Жамият | 00:24 / 03.07.2019
32220
7 дақиқада ўқилади

Вазир сайёр қабули «саҳналаштирилган»ми ёки кимлардир атайин уюштирганми? Воқеа қатнашчилари билан «фарғонача» суҳбат

1 июль куни ЎзАда Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазири томонидан Фарғона вилоятидаги сайёр қабул «саҳналаштирилгани» ҳақида мақола пайдо бўлди.

2 июль куни вазирлик матбуот хизмати бу ҳолат юзасидан расмий изоҳ берди. Унда Фарғонадаги сайёр қабул жараёнида келиб тушган 53та мурожаатнинг ҳар бири юзасидан вазир ўринбосари Баҳодир Умурзоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ билан ички текширув ўтказиш ҳақида қарор қабул қилингани айтилган.

Kun.uz Фарғона шаҳрида бўлиб, вазирлик ички текширув ўтказилишини кузатиб борди.

Фарғона вилоят Бандликка кўмаклашиш бошқармаси биносида вазир ўринбосари Баҳодир Умурзоқов ва комиссия вакиллари иштирокида текширув ва йиғилиш бўлиб ўтди. Фарғона вилояти туман бандликка кўмаклашиш маркази раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда вазир ўринбосари сўзга чиқди.

«Вазиримиз билан шахсан ўзим биргаликда сайёр қабул ўтказдик. 10 киши билан гаплашдим, қолган 43 нафарини вазиримизнинг ўзи қабул қилди. Бизга бу мақола сабоқ бўлди. Шундай одамлар ҳам бор экан. Ўша 11 нафар фуқародан икки нафари мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилган деб ўйлаган эдик. Бу мақоладан сўнг текширсак, улар қабулда қатнашган, бироқ ўша муассасада аввалдан ишлаб келишаётган экан. Бу иш бўйича Марғилон шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази директори Толиб Асомиддинов ишдан бўшаш ҳақида ариза берди.

Лекин бу масала ишдан бўшаш билан тугатилмайди. Агар ростдан ҳаммаси «саҳналаштирилган» бўлса, жиноий иш очилиши керак. Бизда яна 9 нафар фуқаро масаласида ҳам шубҳалар бор. Биз мақолани инкор этмадик. Бу балки ҳақиқатдир, балки уюштирилгандир. Биз масаланинг тагига етамиз. 1-2 кун ичида оқни оқ, қорани қора қилиб ажратиб чиқамиз. Бундай ишлаш бўлмайди, шу сабабли сизларни ҳокимиятдагилар бир тийинга олмайди. Фарғона вилоятида меҳнат ва бандликка кўмаклашиш масаласи республикада энг пастки ўринлардан бирида», дейди вазир ўринбосари.

Йиғилиш тугаши билан Марғилон шаҳар бандликка кўмаклашиш марказининг собиқ директори Толиб Асомиддиновни суҳбатга тортдик.

«Мен у қизларни ўша куни қабул жойида кўрдим. Икки қиз ўзлари келиб айнан ўша боғчада вакансия борлигини айтишди. Мен ўша жойга жойлаштириш бўйича кўрсатма бердим. Боғча мудираси томонидан буйруқ ҳам тайёрланган. Биз бошқармага буйруқнинг электрон шаклини ҳам ташлаб бердик. Бу уюштирилган. Бу «подстава» бўлди. Мудирани ҳам танирдим. Бориб нега ишлайдиган одамларни жўнатганини сўрадим. Жума куни қабул бўлса, шанба куни буйруқ чиқяпти. Якшанба куни журналист Муҳаммаджон Обидов (Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси – таҳр.) борган ва ҳужжатларни олган. Мен узоқ йиллардан бери ишлаб келаман. Фаолиятим бундай тугаши нотўғри бўлмоқда», дейди марказнинг собиқ директори.

Вазирлик мутасаддилари одатда ишга жойлаштириш ва унинг ҳужжатлаштириш ишлари 3-4 кун вақт олишини ва бу иш қабулнинг эртаси куниёқ ҳал этилгани шубҳа туғдираётганини айтишди. Шу сабабли, ўша боғчага бориб қизлар билан учрашишга қарор қилдик.

Марғилон шаҳри 6-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳудудига кириб бордик. Боғча мудираси Шаҳноза Ахунова, икки мурожаатчи аёл Зарифа Холмуҳаммедова ва Зиёда Шамсиддинова журналистлар ва вазирлик мутасаддилари томонидан саволга тутилди.

Келинг, масаланинг кульминацияси бўлган кўрсатмаларни бирма-бир келтириб ўтсак.

Аввалига бу қизлардан бири Зарифа Холмуҳаммедова бизга сайёр қабулга бормаганини айтди. Вазирлик мутасаддилари томонидан қабулдаги суратлар кўрсатилганидан сўнг, барчасини рўй-рост айтишга ўтди.

«Ўша куни мудирамиз ташқарига чиқишимизни, кўчада турган машинада Фарғонага бориб келишимизни айтди. Машина чиққанимда бу киши (Толиб Асомиддинов – таҳр.) ўтирган экан. Биз ўша жойга боришимизни, қабулда бизга иш кераклигини, нималар дейишимизни айтиб кетди. Мен ўша боғчада ишлашимизни айтганман. Ёнида бир бошқа одам ҳам бор эди. Биз бекор бу жойга келибмиз деб ўйладик. Бизга бу киши (Толиб Асомиддинов – таҳр.) «Катта раҳбар одам келади. Шу-шу гапларни айтиб қўясизлар бўлди. Ишламаймиз деб айтасизлар, тамом» деб айтди», дейди боғча тарбиячиси.

Унинг сўзларини иккинчи тарбиячи Зиёда Шамсиддинова ҳам тасдиқлади. Қизлар Асомиддинов юзлаштирилган пайтда кўрсатмалар ҳар хил, аммо ҳар ким ўз позицияда қолди. Мурожаатчи қизларга босим ўтказиш ҳолати олди олиниб, уларга эркин гапириш шароити яратиб берилди.

Боғча мудираси Шаҳноза Ахунова ҳам воқеага тушунтириш берди.

«Мен ўша куни бу қизларимиз бориб, ишсизмиз дейишини тайинламаганман. Бу ишдан менинг хабарим йўқ. Қандай қилиб ишлаётган одамни ишламайди дейман? Якшанба куни уйимдан мени чақиртириб олишди. Бўлим бошлиғим (туман мактабгача таълим муассасаси) орқали чақиртиришди. Муҳаммаджон Обидов чақиртирди. Мендан бу қизларнинг маълумотларини сўради. Бу маълумотларни бериш мумкин эмаслигини айтсам ҳам Муҳаммаджон Обидов қўлимдан тортиб олди. Ҳужжатларни расмга ола бошлади. Кейин мендан бу ходимларим ҳақиқатда ишлайди, деб ёзиб беришимни сўради. Мен ёзиб бердим. Қабул бўйича буйруқларни мен ёзмаганман. Ким ёзган ва муҳр қўйган, бунисини билмайман», дейди боғча мудираси.

Ишга жойлашган икки аёл жума куни қабулда қатнашган бўлса, шанба кунидаёқ уларга буйруқ чиққан. Якшанба куни эса боғча мудирасининг сўзларига кўра, журналист Муҳаммаджон Обидов текширувга келган. Бундай кетма-кетлик катта тезлик билан содир бўлгани ҳар кимда шубҳа уйғотиши табиий. Қолаверса, фақат муассаса мудираси ихтиёрида бўлган муҳр кимнинг қўлида бўлган, ким буйруқларни тайёрлаган, масаланинг бу томонлари ҳали номаълум.

Вазирлик мутасаддилари қолган 9 нафар фуқаро мурожаати бўйича, шунингдек бу икки нафар боғча тарбиячиси билан боғлиқ ишларни батафсил ўрганиб, хизмат текширувларидан сўнг, жамоатчиликка ахборот бериши кутилмоқда. Ҳозирда бу ҳолат юзасидан текширувлар давом этмоқда ва бу қизғин жараённи кузатишда давом этамиз.

Баҳодир Аҳмедов

Мавзуга оид