Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бу йил стажли ўқитувчилар ҳам бошқа абитуриентлар каби имтиҳон топширади
Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг 2019 йил 4 июлдаги 1-сон баёнига кўра, иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларнинг сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат асосида қабул қилиниши тартиби белгиланиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан эълон қилинган эди.
Унга кўра, фуқаро комиссия томонидан тасдиқланган рўйхатдаги тегишли идора ва вазирлик ёки йирик хўжалик бирлашмаларидан бирининг ходими бўлса, иш жойидан берилган тавсиянома асосида ўқишга ҳужжат топширади.
Ва шундан сўнг суҳбат-имтиҳондан ўтиб, ситрқи таълим олишни хоҳласа 5 йил, агар кечки таълим шаклини маъқул кўрса 4 йил муддат давомида табақалаштирилган тўлов-шартнома асосида ўқийди.
Шартнома пули эса ўзи ишлаб турган ташкилот томонидан тўлаб берилиши зарур.
Ушбу тартиб асосида ҳужжат топшириш ишлари 20 июлгача давом этиши, суҳбат эса 10 августдан 20 августгача бўлган муддатда ўтказилиши кўзда тутилган.
Республикада жами 33та ташкилот ходимлари суҳбат асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланган бир пайтда бунга энг кўп талаб бўлган йўналиш – Халқ таълими вазирлиги тизимидаги ходимларга енгиллик берилмаган.
Матбуот анжуманларидан бирида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг ўзи бу тизимда ишлаётганлар малакасига тўхталиб ўтиб, қарийб 60 минг нафар ўқитувчи олий маълумотга эга эмаслиги ҳақида айтиб ўтган эди.
Ваҳоланки, бу йил шунча ўрта-махсус педагог махсус тавсиянома билан суҳбат асосида ўқишга қабул қилиниш имконига эга бўла олмади.
Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотга кўра эса, 2030 йилгача вазирликда ишлаётган барча педагогларнинг олий маълумотли бўлишига эришишга ҳаракат қилинмоқда.
Бу ниманинг ҳисобидан амалга оширилади?
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, жорий йил айнан педагог кадрлар тайёрловчи ОТМларда қабул квоталари сезиларли даражада ўсган. 5 йиллик стажга эга бўлган ўқитувчилар ҳам барча абитуриентлар каби кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакли учун ҳужжат топширган. Синов ҳам ҳамма билан тенг шароитда йўналишга қараб тест ёки ижодий имтиҳон тарзида ўтказилади.
Шунингдек, таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан 2019 йил 4 июлда «2019/2020 ўқув йилида республика олий таълим муассасалари бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрларидан давлат гранти асосидаги қабул доирасида халқ таълими соҳасида олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун мақсадли қабул кўрсаткичлари» тасдиқланган. Бу билан олис, чекка ва тоғли ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактаблари учун педагог кадрларни давлат гранти асосида ўқитиш кўзда тутилган.
«Республиканинг деярли барча педагогикага ихтисослашган ОТМлари мақсадли қабул асосида ҳам талабаларни қабул қилмоқда. Ўқитувчилар мана шу мавжуд имкониятларнинг биридан фойдаланиши мумкин», дея тушунтириш берди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати.