Жамият | 17:20 / 21.07.2019
91603
7 дақиқада ўқилади

«Интернетда тарқалгани кўпроқ зарба берди». Сирдарёлик пичоқланган шифокор билан аслида нима бўлган эди?

Инсон саломатлиги. Бу бизга берилган бир омонат аслида. Бу омонатни асраб-авайлашимизда кўмакдош бўлишни шифокорлар ўз зиммасига олишган. Бу соҳанинг айрим ўз касбига нолойиқ бўлган вакиллари жамоатчилик томонидан кўп марта танқид қилинган. Лекин сўнгги вақтларда шифокорларга бўлаётган тажовузлар ҳақидаги кўплаб хабарлар ҳўл-у қуруқ баравар ёнаётганини кўрсатмоқда.

Видео: Youtube

Хабарингиз бор, бир неча кун муқаддам Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳрида реанимация шифокорларига пичоқ билан жароҳат етказилди. Жабрланувчиларга ҳаёт учун хавфли жароҳат етмаган ва уларга тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Лекин масаланинг жиддий тарафи бу эмас аслида. Бу жамиятда авж олаётган янги хавфни кўрсатиб берди. Ижодий гуруҳимиз билан ушбу ҳолатни яқиндан ўрганиш мақсадида Гулистон шаҳрида бўлдик.

«Мен тасодифан жанжалга қўшилиб қолдим»

Даставвал, жиддийроқ жароҳат олган, Гулистон шаҳри кўз касалликлари шифохонасида даволанаётган Абдурасул Бўроновдан ҳол сўраб у билан суҳбатда бўлдик.

Абдурасул Бўронов

«Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилоят филиали вилоят кўп тармоқли болалар шифохонаси биносидан вақтинча фойдаланаётган эди. Уларнинг беморида реанимация ҳолатидан сўнг биологик ўлим ҳолати кузатилган. Отаси пичоқ билан ташланиб қолган. Менга ҳамширалар айтиб қолишди. Чиқиб қарасам шу ҳолат. У ерда ҳамширалар ва ёш болалар бор. Бунақа вақтда бир чеккада қараб тура олмайсиз-ку? Йигит кишимиз, ахир. Бир неча кишини сўйиб қўймаслиги учун бориб ажратиш керак эди. Пичоқ билан ташланаётган шахсга қаршилик қилдим. 5 дақиқаларча олишдик. Кейин пичоқ кўзимнинг олдига кириб кетди. У бўлса қочиб қолди. Ўша вазиятда бошқа бирор жойимга санчилса, тирик қолишим қийин бўларди.

Очиғини айтаман, ота-онанинг ҳолатини тушундим. Бунга жиддий эътибор бермадим. Лекин эртаси куни бу ҳолат интернетга чиқиб кетгани менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Икки кун давомида на овқат едим, на ухладим. Руҳиятга жуда ёмон таъсир қилар экан. Пичоқдан ҳам шу оғир ботди. Бир дардимга ўн дард қўшилди.

Сўнгги вақтларда шифокорларга қилинган тажовузлар - маънавиятсизликдир. Ҳаётда шундай касалликлар борки, улар яхшилик билан тугамайди. Бу фанда ҳам исботланган. Шифокорлар ҳамма ёрдамни беришса ҳам касаллик ўз ҳукмини кўрсатади. Бундай ишлар инсонийликка зид ҳолатлар. Биз куни билан ишлаб уйга қайтамиз. Бир ой ишлаб ойлигимизни оиламизга олиб борамиз. Бу ойликнинг тагида қанча заҳмат ётибди. Ҳар куни кўплаб беморларни кўрамиз. Ҳар хил инсонлар келади. Уларнинг баъзилари негадир тушунишни хоҳлашмайди. Кўп нарса талаб қилишади. Лекин шифокор сеҳргар эмас. Ота-оналар эса кўп нарсалар талаб қилишади. Кўплаб ота-оналарнинг фарзандига эътибори, ғамхўрлиги кам. Вақтида олиб келишмайди, кўрикдан ўтиб туришмайди, шифокор ёзиб берган дориларни ичиришмайди. Энг охирги босқичда олиб келишади ва шифокордан талаб қилишади. 1996 йилдан бери тиббиёт соҳасида ишлайман. 2000 йилдан бери реанимацияда шифокорман. Шундай вақтлар бўлганки, 7 кунлаб ётиб қолиб ишлаганмиз. У вақтларда телефонлар йўқ эди. Онам хавотир олиб ишхонагача келган. Шу меҳнатларимиз эвазига ҳурмат орттирдик.

Лекин шу интернетда тарқалган хабар туфайли кўпчилик томонидан салбий фикр уйғонмоқда. «Фалончи бир беморига қарамабди, у нобуд бўлибди ва ота-онаси пичоқлаб қўйибди», дейишяпти. Мен бунда халқни айбламайман. Улар ўқигани бўйича фикр қиляпти. Мен ўшани хабарини берган мутасаддиларни айблайман. Вазирликка ҳам кимдир шундай хабар берган-ку? Яна кимдир, «Абдурасул қочиб қолмабди-да» дейишяпти. Мен нимага қочаман? Наҳот жамият шу даражага етиб келди. Бирор хавф бўлса, дарров қочиб қолиш керакми?

Ҳеч ким аслида нима бўлганини сўрамади. Тўғри, вазир Алишер Шодмонов ҳол-авҳол сўраб кўнглимни кўтарди. У кишининг назоратида бўлдим. Айни вақтда жароҳатимдан ҳам руҳий зарба таъсири ёмонроқ бўлди», дейди жароҳат олган шифокор.

Жароҳат олган шифокорнинг соғлиғи ҳақида ҳозирда уни даволаётган шифокори, шифохонанинг микрожарроҳлик бўлими мудири Комилжон Ҳолйигитовдан сўрадик.

Комилжон Ҳолйигитов

«Бемор оғир ҳолатда етказиб келинди. Пешона соҳасида кесилган ҳолатда эди. Операция жараёни келиши биланоқ бошланди. Операция жараёнида ревизия ўтказилиб текширилганда кўз олмаси конюктиваси бутунлиги аниқланди. Тепа қош соҳасини текширганимизда томирлари кесилган, орбита ёғ тўқималари чиқиб кетгани маълум бўлди. Ҳозирги кунда аҳволи яхши. Кўз олмаси бутун. Конюктива қилган жойларимизда, қош соҳасида чоклар қўйилди. Кўз атрофида ҳаракатлар яхши. Асаб толаларга жиддий зарар етмаган. Ҳолати яхши, лекин шифокор назоратида бўлиши керак», дейди кўз шифокори.

Энди ҳолат келиб чиқишида бевосита иштирок этган иккинчи жабрланувчи Рўзимов Асқар билан суҳбатлашиш ва воқеа содир бўлган жойни ўз кўзимиз билан кўриш учун Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилоят филиалининг вақтинча фойдаланилаётган биносига йўл олдик. Бизга ушбу жабрланувчи-шифокор ҳолатни батафсил тушунтириб берди. Беморнинг ота-онаси фарзандининг вафоти ёмон таъсир қилгани, кўчага чиқиб келганидан сўнг пичоқ билан тажовуз қилган ҳолатни кўрсатиб берди.

Рўзимов Асқар

Экспертиза хулосаси кутилмоқда

Ушбу ҳолат юзасидан иш олиб бораётган терговчи, Гулистон шаҳар Ички ишлар органларини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими катта терговчиси Аббос Ҳазратқулов сўзлаб берди.

«Бу иш бўйича терговга қадар текшириш олиб борилмоқда. Натижаси бўйича якуний хулоса берилади. Тан жароҳати етказилгани бўйича хабар келгани туфайли 2019 йил 10 июль куни соат 14:35да жойига бориб ўргандик. Борганимизда Ф. исмли шахс тан жароҳати етказиш бўйича гумонланаётганини аниқладик. У қизининг вафотини эшитиб жазавага тушиб шифокорларга тан жароҳати етказган. Бу бўйича кўздан кечириш ўтказдик. Шифокорларнинг тан жароҳати бўйича тиббий экспертиза тайинлаганмиз. Экспертиза хулосасига қараб якуний қарор қабул қиламиз. Ҳозирча шуни кутяпмиз», дейди терговчи.

Ҳар қандай жамиятни шифокорлик касби эгаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Соғлиғимизда бирор муаммо бўлса айнан шу соҳа вакиллари асқотади. Шу сабабли, бу касб эгалари касбига виждонан ёндашиши, биз эса уларнинг бу фидойиликларини етарлича қадрлашимиз тўғри бўларди.

Вафот этган беморнинг оила-аъзоларига таҳририятимиз номидан чуқур таъзия изҳор этамиз.

Мавзуга оид