Жаҳон | 08:30 / 18.08.2019
82531
4 дақиқада ўқилади

Афғонистонда тўйдаги портлашда 63 киши ҳалок бўлди

Фото: AP Photo/Nishanuddin Khan

Афғонистон пойтахти Кобулдаги тўйда содир этилган портлаш оқибатида 63 киши ҳалок бўлди, 182 киши яраланди. Бу ҳақда Tolo News нашри хабар берди. Портлаш содир бўлганини Афғонистон ички ишлар вазирлиги тасдиқлаган. 
        
Портлаш маҳаллий соат билан 22:40да Кобулдаги банкет залларидан бирида юз берган. Гувоҳларнинг хабар беришича, террорчи-худкуш ўзини саҳна олдида портлатган.

Афғонистондаги тўйларда юзлаб кишилар иштирок этади ва одатга кўра аёллар ҳамда эркаклар алоҳида залларда ўтиришади.

Меҳмонлардан бири Муҳаммад Фароғ аёллар залида турганида кучли портлаш овозини эшитганини айтди. «Барча кўчага чопди, ҳамма йиғлар ва бақирар эди», дея унинг сўзларини келтирмоқда Франс пресс.

«Йигирма дақиқа давомида эркаклар залини қуюқ тутун қамраб турди. У ерда бўлганларнинг ҳаммаси ёки ҳалок бўлган ёки яраланганди. Портлашдан 2 соат вақт ўтганидан кейин ҳам у ердан жасадларни олиб чиқишаётганди», дейди у.

Қайд этиш керакки, портлаш Афғонистон учун жуда аҳамиятли бир вақтда, АҚШ ва «Толибон» 18 йиллик урушни тўхтатишга яқин турганда содир этилди.

«Толибон» ушбу терактга алоқадор эмаслигини маълум қилди.

Айни вақтда ҳеч бир гуруҳ ушбу терактни ўз зиммасига олмади. Толиблар вакили ташкилот ушбу терактни кескин қоралашини маълум қилди.

Сунний мазҳабдаги жангарилар, жумладан толиблар ва ИШИД таъсиридаги гуруҳлар аввал бир неча марта шиа мазҳабидаги ҳазорийларга, Афғонистон ва Покистонда диний озчиликни ташкил этувчиларга ҳужум қилганди.

Бугунги портлашдан роппа-роса 10 кун муқаддам Кобулдаги полиция маҳкамаси ҳудудида автомобилга ўрнатилган портловчи қурилмалар орқали портлаш содир бўлган ва 14 киши ҳалок бўлиб, 150 киши яраланганди.

Ўшанда теракт учун жавобгарликни «Толибон» ўз зиммасига олганди.

16 август куни Покистонда Афғонистондаги «Толибон» етакчиси Мавлави Ҳайбатулла Охунзоданинг акаси Ҳафиз Аҳмад ўлдирилганди. У Кветта шаҳридаги масжид яқинида бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлган. Бу портлаш учун жавобгарликни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмаганди.

Би-би-си агентлигининг Афғонистон разведкасидаги манбаси хабар беришича, ўша куни масжидга Мавлави Ҳайбатулла Охунзода ташриф буюриши кутилганди, катта эҳтимол билан айнан у теракт нишонида бўлган.

Толиблар ва АҚШ (айни вақтда мамлакатда минг нафардан ортиқ америкалик ҳарбий бор) тинчлик келишувига эришиш арафасида турган бўлсада Афғонистондаги вазият кескинлигича қолмоқда. «Толибон» вакиллари яқинда Қатар пойтахтида расмий Вашингтон вакиллари билан музокаралар ўтказишди, икки томон ҳам музокараларда илгарилаш кузатилганини маълум қилганди.

Жума куни АҚШ президенти Дональд Трамп твиттерида томонлар келишувга яқин эканини ёзди.

Бу келишувга кўра, АҚШ ўз ҳарбийларини Афғонистондан босқичма-босқич олиб чиқиши керак бўлади, толибонлар эса америкалик ҳарбийларга ҳужум уюштирмайди.

Февраль ойида «Толибон» вакиллари Москвага  Афғонистон мухолифати вакиллари, собиқ амалдорлар ва сиёсатчилар билан музокаралар ўтказиш учун боришганди.

Август ойи бошида эса «Толибон» делегацияси Тошкентга келди ва Ташқи ишлар вазирлигида ташкилотнинг Доҳа шаҳридаги сиёсий офиси раҳбари мулла Бародар Охунд бошчилигидаги Ҳаракат вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Мавзуга оид