Андижонда 30 минг доллар билан қўлга тушган судя иши бўйича маълумот берилди
Олий суд томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, Жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар судининг раиси бошқа суд томонидан тайинланган жазо муддатини камайтиришни ваъда қилиб, пул олган вақтида ушланган.

Иллюстратив фото
Андижонда 30 минг доллар билан ушланган Жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар судининг раисига нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Олий суд пленуми мажлисида бош прокурорнинг жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар судининг раиси Ю.Э.ни Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди ва 28, 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми «а» банди билан жиноий жавобгарликка тортиш ва унга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги тақдимномаси кўриб чиқилиб, розилик берилган.
Тақдимномага кўра, жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар судининг раиси Ю.Э. муқаддам бошқа суд томонидан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазо муддатини камайтиришни ваъда қилиб, судланган шахснинг онасидан 30 минг доллар миқдордаги пулларни олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда ушланган.
«Олий суд томонидан суд органларида коррупцияга қарши курашиш, тизимни нопок кадрлардан тозалаш борасида барча зарур саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Судялар олий кенгаши Ю.Э.ни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилиб, унинг судялик ваколати тўхтатилганини маълум қилганди. Шу билан бирга, кенгаш тергов сири ва айбсизлик презумпцияси талабларидан келиб чиқиб, бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаслигини, ижтимоий тармоқлардаги аксарият манбаларда тарқатилаётган шу мавзудаги хабарлар бўрттирилгани таъкидлаганди.
Мавзуга оид

13:59 / 30.04.2025
Тошкентда маст ҳолатда машина олиб қочгани айтилган судя лавозимидан озод қилинди

11:55 / 21.04.2025
Тошкентда судя маст ҳолатда машина олиб қочгани айтилмоқда

17:55 / 01.04.2025
Наманганнинг “Ибратли судя”си хавфли рецидивист фоҳишахона сақловчини озод қилди

09:22 / 19.03.2025