Спорт | 16:33 / 06.07.2019
15654
8 дақиқада ўқилади

«Атлетико» ҳужумга ўтди. Клуб раҳбарияти Гризманн «Барса» билан махфий музокара ўтказганидан ғазабда

Фото AFP

Каталонияликлар 28 ёшли ҳужумчи Антуан Гризманн учун тўловни кечиктиришни сўради, мадридликлар клуби «Барселона»нинг ҳаракатларини ҳурматсизлик деб баҳолади ва футболчига жамоа йиғинига етиб келишни буюрди.

Нима бўлди?
«Атлетико» бу ёзда «Барселона»га ўтиши кутилаётган ҳужумчиси Антуан Гризманн бўйича расмий баёнот берди. Бу баёнот «Барселона» президенти Хосеп Бартомеунинг икки клуб вакиллари франциялик футболчи трансфери бўйича учрашув ўтказгани ва «Барса» Гризманн билан ўзаро шартномани муҳокама қилишга рухсат олгани ҳақидаги баёноти ортидан берилди.

Маълум бўлишича, бу учрашувда «Барселона» франциялик ҳужумчининг шартномасида белгиланган пулни - 120 миллион еврони тўлашни кейинга суришни сўраган.

«Атлетико» эса бунга рози эмас, клубдагилар «Барса» футболчи билан март ойидаёқ музокара ўтказиб, шартнома бўйича келишиб олганидан хабар топган. Маълум бўлишича, Гризманн «Атлетико» ЕЧЛ плей-оффида «Ювентус»га қарши жавоб ўйинидан кейин турнирни тарк этгач, «Барса» вакиллари билан келишиб олган. Умуман, томонлар ўртасидаги музокаралар февраль ойидаёқ бошланган. Клубдагилар бу ҳақда аввалроқ хабар топишган, ўзаро учрашувда каталонияликларнинг пулни тўлашни кечиктириш бўйича илтимоси клуб раҳбариятининг ғазабини қўзитган.

«Атлетико» Гризманни йиғинга етиб келиш ҳақида огоҳлантирди. Энди футболчининг трансфери сўроқ остида қолган. Каталонияликлар трансфер учун маблағни тўлиқ ўтказиб берсагина Гризманн «Барселона»га қўйиб юборилади.

Франциялик ҳужумчи икки ой муқаддам - 14 май куни «Атлетико»ни тарк этишини эълон қилганди.

«Атлетико» нима деди
«Барселона» президенти Жозеп Мария Бартомеунинг футболчимиз Антуан Гризманн ҳақидаги сўзларидан кейин, «Атлетико» қуйидагиларни маълум қилади.

14 май куни Антуан Гризманн «Атлетико» президенти Мигел Анхел Хил, бош мураббий Диего Симеоне ва спорт директори Андреа Берта билан учрашиб, мавсум охирида клубни тарк этмоқчилигини айтди.

Бир неча кундан сўнг биз «Барселона» ва футболчи февраль ойида махфий музокара бошлаганини, март ойида эса келишиб олганини билиб қолдик.

Бугун президент Бартомеу «Атлетико» клуби билан Гризманн бўйича музокара бошлаганини эълон қилди. Бу – рост. Ҳақиқатдан ҳам Мигел Анхел Хил «Барселона» бош директори Оскар Грау билан учрашди. Унда жаноб Грау Гризманнинг шартномасидаги товон пули 1 июлдан бошлаб 200 миллион евродан 120 миллион еврога пасайгани туфайли, бу тўловни кечиктиришни талаб қилди.

«Атлетико» бунга рад жавобини берди. Чунки «Барселона» ва футболчи бу хатти-ҳаракатлари билан «Атлетико» ва унинг мухлисларини ҳурмат қилмаслиги ойдинлашди.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда, «Атлетико» бугун футболчига, унинг синглиси ва агентига, шунингдек адвокатига расман мурожаат қилиб, амалдаги шартнома бандларига мувофиқ, якшанба куни клуб қароргоҳига етиб келишини талаб қилди. Энди Гризманн бошқа футболчилар қатори мавсумолди тайёргарлигини бошлаши шарт.

Бу баёнот орқали «Атлетико» ҳар иккала томоннинг, айниқса «Барселона»нинг хатти-ҳаракатларидан жирканишини маълум қилади. «Барселона» мавсум давом этаётган пайтда футболчини «Атлетико» билан шартномани бекор қилишга ундаган. Бу вақтда эса «Атлетико» нафақат ЕЧЛ доирасида «Ювентус» билан баҳслашаётган, балки Ла Лига доирасида «Барселона» билан чемпионлик учун курашаётганди. 

Бизнингча, «Барселона»нинг бу иши шартномага эга футболчилар билан музокара ўтказиш ва спорт мусобақалари яхлитлигини таъминловчи асосий қоидаларга зиддир, шунингдек «Атлетико» ва унинг мухлисларига зарар етказувчи ҳолатдир», – дейилади «Атлетико» баёнотида.

• Сўнгги йилларда «Барселона»нинг трансферлар бўйича музокаралари кўплаб саволларни туғдирмоқда. Шундай трансферлардан бирига 2018 йилнинг ёзида клубга қўшиб олинган Малкомнинг трансферини келтириш мумкин. Ўшанда «Бордо» бразилиялик футболчиси «Рома»га трансфер бўлгани ҳақида эълон қилганди, италиялик мухлислар футболчини кутиб олиш учун Рим аэропортига йиғилганди, аммо оғзаки келишувга эришилганига қарамай бу трансфер кутилмаганда барбод бўлади: сўнгги лаҳзаларда каталонлар футболчини илиб кетишади. 

«Мен «Бордо» президенти ва Малкомнинг агентига қўнғироқ қилиб, «Рома» «Барселона»дан кўпроқ пул тўлашга тайёрлигини айтдим. Улар расмий қоғоз жўнатишни сўрашди. Соат 23:00да биз сўралган ҳужжатларни жўнатдик, улар менга барчаси яхши бўлса сешанба куни Малком Римга учишини айтишди. 

Малком ва «Бордо» президенти билан учрашувдан ҳайратга тушдим. Улар янада яхшиланган янги шартнома кутишаётганди. Чунки, «Барселона» бизнинг келишувни йўққа чиқариш учун ҳаракатларини давом эттирганди. Мен уларга бу ҳаддан ошиш эканини айтдим. Биз музокараларни тўхтатдик, чунки бу аукционга айланиб кетганди», – деганди ўша вақтда «Рома» спорт директори бўлган Мончи. 

• «Атлетико» ва «Барселона» ўртасида юзага келган зиддият Гризманнинг трансферини боши берк кўчага киритиб қўйди, ҳолбуки бир неча кун аввал барчаси ҳал бўлгандек кўринаётганди. Marca нашрининг ёзишича, «Барселона» франциялик футболчига 5 йиллик шартнома таклиф қилмоқчи, унга кўра футболчи жами 105 млн евро ишлаб олиши мумкин: биринчи ва иккинчи йилларда – 18 миллион евродан, учинчи йилда – 21, тўртинчи йилда – 23, бешинчи йилда эса – 25 миллион евро.

Бу шуни кўрсатадики, Гризманнинг йиллик маоши миқдори 21 млн еврога тенг бўлади – бу унинг «Атлетико»даги йиллик маоши билан бир хил.

• Француз футболчини «Барселона» футболчилари кутишмоқда. Май ойида As нашри Месси Гризманнга қўнғироқ қилиб, уни Каталонияга ўтишга кўндиргани ҳақида ёзганди, шу ҳафтада эса Рафинья жамоага келиши мумкин бўлган футболчилар ҳақида гапирди: «Умид қиламанки, Неймар қайтади. У ажойиб футболчи, у «Барселона»да жуда зўр ўйнаганди. Мен ҳеч қачон Месси-Неймар-Суарес учлигидан кучли учлик кўрмаганман, бу шунчаки фантастика эди. Мен яна умид қиламанки, Гризманн ҳам бизнинг сафимизга қўшилади». 

• El Mundo Deportivo эса ушбу форвард тақдимоти ўтказиладиган кун ҳақида ҳам ёзган: унга кўра «Барселона» уни 11 июль куни – жамоа таътилдан қайтиши арафасида таништиришни режалаштирган. Лекин энди байрам қолдириладиган кўринади. 

Каталония ва Гризманнинг ўзи қандай изоҳ беришини кутиш керак. Бу воқеалардан кейин футболчи «Атлетико»да ўйнаб кетиши қийин.

Гризманн Мадридда
Жаҳон чемпиони ва Европа вице-чемпиони бўлмиш бу футболчи «Атлетико»га 2014 йилда «Реал Сосьедад»дан келганди. Ўтган беш йил давомида Гризманн «матрасчилар» сафида жами 257 ўйинда майдонга тушиб, 133 гол урган. У жамоа билан Европа Лигаси-2017/18, Испания Суперкубоги-2014 ва УЕФА Суперкубоги-2018 турнирларида ғолиб чиққан, шунингдек 2015/16 йилги мавсумда Чемпионлар лигаси финалига чиққан.

Мавзуга оид