Ўзбекистон | 10:46 / 04.07.2019
9529
6 дақиқада ўқилади

Шахсга доир маълумотлар муҳофазаси нима учун керак?

Фото: Shutterstock

Бугунги даврда шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш холис воқеликка айланди. Бинобарин, инсон ҳақидаги маълумот ҳар доим қимматли бўлган, айни вақтларда эса у ноёб товарга айланиб бормоқда. Шу боисдан инсоннинг шахсига доир маълумотларни муҳофаза қилиш, ундан турли ҳил ғаразли мақсадларда фойдаланишга йўл қўймаслик, пировардида шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш масаласи ҳар қачонгидан кўра долзарб аҳамиятга эга, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.

Унинг айтишича, бу борада қабул қилинган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун миллий қонунчиликда рақамли технологиялар даврида фуқароларга ўз шахсий маълумотлари устидан назорат қилиш, улардан фойдаланиш имкониятини соддалаштириш ҳамда қаерда ишлов берилишидан қатъий назар билдирилган мақсад учунгина фойдаланишини таъминлаш имкониятини беради.

Таъкидланишича, қонун бир қатор хориж мамлакатлари тажрибасига таянилган ҳолда ишлаб чиқилди. Хусусан, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Япония, Малайзия, Европа Иттифоқи регламенти талаблари билан солиштирилиб, ижобий жиҳатлари эътиборга олинган.

Қонунда имкон даражасида ҳаволаки нормалардан кечилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган яхлит ҳужжат сифатида қабул қилинишига алоҳида урғу берилган. Қонунга кўра, шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази белгиланди. Ушбу орган бир қатор вазифаларни амалга оширади. Жумладан, шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритиш, шахсга доир маълумотларнинг зарур ҳимоя қилинганлик даражасини белгилаш, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишларини бартараф қилиш ҳақида жисмоний ва юридик шахслар ижро этиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритиш ушбу органнинг асосий вазифалари қаторида белгиланган.

Шахсга доир маълумотлар деганда “муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот” тушунилмоқда.

Қонун жисмоний шахслар томонидан шахсий, маиший, профессионал ёки тижорат мақсадидаги фаолиятга, миллий ва бошқа архив фондларида мавжуд бўлган шахсий маълумотларни тўплаш, сақлаш, фойдаланишга, давлат сири таркибига кирувчи шахсий маълумотларни қайта ишлашга, жиноятга қарши курашиш, разведка, контрразведка, жиноий даромадларни легаллаштириш давомида қўлга киритилган шахсий маълумотларни қайта ишлашга нисбатан татбиқ этилмайди.

Қонун лойиҳасида шахсий маълумотлар соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, ваколатли давлат органининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Алоҳида моддада шахсий маълумотларни қайта ишлашда иштирокчилар кимлар экани қайд этилган. Унга кўра, субъект ва оператор, шунингдек, зарур ҳолларда субъект, мулкдор ва учинчи шахснинг қонуний вакили ҳам бўлиши мумкинлиги кўзда тутилган. Шахсга доир маълумотларни бериш, тарқатиш, шу жумладан ОАВ орқали ҳаммага ошкор қилиш ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш, трансчегаравий узатиш, эгасизлантириш, йўқ қилишга доир талабларга алоҳида моддаларда тўхталиб ўтилган.

Шахсий маълумотларни тарихий, статистик, социологик, илмий изланишлар олиб боришда шахсий маълумотлар базаси мулкдори, оператори ёки учинчи шахслар, албатта, уни эгасизлантириши шарт. Шахсий маълумотни эгасизлантириш деганда, унинг айнан қайсидир шахс (субъект)га тегишли эканини билиш имконини бермайдиган ҳаракат тушунилмоқда.

Билдирилишича, қонунда биометрик маълумотлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Биометрик маълумот сифатида шахснинг айнан ким эканини аниқлаш имконини берадиган анатомик ва физиологик хусусиятларини тавсифловчи шахсга доир маълумотлар кўзда тутилмоқда.

Қонун шу йилнинг 1 октябридан эътиборан кучга киради.

Қонун кучга кириши билан мулкдор, оператор ва учинчи шахс фуқаронинг шахсига доир маълумотларини етарли даражада ҳимоя қилишни бўйнига олган ҳолда ва ушбу маълумотдан нима учун фойдаланмоқчи эканлиги ҳақидаги мақсадни ошкор қилиб, фақат ўша мақсад учунгина фойдаланиши мумкин бўлади. Масалан, паспорт олиш учун берган маълумотларни ер олиш, кадастр қилиш, никоҳдан ўтиш, сайловчилар рўйхатига киритиш, ўқишга юбориш, диплом бериш, гувоҳнома тайёрлаш каби ишларга сизнинг рухсатингизсиз фойдаланиш мумкин эмас. Агар шу мақсадда фойдаланиш зарурати пайдо бўлса албатта бу ҳақида маълум қилиниб, розилик олиниши шарт.

Шахсга доир маълумотларни давлат бошқаруви органларига тақдим этиш бепул асосда амалга оширилади.

Қонунга кўра субъект ўзининг шахсга доир маълумотларини тақдим этишни рад қилган тақдирда, рад қилиш сабабларини кўрсатмаслик ҳуқуқига эгадир.

Қайд этилишича, мазкур қонун мамлакатда шахсга доир маълумотлар билан ишлашда халқаро стандартлар ва қоидаларни жорий қилиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги бўйича конституциявий ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ва шахс сифатида ҳар қандай таъсирлардан ҳимоя қилишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли.

Бундан олдин, Шавкат Мирзиёев «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунни имзолагани хабар берилганди.

Мавзуга оид