Спорт | 11:20 / 21.07.2019
40196
2 дақиқада ўқилади

Пакьяо 40 ёшида чемпионлик камарини қўлга киритди

21 июлга ўтар кечаси АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтган бокс оқшомида филиппинлик 40 ёшли Мэнни Пакьяо америкалик 30 ёшли енгилмас боксчи Кит Турманга (29-1, 22 КО) қарши жангга чиқди. 

Ушбу жанг профессионал бокснинг ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифасида WBA Super чемпионлик камари учун ташкил этилди.

12 раундга мўлжалланган жангнинг биринчи раундида Пакьяо Турманни нокдаун ҳолатига туширди.

Иккинчи раундда ҳам филиппинлик боксчи зарбалар сериясини намойиш этди. Аммо Турман ўзига келди ва жангнинг иккинчи қисмида устунликни қўлга олди ва бир неча раундда устун келди.

Пакьяо эса жанг охирида фаоллик кўрсатиб, ғалабани ўз томонига оғдира олди ва ҳакамлар қарорига кўра ғолиб деб топилди.

Ҳакамларнинг икки нафари ғалабани филиппинлик боксчига берди (115-112, 115-112), учинчи ҳакам Кит Турман ғалаба қозонган деб ҳисоблади (114-113).

Шу тариқа, Мэнни Пакьяо 40 ёшида (бу унинг 62-ғалабаси бўлди) WBA Super чемпионлик камарини қўлга киритди. Бу у сиёсий фаолияти учун танаффус қилиб рингга қайтганидан кейин қаторасига учинчи ғалаба бўлди.

Бу жанг эвазига Пакьяо 10 миллион доллар миқдорида гонорар олади, жангдан олдин Пакьяонинг фаолиятига нуқта қўйишни ваъда қилган Турманга эса натижа қандай бўлишидан қатъи назар 2,5 миллион доллар миқдоридаги гонорар кафолатланганди.

Мавзуга оид