Жамият | 15:25 / 05.07.2019
57702
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда МИБ ходимлари дўппосланди. Икки нафар шахсга жиноят иши очилди

Фото: Мажбурий ижро бюроси

Тўлов интизомини мустаҳкамлаш орқали қарздорликни камайтириш, энергия тармоқларига ноқонуний уланиш, суд ва бошқа орган ҳужжатларининг ижросини таъминлаш каби вазифаларини бажариш Бюро ходимларига ҳам осон кечмаяпти, дейилади Мажбурий ижро бюроси сайтида жойлаштирилган хабарда.

Қайд этилишича, Бюронинг Сурхондарё вилояти Шеробод туман бўлими давлат инспекторлари А.Эшонқулов, С.Фозилов ва П.Тайлановлар биргаликда 2019 йил 29 июнь куни соат тахминан 11:05лар чамаси тумандаги «Ғўрин-Гиламбоб» маҳалласи «Дўстлик» кўчаси 112-уйда яшовчи Б.Нормуродовнинг яшаш хонадонида истеъмол қилинган электр энергияси бўйича қарздорлигини аниқлаш юзасидан кўрик (обход) ўтказаётган вақтида, хонадон эгасининг фарзандлари Э.Бердимуродов, У.Нормуродов ва Л.Нормуродовлар биргаликда хизмат вазифасини бажараётган бўлим давлат инспекторларининг қонуний фаолиятига фаол қаршилик қилишиб, давлат инспекторлари А.Эшонқулов ва П.Тайлановларнинг дуч келган жойларига уриб, тан жароҳати етказишиб, хизмат фаолиятини бажаришдан воз кечишга мажбур қилган.

Ҳодиса жойига туман прокурори С.Н.Махманов, туман прокуратураси терговчиси Х.Азимов, туман ИИБ бошлиғи М.Қўнғиротов, туман ИИБ ЭКГ эксперти Х.Худояров ва бошқа тергов тезкор гуруҳи аъзолари чиқишган.

Туман суд-тиббиёт экспертизасининг 03.07.2019 йилдаги 334-сонли хулосасига кўра, давлат инспектори А.Эшонқуловга «Соғликнинг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати» ва 335-сонли хулосасига кўра, давлат инспектори П.Тайлановга «Енгил» тан жароҳати етказилганлиги аниқланган.

2019 йил 3 июль куни мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан фуқаролар Э.Бердимуродов ва Л.Нормуродовларга нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид