Жамият | 17:30 / 16.07.2019
52874
7 дақиқада ўқилади

Сўздан сўзнинг фарқи бор. Элмира Боситхонова бозорда ишловчи аёллар бўйича нима деганди ва нима деган бўлиб чиқди?

«Гарчи ижтимоий тармоқларда айтилаётган ноҳақ ҳақорат ва таҳқирлар фарзандларим, яқинларим дилига жудаям оғир ботаётган бўлса-да, мен бу ҳолатга матбуот орқали изоҳ бермоқчи эмасман. Лекин, юртимиздаги бирор бир аёлни кимдир ноҳақ таҳқирласа, ҳақорат қилса, унинг ҳимояси учун матбуот орқали қайта-қайта изоҳ беришга тайёрман. Шунингдек, бировнинг шахсий фикрини ўзгартириш осон кечадиган ҳолат эмас. Қолаверса, қўмита раддиясида менинг муносабатим аниқ ва равшан очиб берилган».

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова бозордаги сотувчи аёллар ҳақидаги сўзлари юзасидан муносабат билдириб, ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга ойдинлик киритмоқчи бўлди. Унинг фикри тўғри талқин қилинмай, мазмундан узиб олинган алоҳида жумлалар янглиш тушунча пайдо бўлишига сабаб бўлаётганини билдирган Боситхонова матбуот орқали изоҳ бермаса-да, қўмита раддияси билан чекланишини изҳор этган.

Хўш, муҳокамали хабар қандай пайдо бўлди? Аслида, ҳолат қандай бўлган? Нима учун одамлар айтилган гаплардан шунчалар ғазабланишди?

Аввало, муҳокама предмети сифатида кўтарилган «маънавият», «маърифат» сўзлари, унинг жамиятда ишлатилишига эътибор қаратиш лозим. Бу сўзлар одамларни жунбишга келтирди, чунки ўтган йиллар давомида маънавиятни сохта талқин қилиш оқибатида инсонларда «маънавият»га нисбатан «аллергия» пайдо бўлган. Одамлар сохта тарғибот ва важлардан чарчаган.

Энди Боситхонованинг «маънавият» сўзини қандай ишлатгани ва бу журналист ҳамда блогерлар томонидан қандай қабул қилинганини таҳлил қилиб чиқиш лозим. 11 июлда (ўша куннинг ўзида) анжуманда янграган мулоҳозалар тўғрисида «Бозорчи аёлларда маърифат йўқ, маънавият йўқ. У бозорчи» мавзусида хабар эълон қилинди. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда Боситхонова овози ёзиб олинган аудио тарқалди ва бу ҳолат «дарё янада пишқириб оқиши»га туртки бўлди. Лекин аудиоёзув тўлиғича, умумий мазмунни сақлаб қолган ҳолда эмас, бир парчасигина тарқатилди. Тўлиқ аудиода қандай гаплар айтилгани эса ҳеч кимга қизиқ бўлмади.

Қўмита сайтда чиққан хабарда ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга раддия билдирилганди, аммо бу гапларга энди ҳеч ким ишонмаслиги кундай равшан.

Ташкилот ва идоралар ахборот хизматлари шаффоф ишламай, ахборотни мунтазам яшириб келиши, зиддиятли вазиятларда биринчи манба сифатида изоҳ бериб, баёнот билан чиқмаслиги, қолаверса хабар тарқатувчи айрим блогерларнинг фактчекинг борасида «дангаса» экани Хотин-қизлар қўмитаси раиси билан юз берган ҳолатда ўз аксини топди.

Шунга қарамай, Элмира Боситхонова бозорда меҳнат қилаётган аёлларга бўлган муносабат ҳақида гапирар экан, уларга нисбатан қилинаётган тазйиқлар ҳақида гапирганини тан олиш керак. Тадбир мавзуси хотин-қизлар зўравонлигига барҳам бериш ва унинг олдини олишда қўмита томонидан бажарилаётган ишлар ҳақида эди. Анжуманда «Ўзбекистон 24» телеканали мухбири томонидан аёлларга нисбатан оилада, ишда кўрсатилаётган зўравонликни камайтириш учун қўмита қанақа ишларни олиб боряпти, деган мазмунда савол берилганди. Боситхонова саволга жавоб бераркан, мисол сифатида, бозорда ишлайдиган аёллар унинг олдига арз қилиб келгани воқеасини сўзлаб берди. Қўмита раисининг айтишича, аёллар ўзларига қаратилган хақоратомуз сўзларга барҳам беришда ёрдам кўрсатилишини сўраган.

Қўмита раиси хат билан амалий ёрдам сўраб, масалага юзаки қарашдан воз кечгани, ваколатидан келиб чиқиб, чора-тадбирлар амалга оширганини айтиб ўтди. Аёллар билан суҳбат давомида уларнинг муаммоларини тушунишга ҳаракат қилган ваколатли амалдор сифатида бозорларда маънавият хоналари, кутубхона ташкил қилиш, радиоузатгичда Зулфияхоним ижоди ва ҳадислардан намуналар ўқиб бериш амалиёти жорий этилиши ижобий натижа бериши мумкинлиги ҳақида гапирган. Шу орада Боситхонова ўз сўзида «бозорчи аёлларда маърифат йўқ, манавият йўқ. У - бозорчи», деган фикрни келтирди. Сайтда ҳам шу сўзлар айнан келтирилган, лекин тадбирда айтилган гап билан хабар оҳанги икки хил маънода янграган.

Қўмита раиси бу сўзларни нега айтганди? У одамларнинг худди шу фикрини ўз тилидан гапирди. Аслида, бу гаплар Боситхонованинг эмас, жамиятдаги айрим одамларнинг муносабатини акс эттирган. Шу сабаб ҳам ўша аёлларга бозор ходимлари (бозорқўм, паттачи) зулм ўтказяпти. Халқ орасида бозорда ишлайдиган аёлларга нисбатан стереотипни ўзгартириш учун қўмита фаоллик билан ҳаракат қилиши лозимлиги йиғилишда таъкидланди.

Яна бир жиҳатга аҳамият бериш лозим: айрим нашрлар ва телеграм каналларда (1, 2, 3) ёзилишича, тадбир давомида бозорда ишлайдиган аёлларга муносиб иш ўринлари яратиш, шунингдек, муҳтож аёлларга уй-жой берилиш масаласи кўтарилмагани танқид қилинган. Кўплаб журналист ва блогерлар шу каби долзарб муаммоларни ечишга кўпроқ аҳамият бериш кераклигини таъкидлашган.

Журналист Баҳодирхон Элибоев эса турли танқидларни бир ҳолат билан жўяли таққослай олди. Унинг баён қилишича, Боситхонованинг бозор ҳудудида кутубхона ташкил этиш ғоясини танқид қилганлар, аслида, Риштон тумани деҳқон бозори ичида фаолият юритган, халқ орасида Дима Қаюм тахаллуси билан машҳур, тадбиркор Дилшод Болтабоевнинг Халқ кутубхонаси учун курашганди. Кутубхона бир неча марта бузилиш хавфида қолганда Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов ҳам баёнотлар билан чиққан. Кенг жамоатчилик Дима Қаюмнинг фаолиятини оқлаб, уни қўллаб-қувватлаганди. Эндиликда Боситхонованинг гаплари ножўя кўриниб, унинг фикрлари танқидга учрамоқда. Бундай акс хулоса, яна маънавиятни қандай англаш хусусида, деб тахмин қилиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, жамият ҳаётига тааллуқли ҳар бир масалага масъуллар ҳамда халқ билан ҳукумат ўртасида воситачи бўлган тўртинчи ҳокимият вакиллари эҳтиёткорона муносабатда бўлишлари лозим. Бугун ахборот маконида кичик ва арзимас бўлиб туюлган маълумот бутун бошли жамият фикрини тизгиндан чиқариб юбориш қудратига эга. Шундай аянчли ҳодисалар содир бўлмаслиги учун масъуллар аудиторияга шов-шувли эмас, мулоҳазали ва таҳлилий хабарлар тақдим этишлари керак.    

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид