси ҳам ёрдам қилишга ҳаракат қилиб кўрди. Аммо туман ҳокимлигига келганда ҳаммаси тўхтаб қоляпти. Нега?
Мазкур чигал масала юзасидан Самарқанд туман ҳокимлигининг изоҳи ва тадбиркор муаммосига ечим кутиб қоламиз.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
13:24 / 21.11.2024
COP29 иштирокчилари иқлимга мос туризмни ривожлантиришга келишиб олди
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024