Ўзбекистон | 08:50 / 08.07.2019
4711
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЕХҲТ Ипак йўлини қўллаб-қувватлаш гуруҳига қўшилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегацияси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Парламент Ассамблеясининг Люксембургда бўлиб ўтган ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлида барқарор ривожланишга кўмаклашиш ва бу йўналишда парламентлар ролини ошириш масалаларига бағишланган 28-йиллик сессияси ишида иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, ЕХҲТ ПА 28-сессиясининг биринчи куни ялпи мажлисда Ассамблея раиси Георгий Церетели ўз нутқида хавфсизлик, тараққиёт, демократия, атроф муҳитни ҳимоя қилиш, аҳоли турмушини яхшилаш, сифатли давлат бошқарувини таъминлаш масалаларини илгари суришда қонун чиқарувчилар алоҳида ўрин тутишини таъкидлаган.

Фото: senat.uz

Ўзбекистон делегацияси тегишли қўмиталар ишида иштирок этиш билан бирга Ипак йўлини қўллаб-қувватлаш гуруҳи мажлисида ҳам қатнашди. 2017 йилда таъсис этилган мазкур Қўллаб-қувватлаш гуруҳида ЕХҲТнинг 24та иштирокчи мамлакати борлигини қайд этиш лозим. Гуруҳнинг асосий вазифаси транспорт йўлакларини ривожлантиришга, савдо ва ташув тартиб-таомилларини соддалаштиришга, шахслар, товарлар ва хизматлар эркин ва хавфсиз ҳаракатланишига кўмаклашишдир. Тадбир якунлари бўйича Ўзбекистоннинг Ипак йўлини қўллаб-қувватлаш гуруҳига қўшилгани эълон қилинди.

Республиканинг ушбу гуруҳга қўшилиши транспорт-логистика инфратузилмасини, шунингдек муҳим савдо йўналишлари бўйлаб жойлашган мамлакатларнинг иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга қаратилган жараёнларни қонунлар чиқариш билан қўллаб-қувватлаш учун салоҳият ва имкониятларни анча кенгайтириш имконини бериши қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси парламент делегациясининг ушбу Гуруҳ фаолиятига қўшилгани мамлакатимизнинг транспорт-логистика салоҳиятини оширишга, халқаро ва минтақавий ўзаро алоқаларни таъминлашга оид вазифаларни ҳал қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларининг мантиқий давоми бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил май ойида “Бир макон, бир йўл” халқаро форумидаги нутқида Ипак йўлидаги ташаббусларнинг рўёбга чиқарилиши минтақани ривожлантиришнинг муҳим омили ҳисобланади, деб таъкидлаган эди.

Сессия доирасида Ўзбекистон делегацияси ЕХҲТ ПА Доимий қўмитасининг мажлисида ҳам иштирок этди. Унинг якунлари бўйича Парламент Ассамблеяси Бош котиби Роберто Монтелланинг ваколатлари муддати узайтирилди.

Парламент аъзолари учта умумий қўмита аъзолари таркибини тасдиқлади, 2019-2020 йилларга мўлжалланган ЕХҲТ ПА бюджетини қабул қилди ва 29-йиллик сессияси ўтказиладиган жой – Ванкувер шаҳри (Канада) белгиланди. 

Мавзуга оид