Жаҳон | 01:29 / 26.07.2019
22872
2 дақиқада ўқилади

БААда ташландиқ суперкарларни топиш учун йилига 321 500 000 сўм маош берилади

Фото: HushHush

Бирлашган араб амирликларидаги HushHush компанияси Дубайга кўчиб ўтишга тайёр бўлган скаутни қидирмоқда. У қимматбаҳо суперкарларни сотиш билан шуғулланувчи компания учун шундай ташландиқ автомобилларни қидириб топиши керак. Компания бир йилга 30 минг фунт стерлинг, яъни 321 499 000 сўм маош тўлашни ваъда қилмоқда. Бундан ташқари, йўл харажатлари ва ҳар бир битимдан улуш берилади. 

БААда бир квадрат метр майдонга тўғри келувчи люкс тоифасидаги автомашиналар сони жуда юқори. Шу билан бирга, мамлакатда ташлаб кетилган бундай машиналар жуда кўп. Уларнинг собиқ эгалари касодга учраганликлари ёки улкан қарзлари туфайли шошилинч тарзда ташлаб кетишган. HushHush компаниясининг бўлғуси ходими айнан шундай суперкарларни қидириб топиши ва уларни ҳукумат мусодара қилмасдан олдинроқ харид қилиши керак. 

Ходимга бўлган талаб жуда содда, у соҳада тажрибасиз бўлиши мумкин, аммо камида 21 ёшга тўлган ва ҳайдовчилик гувоҳномага эга бўлиши даркор. Суперкарларни яхши кўриш, қайси автомобиль қанчага сотилишини яхши англаш ҳамда юқори ҳаво ҳароратига чидамлилик устунлик ҳисобланади. 

Бирлашган араб амирликларида касодга учраган кишини ҳимоя қилиш ва ёрдам беришга доир қонун меъёрлари мавжуд эмас. Қарзларни тўламаслик эса, жиноят ҳисобланади ва жиддий қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Шунинг учун ҳам кўплаб касодга учраган тадбиркорлар барча мол-мулкини ташлаб, мамлакатни тарк этишга шошилади. Аксарият суперкарлар кимошди савдолари орқали сотилади, айримларини қарз эвазига ҳукумат мусодара қилади. HushHush скаути бошқаларга қараганда аввалроқ шундай машиналарни топиб, уларни харид қилиши ёки кимошди савдоларида қайта сотиш имконини берадиган даражада арзонроқ сотиб олиши талаб этилади. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид