Ўзбекистон | 17:25 / 13.08.2019
88173
4 дақиқада ўқилади

Юлий Юсупов ва олийгоҳ битирувчиси Ўзбекистондаги олий таълим инқирози ҳақида

Юлий Юсупов ва Жамшид Зиёхонов

Иқтисодчи Юлий Юсупов ўзининг Facebook саҳифасида Ўзбекистондаги олий таълим муаммоларига бағишланган постини эълон қилди.

Бундан ташқари, у Тошкент фармацевтика институти битирувчиси томонидан суратга олинган видеолавҳага изоҳ берди.

Аввалроқ Тошкент фармацевтика институти битирувчиси Жамшид Зиёхонов Ўзбекистондаги олий таълим аҳволи ҳақида сўз юритганди. Унинг қайд этишича, мамлакат олий таълим тизими чуқур инқирозда.

Унинг фикрича, бунга қуйидагилар сабаб бўлмоқда:

– таълим бериш сифатининг пастлиги, талабаларда зарур рағбат ҳамда уларнинг билим ва малакаларини назорат қилишнинг йўқлиги;

– фанларнинг самарасиз структураси, аудитория ишининг ҳаддан зиёд кўплиги, мустақил билим олишга куч, вақт ва рағбатнинг етишмаслиги;

– таълимнинг амалий эҳтиёжлардан узилиб қолганлиги, битирувчиларда керакли билим ва малаканинг йўқлиги;

– ўқитувчиларда зарур рағбатнинг йўқлиги, уларнинг маъносиз бюрократик ҳисоботларга кўмилиб қолганлиги.

«Биз XXI асрда, инсоният тарихидаги илмий-техникавий инқилобнинг буюк даврида, постиндустриал жамиятга ўтиш даврида яшаяпмиз. Бу жамиятда ер, фойдали қазилмалар, жамғарилган капитал эмас, балки инновациялар, ахборот, билим ва кўникма энг асосий ресурслар ҳисобланади. Зарур таълимсиз одамларга бу жамиятда иш йўқ. Ёшларимизни сифатли таълимдан маҳрум этар эканмиз, биз уларни келажакдан маҳрум қилмоқдамиз. Уят ва шармандалик», – деб ёзди Юлий Юсупов.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда таълим тизими инқирозга учрашининг асосий сабаби иккита.

Булар:

1. 1996 йилдан кейин пайдо бўлган иқтисодий моделга асосланган иқтисодиётимизнинг қотиб қолиши ва чириши. Агарда таълимга етарлича талаб бўлмаса, у ҳолда таълим тизими сифати ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди.

2. мамлакатимизда 1990-йилларда пайдо бўлган, қуйидагилардан иборат самарасиз олий таълим тизими:

- эркин фикрлайдиган ва фаол, яхши мутахассислар тайёрлашга эмас, манқурт раҳбарларнинг ҳар қандай буйруғини сўзсиз бажарадиган, ҳукуматга садоқатлиларни тайёрлашга қаратилган олий ўқув юртларини бошқаришнинг қатъий марказлаштирилган бюрократик тизими;

- олий ўқув юртларининг академик ва молиявий мустақил эмаслиги ҳамда улар ўртасида рақобатнинг йўқлиги.

«Олий таълимни ислоҳ қилиш биринчи навбатда мана шу муаммоларни ечишга қаратилиши керак. Олий ўқув юртлари мустақил бўлиши, жумладан, иқтисодий жиҳатдан ҳамда нечта талабани ўқитишга тайёрлигини ўзлари ҳал қилиши даркор. Янги ўқув муассасаларини ташкил қилиш йўлидаги ўзини оқламаган тўсиқларни олиб ташлаш керак», - дейди Юсупов.

Унинг қайд этишича, олий таълимни молиялашнинг ваучер тизимига ўтиш лозим. Бунда кириш имтиҳонларини муваффақиятли топширган абитуриент давлатникими ёки хусусийми, қайси олийгоҳда бепул ўқишни (ёки агарда грант миқдори ўқиш учун тўлов ҳақини тўлиқ қопламайдиган бўлса, қўшимча пул тўлаб) ўзи танлаши керак. 

«Буларнинг барчаси олий ўқув юртлари ва ўқитувчилар ўртасида рақобатни пайдо қилади, сифатли таълим хизматларини тақдим этиш борасида керакли рағбатни ва бу хизматларни тақдим этиш учун молиявий имкониятларни беради. Бу хизматларни олиш учун рағбатни эса фақатгина ривожланаётган иқтисодиёт бера олади. Иқтисодий ислоҳотлар давом этишига умид қиламиз», – деб хулоса қилади иқтисодчи.

Мавзуга оид