Спорт | 22:31 / 21.07.2019
30995
6 дақиқада ўқилади

«Зиданга уят». Бэйл «Реал»га керак эмас

Гарет Бэйл ва «Реал» ўртасида «совуқ уруш» давом этмоқда: Зидан уэльслик футболчи клубга керакмаслиги ҳақида очиқ гапирди.

«Бэйл тез орада кетишига умид қиламиз, бу ҳамма учун яхши бўлади. Гаретга қарши ҳеч қандай шахсий адоватим йўқ, лекин шундай вақтлар бўладики, ниманидир ўзгартириш керак. Мен қарор қабул қилишим керак, ўзгармасак бўлмайди. Трансфер – бу мураббийнинг ҳамда вазиятни тушуниб турган футболчининг қароридир. 24 соатдан кейинми ёки 48 соат ичида, уни билмадим, аммо вазият ўзгаради. Ҳамма томон учун шуниси яхши», – деди мураббий жамоа мавсумолди йиғинини ўтказаётган Монреалдаги матбуот анжумани вақтида.

Футболчининг агенти Жонатан Баррет эса франциялик мутахассиснинг сўзларига кескин муносабат билдирди. «Зидан — шарманда. У «Реал» учун жуда кўп иш қилган инсонга ҳурматсизлик қилди. Агар бу трансфер амалга ошса ҳам, бу футболчининг хоҳиши ва манфаатлари эвазига бўлади, бу асло Зиданга боғлиқ эмаслиги аниқ. Биз бу иш устида ишлаяпмиз», деди у.

Ҳаммаси қачон бошланганди?
Баҳорда жамоага қайтгач Зидан Бэйлни икки марта ўйинга заявка қилмади, мавсумнинг охирги турида эса футболчи 90 дақиқа давомида захира ўриндиғида ўтирди. Аниқки, футболчини бундай ҳолат ранжитди: ҳакам ҳуштаги янграши билан жамоанинг барча футболчилари мухлислар қаршисига миннатдорчилик учун боришганида у намойишкорона тарзда кийим алмаштириш хонасига йўл олди ва ҳеч кимга чурқ этмади.

Гарет ОАВ вакиллари билан гаплашмади, ўйиндан кейин Radioestadio нашри у гўёки кийим алмаштириш хонасида жамоадошларига айтган сўзларни келтирди: «Менинг 3 йиллик шартномам қолган. Агар улар мен кетишимни исташса, улар менга ҳар мавсум учун 17 миллион евродан тўлашлари керак. Агар бундай қилишмаса мен шу ерда қоламан ва гольф ўйнайман».

Зидан эса бошқача фикрда эди. У ўзи жамоада кўришни истаган футболчилари рўйхатини тузган ва бу футболчилар трансфери учун 300 миллионга яқин маблағ сарфланиши кўзда тутилган, бунинг учун эса жамоа 200 миллион еврога яқин маблағга футболчи сотиши талаб этиларди. Бэйл Зиданнинг «кетувчилар рўйхати»да биринчи рақамда эди.

«Ҳа, бизнинг ғоямиз кейинги мавсумга кучли ҳужум чизиғи билан кириб боришга асосланган. Кўрамиз, қандай бўларкан. Менда қандай футболчиларни олиб келиш бўйича аниқ тушунча бор. Аммо менда трансферлар устидан тўлиқ назорат йўқ. Мен мураббийман, клубда эса жиддий ҳокимият институти бор - президент ва бошқа муҳим шахслар. Аммо биз барча ишни биргаликда қиламиз», деганди мураббий ёз бошида.

Ўшандаёқ Зидан Бэйлдан қутулиш ва унга ўринбосар олиб келиш пайига тушганди. Аммо 2022 йилгача шартномага эга бўлган Гарет ҳам, унинг агенти ҳам музокаралар столига ўтирмади. Мураббий футболчини Монреалдаги йиғингача сотишга улгуришни истаганди, аммо жиддий таклифлар йўқлиги ва Бэйлнинг ўзи оёқ тираб олиши вазиятни қийинлаштирди. У 30 ёшда ва жароҳатларга мойил, шундай экан унга Мадриддаги каби маошни бошқа клуб бериши даргумонлигини ўзи ҳам яхши тушуниб туради.

Вазият ҳозир қандай тус олди?
Биринчидан, Бэйлнинг трансфер нархи ўтган йилгига қараганда 30 миллион еврога камайди - уни ҳозир 60 миллион еврога баҳолашмоқда. Иккинчидан, Бэйл ва унинг агенти Баррет клуб уни текинга қўйиб юборишини сўрашмоқда.

«Реал» эса ўз навбатида Бэйлни «МЮ» 170 миллион еврога баҳолаган Погбанинг трансферига қўшишни истамоқда. Аммо айни вақтда музокаралар боши берк кўчага кириб қолган, чунки клуб президенти Флорентино Перес Зидандан Бэйлни жамоада ўйнатишни сўраган.

Бэйлнинг келажаги учун қандай вариантлар бор?
«Тоттенҳэм». Лондон клуби Бэйлни қайтариш учун 60 миллион евро тўлашга тайёр. Аммо бу вариантда футболчи маошининг ярмини мадридликлар тўлаши талаб этилади. «Реал» эса футболчисини сотганидан кейин унга йилига 8,5 миллион евро тўлаб юришга рози эмас.

«Манчестер Юнайтед». Metro маълумотига кўра, «Реал» манчестерликларга Погба учун 80 миллион евро ва Иско ёки Бэйлдан бирини олишни таклиф қилмоқда. Аммо «МЮ»ни бу вариант қизиқтирмаяпти ва улар француз футболчисини таркибда сақлаб қолмоқчи. Лекин Погбанинг агенти Мино Райола бир неча марта мижози учун янги жамоа ахтараётгани ҳақида очиқ гапирди.

Хитой. Номи ҳеч қаерда айтилмаган номаълум жамоа Бэйл учун ойига 1,3 миллион евролик маош таклиф қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Лекин Хитойдаги клуб футболчини текинга қўлга киритишни истайди, табиийки мадридликларни бундай келишув қаноатлантирмайди.

«Интер». Италияликлар Бэйлни «Реал»дан ижарага олмоқчилиги ва бу борада музокаралар бошлангани тўғрисида ҳам миш-мишлар юрибди, аммо ҳозирча ҳеч ким бу ҳақда очиқ гапирмади.

«ПСЖ». Сўнгги хабарларга кўра вазиятга парижликлар ҳам аралашди. The Independent нашри тарқатган хабарга кўра, икки клуб Неймарни Мадридга Гарет Бэйл ва қўшимча тўлов эвазига трансфер қилиш эҳтимолини муҳокама қилишган.

Клуб раҳбарияти вакиллари билан муносабатларига дарз кетган бразилиялик футболчи «ПСЖ»ни тарк этишни истамоқда, бу вазиятда «қаймоқранглилар» мураббийлар штаби режаларига кирмаган 30 ёшли футболчи учун Франция пойтахтида омадини синаб кўриш имконияти пайдо бўлиши мумкин.

Мавзуга оид