Ўзбекистон | 10:23 / 06.07.2019
8424
2 дақиқада ўқилади

Бош вазир қабулхоналари тадбиркорларни ҳар куни 4 соат давомида қабул қиладиган бўлди

Фото: ЎзА

Ҳукумат қарори билан бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш бўйича бир қатор низомлар тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Булар:

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти тўғрисидаги;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари тўғрисидаги;

Туманлар ва шаҳарлардаги Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари тўғрисидаги.

Бош вазир қабулхонаси томонидан мурожаатларни қабул қилишнинг белгиланган тартибига кўра, қабул жадвали асосида Ишчи гуруҳ томонидан бош вазир қабулхоналарида тадбиркорлар ҳамда чет эллик инвесторларни қабул қилиш ҳар куни соат 9.00 дан 13.00 гача амалга оширилади.

Соат 14.00 дан 18.00 гача куннинг биринчи қисмида келиб тушган мурожаатларни умумлаштириш, рўйхатга олиш, ягона порталга киритиш ва бошқа функционал вазифалар амалга оширилади.

Бош вазир қабулхонасида мурожаатлар оғзаки, ёзма ва электрон шаклда шахсан ёки почта алоқа воситаси орқали қабул қилинади.

Тадбиркорлар ва чет эллик инвесторлар шахсан мурожаат қилган тақдирда бош вазир қабулхонасида навбат бўйича тартиб рақамини олади ва кутиш учун ажратилган жойда ходимнинг чақиришини кутади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид