Жамият | 23:06 / 29.07.2019
74575
3 дақиқада ўқилади

Пойтахтдаги имтиҳонларга назар: бировнинг ўрнига кириш ҳолатлари ҳамон кузатилмоқда

Бугун, 29 июль куни Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бошланди. KUN.UZ мухбирлари имтиҳон жараёнларини кузатиш мақсадида жараёнлар бўлиб ўтган жойларга боришди. Имтиҳонлар 2 сменада бўлиб ўтмоқда. Биринчи смена 8.00 дан 11.00 гача, иккинчи сменада эса 15.00 дан 18.00 га қадар давом этади.

Дастлаб, ижодий гуруҳ Халқ истеъмол товарларининг кўргазма ярмарка савдоси Республика марказида бўлди. Бу ерда абитуриентлар техника йўналиши бўйича кириш имтиҳонларини топширишаётган эди. Маълум бўлишича, 1320 нафар абитуриентдан 56 нафари имтиҳонда қатнашмаган, 2 нафар абитуриент қоидани бузганлиги учун четлаштирилган. 44 та гуруҳга бўлинган абитуриентларга жами 88 нафар назоратчи ходим бириктирилган.

Айни шу вақтда сайтимизнинг яна бир ижодий гуруҳи Мирзо Улуғбек тумани, Ниёзбек кўчасида жойлашган Олий ўқув юртлараро спорт мажмуасига – имтиҳонлар ўтаётган ҳудудга борди. Эшик олдида кўплаб абитуриентлар навбат кутиб туришарди. Ҳар бири бирма-бир текширилаётганига гувоҳи бўлдик. Олийгоҳда таҳсил олишни хоҳловчи абитуриентлар миқдори тахмин қилганимизданда кўп экан. Журналистлар учун давлат тест маркази томонидан имтиҳон бошланганидан икки соат ўтиб рухсат берилиши маълум бўлди. Эшик олдидаги ҳолатларни камераларга муҳрладик ва биз учун ажратилган вақтда бино ичига кирдик.

Залда имтиҳон топшираётган кўплаб ёшлардан ташқари, бўшаб қолган стуллар ҳам кўп эди. Биз имтиҳон ўтказилаётган залдан ташқари муҳрланган хоналар, алоҳида камералар орқали кузатувчи мутахассислар хоналарини ҳам кириб кўрдик.

Имтиҳонларнинг биринчи куни, имтиҳондаги назорат ҳақида бино назоратчилари раҳбари, Давлат тест маркази ходими Абулниёзова Ақида маълумот бериб ўтди.

«Бу ерда математика, физика, она тили ва адабиёти йўналиши бўйича абитуриентлар имтиҳон топширишмоқда. Бугун 900 нафар иштирокчи қатнашмоқда. 22 нафар абитуриент қатнашмади. 2 нафари бировнинг ўрнига кирганлиги аниқланди. Улар икки жойдаги текширув воситаларимизда аниқланмади. Бироқ бармоқ изларидан маълум бўлди. Бино иккита оддий камера, иккита онлайн-камералар кузатуви остида. Онлайн-камералардаги видеоёзувларни test2019.uz сайти орқали тўғридан-тўғри кўриш мумкин. Ҳар бир гуруҳда иккитадан назорат қилувчи ходим мавжуд. Шунга қарамасдан, абитуриентлар томонидан уяли алоқа воситасидан фойдаланиш ҳолати кузатилди ва имтиҳондан четлаштирилди. «Шпаргалка»лар топилмади. Агар абитуриент бинога олиб кирса ҳам, ундан фойдаланишга имконият йўқ», - дейди давлат тест маркази вакили.

Бакалавриат босқичининг кундузги, сиртқи ва кечки шакли учун тест синовлари 10 августгача ўтказилади.

Мавзуга оид