Ўзбекистон | 18:45 / 24.07.2019
4298
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон журналистларига ҳуқуқий ёрдам берадиган клиника очилди

Ўзбекистонда журналистларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга хизмат қилувчи яна бир лойиҳа иш бошлади. «Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази» - ЗЖРМ (MJDC) нодавлат нотижорат ташкилоти Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида мазкур Ҳуқуқий клиникага асос солди, деб хабар қилади Kun.uz мухбири.

Хўш, мазкур клиникага кимлар, нима мақсадда ташриф буюришлари мумкин ва уларга қандай хизмат кўрсатилади?

MJDC директори Саида Сулаймонованинг сўзларига кўра, клиника қуйидаги йўналишларда оғзаки маслаҳатлар беради:

•  ОАВ тўғрисидаги қонунчилик, шу жумладан рўйхатга олиш, муваққат тўхтатиш, ОАВ фаолиятини тўхтатиш, аккредитация ва журналистикага оид бошқа масалалар;
•  Журналистларнинг касбий фаолияти, уларнинг касбий этикасини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик;
•  Интеллектуал мулк ҳуқуқи;
•  Ахборот олиш эркинлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари (умумий фойдаланишдаги ва фойдаланиши чекланган маълумотлар);
•  Диффамация масалаларига оид қонунчилик.

Клиника юристи Илҳом Ҳамидовнинг алоҳида таъкидлашича, мазкур Ҳуқуқий клиника ёрдам бера олмайдиган жиҳатлар ҳам бор. Хусусан, клиника журналистлар манфаатларини судларда ҳимоя қилмайди, ҳужжатлар (хатлар, шартномалар, эътирозлар, даъво ва бошқа турдаги баёнотлар, оилавий можаролар ва шу кабилар учун) тайёрламайди. Бундан ташқари, телефон орқали ҳуқуқий маслаҳат ҳам берилмайди. 

Брифингда қайд этилганидек, Клиника ҳуқуқий маслаҳатлари фақат олдиндан рўйхатдан ўтиб, шахсий қабулга келганларга, шунингдек клиниканинг сайти – www.legalclinic.uz сайтига онлайн мурожаат қилинган тақдирда мутлақо БЕПУЛ тақдим этилади. 

«Ҳуқуқий клиника журналистлар учун ОАВ ходимларини ҳимоясига кўмаклашиб, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб, ўзларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ўзлари ҳимоя қилишлари учун билим бериб, юридик ёрдам йўқлиги муаммосини ҳал қилиши керак», -дея таъкидлади ЗЖРМ нодавлат нотижорат ташкилоти директори Саида Сулаймонова. 

Маълум қилинишича, журналистларни қабул қилиш ҳафтада 6 кун соат 15-00дан 18-00гача Тошкент шаҳри, Ш.Рашидов кўчаси, 16-уй манзилидаги «Пойтахт» бизнес марказининг 8-қаватида, 807А хонасида бўлиб ўтади. 

Мазкур лойиҳа 9 ойга, 2019 йил июнь-2020 йил февраль ойиларида давом этади. Бироқ, Саида Сулаймонованинг айтишича, бу муддат тугагач, Буюк Британия элчихонаси ташаббусини давом эттириш истагини билдирган ташкилотлар йўқ эмас. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид