Спорт | 09:05 / 09.08.2019
13907
3 дақиқада ўқилади

Тошкент жаҳон таэквондоси тарихидаги энг йирик флешмобга мезбонлик қилди (видео)

Тошкентда ўтаётган таэквондочи кадетлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг иккинчи куни доирасида Халқлар дўстлиги майдонида катта флешмоб бўлиб ўтди.

Тадбирда жами 2019 нафар таэквончи болалар ва Халқаро кадетлар таэквондо кўргазмавий жамоаси аъзолари қатнашиб, спортнинг бу турига хос ҳаракатлар билан кўргазмавий чиқишлар қилдилар.

Флешмобда Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чунгвон Чой ҳам бевосита қатнашди. Унга Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси президенти Шерзод Тошматов ва бошқалар ҳамроҳлик қилишди.

Тадбир доирасида ўзбекистонлик ёш таэквондочилардан 13 нафари спортда эришган ютуқлари учун махсус исм камарларини бевосита Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президентининг қўлидан қабул қилиб олишди.

Чунгвон Чой, шунингдек, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан бир гуруҳига эсдалик совғаларини улашди.

Шундан сўнг чемпионатга тайёргарлик доирасида ташкилотчилар томонидан Бухоро ва Самарқанднинг қадимий масканларида таэквондога бағишлаб суратга олинган видеороликлар катта экранда намойиш қилинди.

Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чунгвон Чой ўз сўзида мазкур тайёргарлик ишларидан катта таассурот олганини яшириб ўтирмади.

«Ассалому алайкум, – дея яна ўзбекча салом бериш билан ўз нутқини бошлади кореялик меҳмон.

– Тадбирдан жуда таъсирландим. Тошкентдек чиройли шаҳарда бундай тадбирни биринчи марта ўтказишимиз. Сизнинг таэквондога бўлган муҳаббатингиз бизга янада куч-қувват беради. Таэквондо олимпия таснифидаги спорт тури бўлиши билан бирга, биз муҳтожларга ёрдам беришни ҳам мақсад қилганмиз.

Тошкентдалигимдан жуда хурсандман. Икки кундан буён таэквондо кадетлари чемпионатини кузатиб боряпмиз. Ўзбекистон бугун илк бронза медалини қўлга киритди. Умид қиламизки, олтин ва кумуш медалларини ҳам оласизлар, мусобақа ҳали икки кун давом этади.

Тайёргарлик учун вақт жуда қисқа бўлганига қарамай, ишончим комилки, бу чемпионат жаҳон таэквондосидаги энг яхшиларидан бири бўлмоқда. Бунинг учун Бутунжаҳон таэквондо федерацияси айниқса президент Шавкат Мирзиёевга алоҳида ташаккур билдиради, мамлакат Жисмоний тарбия ва спорт вазири ҳамда Миллий олимпия қўмитасига ҳам бундай ажойиб ташкилотчилик учун миннатдорлик билдирамиз».

Дарҳақиқат, бугунги баҳсларда Ўзбекистон терма жамоасининг -33 кг вазн тоифасидаги вакили Муҳаммадамин Алиев бронза медалини қўлга киритиб, мезбонлар ҳисобига илк медални олиб берди. У британиялик, филиппинлик ва швециялик рақибларини мағлуб этиб, финал йўлидаги баҳсда украиналик тенгдошига ютқазиб қўйди.

Муҳаммадамин Алиев
Муҳаммадамин Алиев украиналик Максим Маненковга қарши

Иккинчи куни ўйналган бешта медаллар жамланмасидаги иккита олтин Эрон терма жамоаси аъзоларига насиб қилди. Шунингдек, Украина, Таиланд ва Россиядан келган таэквондочилар ҳам биттадан олтин медалга сазовор бўлдилар.

Эслатиб ўтамиз, 7 августда бошланган Жаҳон чемпионати 10 август куни якунига етади.

Мавзуга оид