Юлий Юсупов янги таклиф бўйича: «Сизлар аҳоли саломатлиги ҳақида эмас, балки коррупциялашган божхоначилар чўнтаги ҳақида қайғуряпсиз»
Таниқли иқтисодчи Юлий Юсупов Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мамлакатга қатор озиқ-овқат маҳсулотлари импортини тақиқлаш бўйича янги ташаббусига изоҳ берди. Бу ҳақда у Facebook’даги саҳифасида пост қолдирди.
Эслатиб ўтамиз, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинган ҳужжат лойиҳасига кўра, республика ҳудудига олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларнинг яроқлилик муддати умумий яроқлилик муддатининг 80 фоизидан кам бўлган тақдирда ҳамда маҳсулотларга тегишли ҳужжатлар тўплами тўлиқ тақдим этилмаслиги, шунингдек ўтказилган лаборатория таҳлилларининг салбий натижалари санитария-эпидемиологик хулоса беришни рад этиш учун асос ҳисобланади.
«Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюк протекционистик урушга қўшилди. Яроқлилик муддати умумий яроқлилик муддатининг 80 фоизидан кам бўлган тақдирда озиқ-овқат маҳсулотларини мамлакатга олиб киришни тақиқлаш таклиф қилинмоқда. Шунингдек, агар халқаро аккредитациядан ўтган лаборатория мажмуалари томонидан сертификатланмаган бўлса, озиқ-овқат маҳсулотларини олиб киришни тақиқлаш режалаштирилмоқда. Буларнинг бари бизнинг саломатлик учун ғамхўрлик шиори остида қилиняпти», - деб ёзади Юсупов.
«Ҳурматли Соғлиқни сақлаш вазирлиги, катта раҳмат, лекин озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш, шу жумладан, яроқлилик муддати ва сифат стандартларига жавоб бериши масаласини ўзим ҳал қилишга ўрганганман. Сизлар эса божхона ходимлари мен учун қарор қабул қилишларини истаяпсиз. Импорт маҳсулотлар халқаро аккредитациядан ўтган лаборатория комплекслари томонидан сертификатланиши, маҳаллийсига эса бу шарт эмаслиги ҳақидаги қарорингиз мен учун тушунарсиз», - дея таъкидлаб ўтди у.
Унинг сўзларига кўра, бу ҳолда ҳамма нарсани ўз номи билан аташ керак: вазирлик аҳоли саломатлиги ҳақида эмас, балки коррупциялашган божхоначилар чўнтаги ҳақида қайғурмоқда, айнан уларда пора учун қўшимча имконият пайдо бўлади. Шунингдек, адолатли рақобат шароитида ишлашга қодир бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари манфаатлари ўйлангани айтилади.
«Ҳурматли амалдорлар, шуни тушунингки, иқтисодиётда нафақат вақти-вақти билан сизнинг эътиборингизни жалб қилувчи алоҳида «маҳаллий ишлаб чиқарувчилар» манфаати, балки: а) бутун иқтисодиётнинг манфаатлари (унинг ривожланиши учун протекционизм эмас, балки рақобат керак); б) 33 миллион истеъмолчининг манфаати бор. Мен бу ерда маълум бир номутаносибликни ҳис қиляпман», - дея қайд этди иқтисодчи.
Унинг қўшимча қилишича, кўплаб вазирликлар (энди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам), идоралар, саноат уюшмалари ва бошқа «концернлар», депутатлар, баъзи ишлаб чиқарувчилар танланган ишлаб чиқарувчилар манфаати учун ғайрат билан ишламоқда. Бизда ким иқтисодий ривожланиш ва 33 млн истеъмолчи манфаатларини ҳимоя қиляпти? Ташкилот ёки муассаса номини айта оласизми?
«Балки, ўз халқи ва фарзандлари ҳамда набиралари келажаги билан жанг қилишни тўхтатиш керакдир? Тинчликка эришармиз ёки, ҳеч бўлмаса, сулҳ тузармиз?» - дея хулоса қилган у.
Мавзуга оид
11:31 / 18.11.2024
Хитой Ўзбекистонда озиқ-овқат ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш масаласини кўриб чиқяпти
13:41 / 02.11.2024
Тошкент вилоятида болалар учун берилган озиқ-овқатни боғчадан олиб кетаётган мудира ушланди
17:13 / 01.11.2024
Президент бозорларда нархларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар кўришни буюрди
10:59 / 20.10.2024