Жамият | 16:20 / 04.07.2019
33213
8 дақиқада ўқилади

«Президент қарори бир шаҳардаги 700 киши ишсиз қолиши учун қабул қилинмаган». Депутатлар Термиздаги дамасчилар тушган ҳолат ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Исломжон Зокиров Термиз шаҳрида «Дамас» автомошиналари йўловчи ташиш йўналишидан олиб ташлангани ҳақидаги мақола юзасидан муносабат билдирди.

«Ижтимоий тармоқларда, жумладан, Kun.uz сайтида «Дамас» русумли автомашиналарга Термиз шаҳри ичида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланиш тақиқлангани ва унинг оқибатида 700дан ортиқ ушбу фаолият тури билан шуғулланаётган ҳайдовчилар ва ушбу хизматлардан фойдаланиб келаётган кўплаб аҳоли вакилларининг норозиликлари акс этган маълумотлар тарқалмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2724 сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Термиз шаҳар ҳокимининг қарори билан 2019 йил 1 июндан бошлаб Термиз шаҳрида фаолият юритаётган «Дамас» йўналишли таксиларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддати тугаши эътироф этилиб, уларни шаҳар атрофида хизмат кўрсатишга ўтказиш ҳамда ҳаракатдан тўхтатиш ҳисобига янги йўналишларни ташкил этиш, ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган «Дамас» йўналишли таксиларига нисбатан муросасиз бўлиш, жавобгарлик масаласини ҳал этиш вазифалари белгиланибди. 

Бироқ, биринчидан, ижросини таъминлаш назарда тутилган юқорида таъкидланган Президент қарорида «Дамас» йўналишли таксиларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддатини тугатиш ва уларга шаҳар ичида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланишни тақиқлаш ҳақидаги бирор жумланинг ўзи йўқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги ПҚ-2724 сонли қарори билан тўлиқ танишмаган аҳолида, «Дамас» йўналишли таксиларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддатини тугатиш ва уларга шаҳар ичида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланишни тақиқлаш гўёки, «Президент қарори билан амалга оширилаётган экан», деган нотўғри хулоса пайдо қилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу ПҚ-2724 сонли қарори битта шаҳардаги 700га яқин кишини ишсиз қолдириш учун эмас, балки, айнан мамлакат шаҳар ва қишлоқларида аҳоли бандлиги муаммоларини ҳал этишда автотранспорт хизматлари кўрсатишнинг ролини кучайтириш мақсадида қабул қилинганини ҳам унутмаслигимиз керак. 

Иккинчидан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилини мураккаблаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги мажбуриятларни юклашни назарда тутувчи, шунингдек тадбиркорлик субъектлари жавобгарлигининг янги чораларини белгиловчи норматив ҳужжатда унинг (ёки унинг бир қисмининг) кучга кириши муддати кўрсатилган бўлиши керак. Бунда норматив ҳужжатнинг кучга кириши муддати у расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ойдан кам бўлмаслиги керак.

Учинчидан, давлатимиз сиёсати ноқонуний фаолият билан шуғулланаётганларга нисбатан муросасиз бўлишни эмас, балки, уларни қонуний фаолият олиб боришга ўтказиш, бунинг учун мавжуд қийинчилик ва тўсиқларни ўрганиб, уларни бартараф этиш орқали тадбиркорларга қулай шарт-шароит яратишга қаратилган.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизими мутлақо қониқарсиз бўлган вақтларда ҳамда ҳудудларда айнан енгил машиналар, жумладан, «Дамас» таксилари халқнинг корига яраган ва ярамоқда.

Такси фаолияти билан шуғулланаётган ҳар бир автомашина, жумладан, «Дамас» машиналари энг камида битта иш ўрни эканлигини, энг камида битта оиланинг қозонини қайнатаётганини ҳам, шунингдек, ушбу автомашиналарни кўпчилик аҳоли айнан такси хизматини кўрсатиш мақсадидагина сотиб олган ва шунинг учун ҳам ушбу машиналар харидоргир ҳисобланишини унутмаслигимиз лозим. 

Албатта, жойларда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини яхшилаш зарур. Бироқ, бунга шу кунга қадар фаолият кўрсатиб келган тадбиркорларнинг фаолиятини тақиқлаш билан эмас, балки соғлом рақобат муҳитини, қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда ички автомобил йўлларининг сифатли даражага келтириш каби ишларни йўлга қўйиш орқали эришиш лозим деб ҳисоблаймиз. 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мутасаддилар томонидан юқоридаги масалага ўз эътиборларининг қаратишларини сўраган ҳолда ушбу масалага дахлдор амалдаги қонуний тартибларни ҳам қуйида ҳавола қилиб ўтмоқчимиз.

Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланади. 

Лицензия бериш, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатларда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар лицензияловчи органлар томонидан Ўзбекистон Республикасида йўловчи ва юкларни халқаро ташиш бўйича Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги томонидан, шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро йўловчи ва юкларни ташиш бўйича эса ушбу агентликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан қабул қилинади.

Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги қонунда лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

  • лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;
  • юридик шахс тугатилганда - тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда - қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан унинг ўзгартирилиши, шунингдек янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қайта ташкил этилаётган юридик шахсларда фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда қўшиб юборилиши мустасно; 
  • якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтгани тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилганда;
  • якка тартибдаги тадбиркорнинг муомалага лаёқатлилиги белгиланган тартибда чекланганда ёки у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
  • лицензиат лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талабларини ва шартларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда;
  • лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришига олиб келган ҳолатларни лицензияловчи орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда;
  • лицензияловчи органнинг лицензия бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;
  • лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганда.
  • Лицензиянинг амал қилишини тугатиш лицензияловчи орган қарорига биноан амалга оширилади, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. 

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш ушбу модданинг биринчи қисми олтинчи - саккизинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда суд тартибида амалга оширилади, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно. 

Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай етказилади.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги суд қарори лицензиатга ва лицензияловчи органга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади. Лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан ўн кун ичида лицензия лицензияловчи органга қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак. 

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги маълумот оммавий ахборот воситаларида, шунингдек лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши керак. 
Тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан эътиборан лицензиянинг амал қилиши тугатилади.

Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин. Суд лицензиянинг амал қилишини тугатишни асоссиз деб топган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорида жавобгар бўлади», дейилади мақолада.

Бундан аввалроқ, Термизда «Дамас»лар йўловчи ташиш йўналишидан олиб ташлангач, ҳайдовчилар шаҳар ҳокимлиги биноси олдида тўпланиб, ўз норозилигини билдиришгани тўғрисида хабар қилинганди.

Мавзуга оид