Ўзбекистон | 23:26 / 09.07.2019
34751
6 дақиқада ўқилади

Абитуриент-2019. Навбатлар ва тиқилинчлар давом этмоқда. ДТМ вазият бўйича изоҳ берди

Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасаларида кун ўтган сайин қабул жараёни ўзининг қизғин палласига кирмоқда. Ҳужжат топширувчи абитуриентлар сони эса кундан-кунга ошиб бормоқда.

Яқинда сайтимиз орқали «Қабул–2019. Навбатлар ва тўлов кассалари» сарлавҳали мақоламизда Тошкентдаги бир қанча ОТМларда қабул жараёнининг бориши, киритилган янгиликлар, ҳужжат топширишга ва тўлов кассаларига узун навбатлар ҳақида сўз юритган эдик. Шундан сўнг қабул жараёнига масъул ташкилотлар томонидан юзага келган муаммо бартараф этилишига умид қилган эдик. Аммо…

Таҳририятимизга бутун республика бўйлаб қабул жараёнида юзага келаётган навбатлар бўйича мурожаатлар келиши давом этмоқда. Соддалаштирилган тизим яратилганига қарамай, кутилган натижага эришилмагани сабабини билиш мақсадида яна бир бор Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида бўлдик.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Навбатлар, тиқилинчлар ва тушунмовчиликлар кўпайса кўпайган, лекин камаймаган. Қабул жараёнига масъуллар ҳам бу ҳолатдан норозиликларини билдиришди. Уларнинг эътирозича, бу тартибсизлик ва навбатлар вужудга келишига ОТМ айбдор эмас. Яъни, ОТМ томонидан қабул жараёнига етарлича шароитлар қилган. Компьютерлар ва операторлар ҳам етарли. Фақат абитуриентларнинг маълумотларини ДТМ серверига киритишда узоқ вақт узилиш кузатиляпти. Масалан, бугун эрталаб сервер 1 соатча ишлаган кейин умуман уланишнинг иложи бўлмаган. Бунинг натижасида эса соат 8:00да навбат олган абитуриент соат 13:00гача навбатини кутиб қоляпти. Абитуриент ва ота-оналар иссиқда қолиб кетишмоқда. Агар сервер яхши ишлаб турса навбатлар ҳосил бўлмаган бўлар эди.

Шундан сўнг ота-оналар ва абитуриентларнинг фикрлари билан қизиқдик.

«Эрталаб келганмиз. Шу иссиқда навбатга туришнинг ўзи бўлмайди. Тизим янгиланди, соддалаштирилди дегани шуми? Бизнинг ҳам бола-чақамиз бор. Одамларнинг устидан кулишми бу?» дейди ҳужжат топширишга келганлардан бири.

Ҳақиқатдан ҳам ҳаво ҳарорати жуда иссиқ кунда бу навбатларга одамнинг асаби дош бериши қийин. Республиканинг кўплаб ОТМларида худди шундай вазият кузатилмоқда. Масъуллар вилоятлардан юборилган, тиқилинч ва навбатлар туширилган суратларни ҳам кўрсатишди. Буларга сабаб қилиб эса ДТМ маркази сервер эрталаб 1 соатча ишлагани, шундан сўнг алоқа умуман узилгани айтилмоқда.

Муаммо-сервер ишламаслигида

Бир қатор саволлар туғилди. Ҳужжат топшириш охирлашгани сайин абитуриентлар сони янада кўпаяди. Бу табиий ҳол.

ДТМ маркази етарлича техника базаси билан таъминланганми? Сервердаги узилиш ва қотиб қолишларга сабаб нима? Шу ва бошқа саволлар билан ДТМ маркази эшигини тақиллатдик.

ДТМ тест синовларини дастурий техник таъминот бўлими бошлиғи Улуғбек Норалиев ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.

«Хабарингиз бор, бу йилдан абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтказилмоқда. Онлайн ташкил этилган қабул жараёни давомида дастурда баъзи узилишлар содир бўлди. Лекин шу заҳоти бу камчиликлар бартараф этилган. Қабул онлайн ташкил этилгани, бундан ташқари Давлат хизматлари агентлиги ҳам айнан мана шу дастур орқали ҳужжатларни рўйхатдан ўтказаётгани, бунинг натижасида 4500 нафардан ортиқ оператор билан ишлаяпмиз. Таққослаш учун, аввалги йилларда операторлар сони 1500-1800 нафар бўлган. Яна бир сабаб эса абитуриентларнинг асосий қисми қабул ҳафтасининг охирги кунларида ҳужжат топширишидир. Бугун кун ярмигача 40 мингдан ортиқ абитуриент рўйхатдан ўтди. Куннинг қолган қисмида яна шунча абитуриент рўйхатдан ўтказилишини прогноз қилиб турибмиз. Эртадан эса абитуриентларни рўйхатдан ўтказишни кунига 100 минг нафардан режа қиляпмиз. Бу ҳам абитуриентлар учун ноқулайликлар келтириб чиқаряпти. Навбатлар муаммосидан хабаримиз бор. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан бу масала устида иш олиб боряпмиз. Қабул соатларини узайтириш ва охирги абитуриентгача ишлашни режалаштиряпмиз. Бу йилдан дастурга баъзи бир ўзгартиришлар киритилган. Олдинги йиллари ҳам ушбу дастур ишлаган, лекин бироз бошқача бўлган. Яъни, абитуриентдан ҳужжат олиш жараёни дастурга киритиш билан боғлиқ бўлмаган. Бундан ташқари, бу йилдан ушбу дастур Ички ишлар вазирлигининг паспорт тизимига бевосита уланган. Бу йилдан тўлов жорий қилинган бўлиб, банклараро тизим ҳам бизнинг дастурга уланган. Демак, бизнинг дастур бир вақтнинг ўзида учта марказ билан боғланган ҳолда ишламоқда. Бунинг натижасида тўхталишлар кузатиляпти, лекин узилишлар бўлгани йўқ. Бу йил абитуриентлар сони 1 миллиондан ортиқ бўлиши прогноз қилинган. Шунга яраша техника ва тармоқ ускуналари харид қилинган. Лекин бу биринчи йил бўлгани учун муаммолар кузатилмоқда, қолаверса, бизнинг тармоқ бир вақтнинг ўзида бошқа марказлар билан уланган ҳолда ишлаяпти. Ҳозирда Ахборот вазирлиги ходимлари ва UzTelecom ходимларини жалб қилганмиз. Юзага келган муаммодан хабаримиз бор. Узилишлар ва қотиб қолишлар тез соатларда бартараф этилишига ваъда берамиз», дейди техник таъминот бўлими бошлиғи.

Демак, ДТМ маркази ҳам юзага келган муаммодан хабардор. Улар муаммони бартараф қилиш мумкинлигини, бунинг учун барча шароитлар етарли эканини айтишмоқда. Ваъда олинди. Муаммо бартараф қилинишига умид билдириб қоламиз. Чунки қабул жараёнидаги ҳолат абитуриентларга тест синовларидан олдин салбий таъсир ўтказиши ҳам мумкин. Айниқса, ёз ўртасида кузатилаётган ҳаво ҳарорати ҳисобга олинса.

Kun.uz қабул жараёнларидаги ҳолатларни республика кесимида кузатишда давом этади.

Раҳматилло Исроилов

Мавзуга оид