Ўзбекистон | 08:47 / 16.07.2019
19936
7 дақиқада ўқилади

Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди 

Фото: Игорь Подгорный

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати, Миллий гвардия, Божхона органларининг ҳайвонларни махсус хизматлар учун тайёрлаши, ўргатиши, тарбия қилиши ҳамда фойдаланиши уларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш сифатида қаралмайди.

Мазкур қонун фаолиятнинг қуйидаги шаклларига қўлланилади:

чорвачилик, шу жумладан наслчиликни ўз ичига олган чорвачилик;

Давлат табиий қўриқхоналари ва бошқа муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларда ҳайвонлар билан муносабатда бўлиш;

ов, овчилик хўжалиги, балиқчилик;

уй ҳайвонларини сақлаш ва улар билан наслчилик ишлари;

цирк, ҳайвонот боғи, кўргазма ва бошқа кўргазмали тадбирларда ҳайвонлардан фойдаланиш;

спорт, дам олиш ва инсонларнинг ҳордиқ чиқаришида ҳайвонлардан фойдаланиш;

илмий-тадқиқот ва ўқув мақсадларида, синовдан ўтказишда ҳайвонлардан фойдаланиш;

ишлаб чиқариш, шу жумладан биологик препаратларни ишлаб чиқаришда ҳайвонлардан фойдаланиш;

ҳайвонларга таъсир кўрсатувчи фаолиятнинг бошқа шакллари.

Мазкур қонун мулкчилик шакли ва уларга нисбатан бошқа мулкий ҳуқуқлардан қатъий назар ҳайвонлар билан муносабатларга қўлланилади.

Ҳайвонлар билан муомала қилиш қуйидаги тамойилларга асосланади:

ҳайвонлар билан шафқатсиз муносабатда бўлиш ахлоқ ва инсонийлик талабларига зид бўлиб, инсонга маънавий зарар етказувчи бўлиб хизмат қилади;

ҳайвонларнинг биологик, тур ва ўзига хос хусусиятларига мос келувчи ҳаёт шароитларини таъминлаш;

ҳайвонларга бўлган мулкий ва бошқа моддий ҳуқуқлар улар билан шафқатсиз муносабатда бўлганда мазкур қонунга мувофиқ тугатилиши мумкин;

ҳайвонларни ўлдиришнинг шафқатсиз усулларини тақиқлаш;

ҳайвонлар билан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик;

атроф муҳит ҳамда ҳайвонларнинг ўзига зарар етказиш мақсадисиз уй ҳайвонларини сақлаш ва улар билан муносабатда бўлиш.

Ҳайвонлар билан шафқатсиз муносабат тарғиботи, улар билан шафқатсиз муносабатга чақирувлар, шунингдек мактабгача, умумий ўрта, касб ҳунар ва олий таълим тизимида ов тарғиботи таъқиқланади.

Ҳайвонлар билан шафқатсиз муносабатни намойиш қилувчи материаллардан кўнгилочар ва тижорат мақсадларда фойдаланиш мумкин эмас.

Ҳайвонларга нисбатан инсоний муносабатда бўлиш фуқароларнинг маданий, ахлоқий ва экологик тарбиясининг муҳим қисми бўлиб, фуқароларнинг маданияти ва экологик-ахлоқий онгининг юқори даражасини шакллантиришни кўзда тутади.

Ҳайвонларга нисбатан инсоний муносабатни шакллантириш мактабгача таълим, умумий ўрта, касб ҳунар ва олий таълим тизимидаги ўқув муассасаларида ҳайвонларга нисбатан экологик этика ва инсоний муносабат тўғрисида курсларни ўқитиш йўли билан таъминланади.

Ҳайвонларни сақлаш шароитлари уларнинг биологик, тур ва ўзига хос хусусиятларига мос келиши керак.

Ҳайвонларни сақлаш шароитлари уларнинг сув, овқат, уйқу, ҳаракат, ўзига ўхшаш ҳайвонлар билан алоқа қила олиш, табиий фаоллик ва бошқа эҳтиёжларга бўлган талабларини қаноатлантириши керак.

Сақланадиган ҳайвонлар миқдори мазкур қонун талабларига мувофиқ уларни сақлаш имконияти билан чегараланади.

Ҳайвонларни сақлаш жойи ветеринария-санитария меъёрларига мувофиқ, ҳарорат ва намлик даражасига риоя этилган, табиий ёритиш, ҳаво алмашиш тизимининг мавжудлиги ва ҳайвонларнинг табиий муҳит билан алоқасини таъминлаган бўлиши керак.

Болалар муассасаларида ҳайвонларни сақлаш мазкур Қонун талабларига мувофиқ ҳайвонларни доимий парваришлаш шароити бўлганда, йўл қўйилади.

Ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлашга уларнинг биологик, тур ва ўзига хос хусусиятларига мос келувчи шароитлар яратилганда йўл қўйилади.

Ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлашга экология органлари томонидан берилган рухсатнома асосида рухсат этилади.

Ёввойи ҳайвонларни тутқунликда рухсатномасиз сақлашга фақат жароҳатланган ҳайвонни вақтинчалик сақлашда йўл қўйилади.

Инсонлар томонидан анъанавий тарзда тутқунликда сақланадиган майда ёввойи ҳайвонларни мазкур қонун талабларига мувофиқ сақлаш шароитлари таъминланган тақдирда сақлашга рухсат этилади.

Уй ҳайвонларини сақловчи шахслар қуйидагиларга мажбур:

мазкур Қонун талабларига мувофиқ, уй ҳайвонларининг биологик, тур ва ўзига хос хусусиятларига мос келувчи зарур шароитларни яратиш;

уй ҳайвонлари сақланадиган яшаш биноларида санитария-гигиена ва ветеринария-санитария меъёрларига ҳамда бирга яшашнинг меъёрларига риоя қилиш.

Уй ҳайвонларини сақлаш қоидалари ўрнатилган тартибга кўра белгиланади.

Уй ҳайвонларини сақловчи шахс уларни доимий сақлаш жойидан ташқарида ҳам у билан бирга бўлиш (сайр қилдириш) ҳуқуқига эга.

Уй ҳайвонларини 14 ёшдан катта бўлган шахслар белгиланган тартибда бирга олиб юриши (сайр қилдириш) мумкин.

Ҳайвонларни кузатувчи шахс:

атрофдаги инсонлар ва ҳайвонларнинг, шунингдек уй ҳайвонлари томонидан мулкка зарар етказилиши хавфсизлигини;

кузатувдаги уй ҳайвонининг хавфсизлигини;

уй ҳайвонларини транспорт йўллари яқинида олиб юриш ва йўлларни кесиб ўтишда бевосита назорат қилиш йўли билан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаши шарт.

Уй ҳайвонларини кузатишда уларни қаровсиз қолдиришга йўл қўйилмайди.

Уй ҳайвонларини – бир нечта оила яшайдиган хонадонларда сақлашга хонадоннинг барча аъзолари ва қўшниларининг ёзма розилиги билан рухсат этилади.

Уй ҳайвонларини умумий фойдаланиш жойларида сақлашга рухсат берилмайди:

уй ҳайвонларини – болалар боғчаси, таълим, илмий, санатория-курорт ва соғломлаштириш муассасалари зообурчакларида – тегишли органнинг давлат санитария-эпидемиология ва ветеринария хизмати органлари билан келишган ҳолдаги рухсатномаси билан;

уй ҳайвонлари – боғланган ҳолда ёки боғлиқсиз эркин сайр қилдиришда атрофи ўралган ҳудуд, бинода;

қўриқлаш учун – жиҳозланган биноларда ёки боғланган ҳолда;

тадқиқот мақсадлари учун – қафасда, биологик клиника (вивария) ёки ҳайвонхоналарда (питомник);

ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан оператив фойдаланиш вақтида махсус аҳамиятдаги итлар, шунингдек, ов вақтидаги итлар, ўқув майдончаларидаги итларни тумшуқбоғсиз ва етовсиз олиб юришга рухсат этилади.

Уй ҳайвонларини сақловчи жисмоний ва юридик шахслар мазкур Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, санитария-гигиена ва ветеринария меъёр ҳамда қоидалари талабларга риоя қилишлари, бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймасликлари, инсонлар ҳамда ҳайвонларга хавф туғдирмасликлари шарт.

Мавзуга оид