Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Омбудсман: Кубатин суд адолатли ўтишини кутмоқда, унинг яшаш шароити қониқарли
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев Kun.uz'га эксклюзив интервью бериб, унда айрим масалалар юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирди.
—Баъзида журналист ёки блогер ҳибсга олингани ҳақида шов-шувлар тарқалмоқда. Масалан, Андрей Кубатин ҳибсдалигида опасининг шикоятлари ёки яна бир блогернинг бошқа тахаллусдаги мақолалари учун қамалганлиги каби ҳолатлар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Шу ўринда табиий савол пайдо бўлади: Омбудсман қайси ҳолатларда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади? Унинг ҳимоя механизми қандай ишлайди?
—Биринчи навбатда, биз айнан фуқароларнинг мурожаати билан ишлаймиз. Агар фуқаро бизга мурожаат қилса, биз, албатта, у билан шуғулланамиз. Лекин биз фуқаро қанақа мавзуда мурожаат қилишидан қатъи назар, унинг ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлиб кетишига йўл қўймаймиз. Сабаби қонунчилигимизга кўра, мурожаат қилган фуқаронинг шахсий ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши ва жамоатчиликка эълон қилинмаслиги керак деган масала бор.
Иккинчи тарафдан эса биз мурожаат қилингандан кейин қонунда белгиланган тартиб бўйича ўз таъсир чораларимизни кўрамиз.
Бироқ, айтайлик, ҳолат жиноят билан боғлиқ бўлса ёки суд жараёни кетаётган бўлса, Омбудсманнинг бу жараёнга аралашишга ҳаққи йўқ. Ва бу тўғри. Чунки тергов жараёнига халақит бермаслик қонунда кўрсатиб ўтилган. Биз судгача бўлган вақтда фуқаронинг соғлиги, унга тазйиқ ўтказилмаслиги ҳимояси билан шуғулланамиз. Бироқ терговга аралашиш омбудсманнинг ваколати эмас. Суд жараёни ҳам худди шундай.
Шундай бўлса-да, ҳозир кўпчиликнинг фикрига таяниб янги амалиётни қўллаяпмиз. Унга кўра, суднинг адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида вакилимиз кузатувчи сифатида судда иштирок этишни бошлади.
Мониторинг қилиш жараёнида ҳам ҳар бир шахснинг яшаш шароити, ишлаш, овқатланиш соғлиги билан боғлиқ ҳолатларни ўрганамиз. Агар ҳуқуқ бузилиш ҳолатларини кўрсак, албатта, ўз таъсир чорамизни кўрамиз.

Масалан, Кубатиннинг шахсан ўзи билан учрашиб, ҳолатни ўрганганимизда у шароитдан қониқаётганлигини ва фақат суднинг адолатли ўтишини кутаётганини билдирган. Таъкидлаганимдек, судга аралашишга ҳаққимиз йўқ. Фуқаронинг сақланиш шароитини назоратга олиш эса бизнинг зиммамизда.
Ўйлайманки, инсонларнинг шахсий ҳуқуқи, тақдирини интернетда овоза қилиб, бунинг ортидан бонус йиғиш этикага тўғри келмайди. Шу жиҳатдан биз ўрганилган ўта муаммоли вазиятларни ўз ҳисоботимизда акс эттириб борамиз ва Олий Мажлиснинг ҳар икки палатасига топширамиз. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси, Прокуратура, Ички ишлар вазирлиги каби ҳамма тегишли ташкилотларга ҳам ҳисобот етказилади.
Айримлари бўйича эса ўрганишларимиз натижасининг маълум тарафларини ижтимоий тармоқлар ва ОАВларда ҳам ёритиб бормоқдамиз. Нафақат мурожаатлар, балки қонунга мувофиқ ўз ташаббусимиз билан ҳам ўрганиш ишларини олиб боришимиз мумкин. Масалан, жазони ўташ муассасаларида яқинда ўтказилган мониторинг ҳам айнан ташаббус билан амалга оширилган.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
Маълумот учун, 1984 йили Тошкент вилоятида туғилган турколог-олим Андрей Кубатин Жиноят кодексининг 157-моддасида («давлатга хоинлик қилиш») назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланиб, 2017 йили 11 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган.
«Жиноят кодексининг 157-моддасидан («давлатга хоинлик қилиш») кўпинча нотўғри мақсадларда фойдаланишган. Масалан, турколог тадқиқотчи Андрей Кубатин иши бунга мисол бўлса, бундан ташқари айрим ҳарбийлар ҳам шу айблов билан қамалиб кетди», — дея таъкидлаган Human Rights Watch ташкилоти вакили Стив Свердлов Kun.uz билан суҳбатда. Унинг қайд этишича, Кубатин иши сингари бошқа масалаларда ҳам профессионал тергов ташкил этилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Кубатинга нисбатан эълон қилинган суд ҳукмига кўра, у чет эл фуқаросига маълум пул эвазига гўёки Ўзбекистон Давлат архиви ва Шарқшунослик институтида сақланган электрон китобларни сотган. Андрейнинг яқинлари, хусусан турмуш ўртоғи Феруза Жуманиёзова ва Клара Сахарова айбловни инкор этиб, тергов ва суд жараёнлари шаффоф ўтмаганини иддао қилади.
Алишер Рўзиохунов
Мавзуга оид
12:17 / 26.03.2025
Пискентдаги колонияда асоссиз интизомий бўлинмага киритиб қўйилган маҳкум Омбудсманга шикоят қилди. Унинг танасида лат ейиш аломатлари аниқланган
20:36 / 18.03.2025
2024 йил Ўзбекистонда Омбудсманга қилинган мурожаатлар сони 23 мингдан ортиб кетди
17:35 / 18.11.2024
Ўзбекистонда омбудсман тўғрисидаги қонун қабул қилинди
17:32 / 05.03.2024