Жамият | 18:48 / 15.08.2019
11356
2 дақиқада ўқилади

Самарада заҳарланган Ўзбекистон фуқароларидан бири вафот этди

Иллюстратив фото

“Кошелевский посад” корхонасида ишлаётган чоғида “номаълум моддадан заҳарланиш” ташхиси билан касалхонага ётқизилган 69 нафар Ўзбекистон фуқаросидан бир нафари вафот этди. Бу ҳақда мамлакатимизнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига таяниб Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

“Ўзбекистон фуқароси О.С. вафот этди ва ҳозирда Бош консулхона марҳум ҳамюртимизнинг жасадини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилишда кўмак кўрсатмоқда”, дейилади хабарда.

Хабарда айтилишича, касалхонага ётқизилганларнинг 48 нафари В.Д.Середавин номидаги Самара вилояти клиник шифохонасида ва 1-сон Толятти шаҳар клиник шифохонасида бўлиб турибди. Уларнинг аҳволи барқарор-оғир деб баҳоланмоқда.

20 нафар ватандошимизга касалхонадан жавоб берилди ва улар иш жойларига қайтишди. Улар маҳаллий шифокорларнинг доимий кузатувида бўлиб турибди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳ юзага келадиган масалаларни ҳал қилиш учун россиялик ҳамкасблари билан алоқа ўрнатдилар.

Бош консулхона вазиятни доимий назоратда ушлаб турибди.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этади ҳамда Россиянинг Волгабўйи федерал округи (Бошқирдистон Республикаси, Киров вилояти, Марий Эл Республикаси, Мордовия Республикаси, Нижегород вилояти, Оренбург вилояти, Пенза вилояти, Перм ўлкаси, Самара области, Саратов области, Татаристон Республикаси, Удмуртия Республикаси, Улянов области, Чувашия Республикаси) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда мамлакатимизнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонасига +7-967-772-66-00 телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид