Ўзбекистон | 20:26 / 04.08.2019
68414
3 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ҳокимлиги: Хонободдаги йиғилиш ҳақида «шошилинч хабарнома» сурати сохта

Андижон вилояти ҳокимлиги бугун, 4 август куни ҳоким Шуҳрат Абдураҳмонов имзоси билан тарқалган, Хонобод шаҳридаги қурилиш штабида йиғилиш ўтказилиши тўғрисидаги «Шошилинч хабарнома» сурати ҳақиқий эмаслигини маълум қилди.

«Вилоят ҳокимлигидаги ҳар бир хужжат, жойларга ижро учун юборилишидан олдин, рўйхатга олиниб, махсус дафтарга қайд этиб борилади. Бироқ мақолада кўрсатиб ўтилган  «Хабарнома» ҳокимлик томонидан рўйхатга олинмаган ва қайд этиш дафтарчасида мавжуд эмас.

Айнан 4 август куни Хонобод шаҳрида ҳеч қандай йиғилиш бўлиб ўтмаган, ҳеч қандай ҳашарчилар келиб мажбурий меҳнатга жалб этилмаган. Вилоят ҳокимлиги, ижтимоий тармоқларда тарқаган «Хабарнома»да вилоят ҳокими имзоси билан берилган хабарларни ёлғон деб билади ва бутунлай инкор этади», – дейилади расмий билдиришда.

Таъкидланишича, айни вақтда ҳақиқатан ҳам Хонобод шаҳрида 38 гектар майдонда бир вақтнинг ўзида 3 минг нафар мижозни қабул қилиш имкониятига эга 1000та дала-ҳовли, очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари, миллий чойхона ва замонавий ресторанлар, спорт майдонлари – умуман, дам олиш учун барча шароитларга эга туристик зонани барпо этиш учун қурилиш ишлари ва ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида электр энергияси, ичимлик суви, табиий газ трубаларини тортиш каби кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

«Ҳозирги кунда Хонтоғ ҳудудида қурилаётган 2 сотихдан иборат дала-ҳовлилар Андижон вилояти ҳудудидаги қурувчи ташкилотлар, тадбиркорлар ва ишбилармонларга ўз маблағлари эвазига, ўзлари истагидаги лойиҳалар асосида қуриш учун ер участкалари Хонобод шаҳар ҳокимлиги томонидан ажратиб берилган. Шу боис мазкур қурилиш ишларига ҳеч қандай корхона ташкилот ва бюджет ташкилотлари ходимлари жалб этилмаган», – дея қайд этилган расмий ахборотда.

Андижон вилояти ҳокимлиги Хонобод шаҳридаги қурилиш ишлари билан танишиш истагини билдирган барча ОАВ ходимларини, интернет журналистлари ва блогерларни Хонобод шаҳрига келиб қурилиш жараёнлари билан танишишга таклиф қилган ва яқин кунларда бу ердаги бунёдкорлик ишларини кенг оммага ёйиш мақсадида пресс-тур ташкил қилинишини билдирган.

Мавзуга оид