Жамият | 15:47 / 05.08.2019
26134
6 дақиқада ўқилади

Гараждаги стартап: Нанотехнология кучини инновацияга айлантираётган лаборатория

Дунёдаги энг йирик интернет дўкон ─ Amazon, мультипликацион маҳсулотлари билан бутун дунё болалари қалбини забт этган ─ Disney, бир кунда миллионлаб одамлар фойдаланадиган қидирув тизими ─ Google ва нанотехнологияни инновацияга айлантираётган ─ Lotus engineering. Уларни нима боғлаб туришини биласизми? Уларнинг барчаси ўз фаолиятини оддийгина гаражда бошлаган. Amazon, Disney ва Google аллақачон муваффақиятга эришган. Lotus engineering ҳам ҳали ўз йўли аввалида бўлишига қарамай, фойдали лойиҳаларни амалга оширишга улгурди.

Lotus engineering ─ Европанинг қай бир бурчагида эмас, ўзимизнинг Тошкентда жойлашган лабораториянинг номи. У шунчаки оддий тажрибалар ўтказиладиган лаборатория эмас. У ерда нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун ҳам ҳали янги бўлган йўналиш ─ нанотехнология кучидан фойдаланган ҳолда инновациялар яратилади. Энг қизиғи, у қачонлардир машина тузатишга хизмат қилган оддий гаражда жойлашган.

Lotus engineering лойиҳаси раҳбари Амир Обидов илғор материалшунослик ва инжиниринг доктори, профессор. Жанубий Кореяда магистратура ва докторантурада таҳсил олиб, илмий ишини ёқлаган ёш олим Ўзбекистонга қайтгач, илмий фаолиятни янгича йўсинда давом эттириш ҳақида ўйлай бошлайди. 

Автомобилсозлик институтида бакалавр босқичини ўқиганим учун гаражим бўларди, машинага қизиқардим, машина тузатардим. Қарасам, гаражим бўш турибди. Ичида ҳамма керакли нарсалар бор. Шу ерда лаборатория очиш фикри туғилди. Инновацион ривожланиш вазирлигига мурожаат қилдим, туман ҳокимлиги билан биргаликда лабораторияни очишда ёрдам кўрсатишди. Ҳозир бу ерда нанотехнологиялардан фойдаланган ҳолда қизиқарли ва фойдали лойиҳаларни амалга оширяпмиз, ─ дейди Амир Обидов.

Ёш олимнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистондаги илмий тадқиқот институтлари ҳам нанотехнология билан шуғулланади, лекин асосий мақсад нанотехнологиядан инновация ярата олиш бўлиши керак.

 Энг биринчи қилган ишимиз сув ўтказмайдиган қопламаларни тайёрлаш бўлди. Бунда лотус эффектидан фойдаландик. Сув юзасида ўсадиган лотус гули бор. Унинг юзаси ҳеч қачон кир бўлмайди, устига сув тушса ҳам сувни шимиб олмайди. Бунинг сабаби ўрганилганда, гул япроқларининг юзасида сувни ушлаб турадиган нано, яъни метрнинг миллиарддан бир қисми ҳажмидаги устунчалар борлиги аниқланган. Биз ҳам шу устунчаларни сунъий йўл билан ҳосил қилдик. Уларни каттароқ, кичикроқ, зичроқ, сийракроқ қилиб мослаштириш, инжиниринг қилиш мумкин. Шунинг учун ҳам стартап лабораториямиз Lotus engineering деб номланган, ─ дейди ғоя муаллифи.

Лаборатория ташкил топганига эндигина бир йил бўлганига қарамай, бир неча лойиҳалар йўлга қўйилган.

Хусусан, сунъий равишда ҳосил қилинган наноустунчали қопламалардан тайёрланган материаллар мутлақо сув ўтказмайди. Улар ёрдамида ҳар қандай об-ҳавога чидамли бўлган палаткалар тайёрлаш, сув ҳавзаларида сувга зарар етказмаган ҳолда нефть маҳсулотларини ажратиб олиш мақсадида фойдаланиш мумкин.

Ҳар қандай турдаги вирус, бактерия, микроб, замбуруғларни тўлиқ йўқотиб берувчи стерилизатор. Бундай стерилизатор болалар ўйинчоқлари, ошхона анжомлари, тиббиёт воситалари, кийим-кечакларни тўлиқ стериллаб беришга ёрдам беради.

Ультрабинафша нурларини қайтарувчи нанокукунлар устида иш олиб борилмоқда, ундан микробга қарши қопламалар, қуёш нурини қайтарувчи кремлар, қуёш таъсирига чидамли матолар тайёрлашда фойдаланиш мумкин. Шунингдек, бу кукун нафас таркибини таҳлил қилиш орқали кишида қандай хасталиклар борлигини аниқлашга хизмат қилувчи ажойиб сенсор учун ҳам хом ашё вазифасини бажаради.

Шунингдек, Lotus engineering жамоаси ҳозирда экология муҳофазаси йўлида катта бурилиш ясайдиган лойиҳа устида иш олиб бормоқда. У махсус фильтрлар ёрдамида шаҳар кўчаларидаги машиналардан чиқаётган заҳарли газни ютиб, тоза ҳаво чиқариб беришни кўзда тутади.

Ўз стартапини муваффақиятли бошлаб олган Амир Обидов ёшларни илм-фанга қизиқтириш, стартапларни тўғри йўналтириш бўйича ўз фикрлари билан бўлишди.

Стартап нима учун керак? Стартап кичкина корхона, улар бозорни яхши тушуниши керак. Ҳар қандай корхона янгилик қилиш учун кўп ўйлайди, мажлислар қилади. Лекин бу янгилик ўзини оқламаслиги ҳам мумкин. Хитой донишманди Лао Цзининг «Жанг санъати» деган китоби бор. Унда кичик қўшиннинг катта қўшиндан ўз мобиллиги билан устунлик қилиши баён қилинган. Стартаплар ҳам шундай. Ўз мобиллиги ҳисобига улар катта корхоналарни йиқитиши ҳам мумкин. Дунё бўйича стартапларнинг 90 фоизи йиқилади, 10 фоизигина ўзини оқлаб кета олади. Мана шу 10 фоизнинг қаторида бўлиш учун стартаперлар бозорни яхши ўрганиши, бозор қонуниятларидан хабардор бўлиши, маркетингга жиддий эътибор қаратиши керак. Маҳсулот ишлаб чиқариш осон, лекин уни сота олиш масаласи ҳам бор.

Илм-фанга ёшларни жалб қилиш учун уларнинг ҳар бири билан алоҳида ишлаш керак. Коворкинг марказлари ҳам бунда яхши ёрдам беради. Шунингдек, ёшларга шахсий намуна кўрсата олиш зарур, шунда мотивация уйғонади. Фаннинг кучини, унинг ёрдамида мўъжиза қилиш мумкинлигини оддий фокуслар билан тушунтириб, уларни ҳайратга солиш лозим.

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди
Тасвирчи: Муҳаммаджон Ғаниев

Мавзуга оид