Ўзбекистон | 19:10 / 18.07.2019
54923
2 дақиқада ўқилади

«Менинг фикрим» порталига жамоат транспортлари ойналарини қорайтириш тўғрисидаги петиция жойланди 

«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталига жамоат транспортлари ойналарини қорайтириш тўғрисидаги петиция жойланди.

«Ҳаммамизга маълумки, юртимиз қуёшли ўлка. Бу ҳолат, айниқса, ёз мавсумида ҳарорат 40 даражадан ошган вақтларда автобуслардаги кондиционерларнинг совутиш функцияси ишламай қолганда жуда сезилади. Тасаввур қилинг, одам кўп, кун иссиқ, ҳаво дим, бу ёқдан эса яна жазирама қуёш тик тушиб туради. Бу эса жамоат транспортидаги одамларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Кўнгил айниши, хушсизланиш каби ҳолатларга сабаб бўлади. Бундан ташқари, баъзида тиғиз вақтда автобусда ўтириш учун бўш жой бўлса ҳам одамлар қуёш сабаб ўша бўш жойларга ўтирмайди. Бу эса ортиқча тиқилинчни юзага келтиради. Ҳамма автобусларга кондиционер қўйиш ёки уларни янгиларга алмаштириш эса кўп маблағ ва вақт талаб қилади», дейилади унда.

Петицияда қайд этилишича, амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларининг 74-бандида «Барча транспорт воситаларида олд, ён ва орқа томондаги ойналарнинг ёруғлик ўтказиши камида 70 фоизни ташкил этиши керак»лиги белгиланган. Шу сабабли юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, петиция муаллифи жамоат транспортлари, хусусан, автобус ва бошқа йўналишли транспорт воситалари ойналарининг ёруғлик ўтказишини камида 50 ёки 60 фоизгача сўндиришни таклиф қилмоқда. 

Аввалроқ Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзолари автомобиль ойналарини қорайтириш масаласи бўйича ўз таклифларини ишлаб чиққани хабар қилинганди.

Мавзуга оид