Жаҳон | 23:12 / 06.08.2019
30926
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонликлар ва Хитой компанияси ўртасида низо юз берди

Фото «Азаттыка»

Қирғизистоннинг Норин вилояти аҳолиси ҳукуматга Хитойнинг Zhong Ji Mining компанияси Султон-Сари олтин конидаги ишларни тўхтатиши ва ундан лицензиянинг қайтариб олиниши учун бир ой вақт берди.

Одамлар олтин қазиб олишга тақиқлов киритиш, Хитой компаниясидан геологик қидирув ишлари олиб бориш ва олтин қазиб олишга лицензияни қайтариб олиш ва бу лицензияни берган мансабдор шахсларни жазолашни талаб қилишган. Шунингдек, улар вилоятда майда шохли чорванинг оммавий нобуд бўлиши сабабини аниқлашни талаб қилишган.

5 августда олтин конига 300 га яқин одам келиб, Хитой компанияси ишларни тўхтатишини талаб қилган. Натижада ўзаро жанжал чиқиб, одамлар бир-бирига тошлар ота бошлаган. Вазиятга ҳуқуқ-тартибот идоралари аралашган. Хитой компаниясининг 20 ишчиси бош жароҳатлари билан шифохонага тушган.

6 августда Султон-Сарига вазиятни тартибга солиш учун махсус кучлар ва полициянинг қўшимча кучлари юборилган.

Бунгача маҳаллий аҳоли ўз чорваси ўлимида хорижий компанияни айблаб келаётганди. Ветеринар ва фитосанитар хавфсизлик бўйича давлат инспекцияси нобуд бўлган чорвада маргимуш ва нитрат изларини аниқлаган. Бироқ Султон-Саридаги сув ва тупроқ намуналарида зарарли моддалар аниқланмаган бўлса-да, Хитой компаниясига чорванинг нобуд бўлиши учун товон пули тўлаш ҳамда конда портлаш ишларини ҳафтасига 2-3 мартагача камайтириш ва бу ҳақда аҳолини олдиндан огоҳлантириш мажбурияти юкланган.

Шунга қарамай, одамлар шикоят қилишни давом эттиришган. Шунингдек, конни қирғиз компаниялари ўзлаштириши кераклиги ҳақидаги фикрлар билдирилган.

Мавзуга оид