Жамият | 09:50 / 03.07.2019
55507
7 дақиқада ўқилади

Термизда «Дамас»лар йўловчи ташиш йўналишидан олиб ташланди. Ҳайдовчиларни энди ким иш билан таъминлайди?

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Термиз шаҳар ҳокимининг «Термиз шаҳрида автобус хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамаси бўлиб ўтиб, қарор қабул қилинган.

Гарчи қарор остида юзлаб норозилик оҳангидаги фикрлар қолдирилган бўлса-да, у ўзгаришсиз, билдирилган фикрлар инобатга олинмасдан қабул қилинган. Бунинг натижасида, Термиз шаҳар ҳокимлиги биноси олдида ҳайдовчилар тўпланиб, ўз норозилигини билдиришмоқда.

Шаҳар ҳокимининг муҳокамага ташланган қарори лойиҳаси преамбуласида шундай дейилади:

«Сўнгги йилларда Термиз шаҳрида транспорт соҳасини ривожлантириш, йўловчиларнинг юқори даражадаги хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бироқ шаҳар ҳудудида фаолият юритувчи «Дамас» йўналишли таксиларнинг тартибсиз қатнови натижасида 2018 йил давомида 32та, 2019 йилнинг 4 ойи давомида 11та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, оқибатда 17 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳати олган. Шунингдек, ўтказилган таҳлил натижаларига кўра шаҳар ҳудудида ҳаракатланувчи транспорт воситалари чиқарадиган тутун миқдорининг асосий фоизи айнан «Дамас» йўналишли таксилари томонидан чиқарилмоқда. Бундан ташқари, мазкур йўналишда фаолият юритувчи таксиларнинг аксарияти 300дан зиёд, яъни 30 фоизи лицензиясиз ўз фаолиятини амалга ошираётгани аниқланди».

Юқорида кўрсатилган хулосалардан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги «Аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–2724-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар ҳокими қуйидагича қарор қилган:

«2019 йил 1 июндан бошлаб Термиз шаҳрида фаолият юритаётган «Дамас» йўналишли таксиларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддати тугаши эътироф этилсин;

шаҳар ичи йўналишида ҳаракатланаётган 205та, шаҳар ҳудудига кириб келувчи (ўн олтита) йўналишдаги 500та, жами 705та «Дамас» автотранспорт воситаларини схемаларига тегишли ўзгартиришлар киритган ҳолда шаҳар атрофида хизмат кўрсатиш орқали автостанциялар билан боғлаш ҳамда ҳаракатдан тўхтатиш ҳисобига янгидан шаҳар ичи автобус йўналишларини ташкил этиш йўлга қўйилсин;

2019 йил 1 июндан бошлаб Термиз шаҳрида фақат автобусларга белгиланган йўналишлар бўйича йўловчи ташишга рухсат берилсин.

Термиз шаҳар ИИОФМБ ЙХҲБ (бошлиғи Ф.Ҳайдаров)га вилоят транспорт бошқармаси (А.Хўжамқулов) билан ҳамкорликда шаҳар ичида ноқонуний йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган «Дамас» йўналишли таксиларига нисбатан муросасиз бўлиш, рейд тадбирларини ўтказиш ва ноқонуний фаолият юритаётган йўналишли таксиларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласини ҳал этиш вазифаси топширилган.

Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиев томонидан имзоланган қарор лойиҳасига билдирилган айрим фикрлар чиндан ҳам эътиборга лойиқ:

Аноним: Ҳурматли Исроил Бўриевич! 705га яқин «Дамас» ҳайдовчиларни ва улар боқаётган оиласини ҳисобга олганда ҳолда, камида 2000дан ортиқ фуқарони ким боқади ва ким иш билан таъминлайди?

Фаррух Қодиров: Шаҳар ичидаги транспортларни шаҳар атрофига чиқармоқчисиз, шаҳар атрофида [шу пайтгача қатнаб юрган] транспорт воситаларини қаерга жойлаштирасиз, уларнинг оиласини ким боқади ва иш билан таъминлайди?

Мил Мейлиқулов: Ҳоким бобо, чиқарган қарорингиз зўр-ку?! Мен яна Россияга бориб мардикорлик қилишим керакми? Автобус ҳайдашга ўтиш учун 2.500.000 сўм сарфлаб «D» категория олиш керак! Мен онам, бола чақамни боқайми ёки «D» категория олайми? «Дамас» орқали рўзғорим бут, ҳозирги кунда ким менга 1.500.000 сўм ойлик беради, ҳайдовчи сифатида. Ҳоким бобо, бу қарордан мен норозиман.

Чориев Рустам: Ҳурматли ҳокимлик вакиллари! Бундан бир неча йил олдин Термиз шаҳар ички йўналишига «Исузу» маркасидаги автобуслар қатнови йўлга қўйилган эди. Лекин шу йўналиш самарали ишлаб кетмаганига баъзи омиллар сабаб бўлган: йўллар талабга жавоб бермаслиги, автобус бекатларининг деярли йўқлиги ва ўша даврда хокимлик томонидан автобус сотиб олган тадбиркорлар қўллаб-қувватланмагани учун бир қатор тадбиркорлар касодга учраб, автобусларни сотиб юборганининг гувоҳи бўлганмиз.

Рустам Шоисупов: 50 автобус шаҳарнинг қайси йўналишларни кенг қамраб олади? Интервал, дистанция деган сўзлар муомалада бор эди. Булар [автобуслар] бундан мутасно бўлса керак. +50 даража жазирама иссиқда автобусда юриб кўрсинлар, ҳурматли ҳоким бобо.

Гоша Тоғаймуродов: Мен талабаман. Автобусдан кўра бизнинг шароитда, «Дамас» қулай, сифатли ва тез.

Хуршид Чориев: Шошилиб, бирор юмуш билан кўчага чиққанингизда автобусда етиб бориш қийин, ҳамманинг ҳам таксида юришга имконияти йўқ. «Дамас» шаҳар ичида ҳамёнбоп транспорт менимча.

Аноним: Термиз шаҳрида автобуслар тўхташи учун бекатлар мавжуд эмас. Аввал шаҳарда бекатлар қуриб, кейин шаҳардан «Дамас» автомашиналарини чиқариш керак.

Нодира Менгқобилова: Вилоятимиз ҳокимлигининг Сурхон эли янада юксалиши учун олиб бораётган сиёсати барчамизни қувонтиряпти. Айниқса, яқин кунларда Термиз шаҳрида шошма-шошар «Дамас»лар ўрнига автобусларнинг шаҳар йўловчиларини ташиш учун қўйилишини эшитиб, жуда қувондик. Бу авваламбор халқимиз учун қилинаётган қулайликларнинг бир кўриниши десак, муболоға бўлмайди. Халқ манфаатини ўйлаб, ҳамёнбоп ва фарзандларимизнинг мактабларга қатнашига қулай бўлган автобуслар қўйилаётганидан биз Сурхон халқи жуда хурсандмиз.

Шерзод Бердиев:  Тўғри, автобус керак, пенсионер, мактаб ўқувчилари ва ҳоказо инсонларга, лекин эртага «Дамас» йўналишдан чиқиб кетган тақдирда, Сурхондарё вилоят лицензия бўлими автобус йўлкираси нархини 1000 сўм қилиб белгилайди. Унда нима афзали бор экан, автобуснинг «Дамас»дан?

Қайд этиб ўтиш лозимки, Термиз шаҳри ичида «Дамас» йўналишли таксилари йўлкираси 1000 сўм эди. Йўналишга чиқарилган автобуслар йўлкираси 500 сўм этиб белгиланган. Бошқа вилоят марказларида йўлкира нархи 800–1200 сўм эканлиги инобатга олинса, бу вақтинчалик енгиллик эканлигини англаш қийин эмас.

Қолаверса, Термиз шаҳар ҳокимлиги кундалик даромаддан қуруқ қолган 710 нафар ҳайдовчини бошқа иш билан таъминлаш вазифасини ҳам уддалаши керак. Кузатаверайлик-чи, арбоблар нима қилишар экан?

Ш.ШОКИРЖОНОВ тайёрлади.

Мавзуга оид