Ўзбекистон | 14:07 / 21.08.2019
4478
7 дақиқада ўқилади

Метанолни ташиш, сақлаш ва қўллашда хавфсизлик қоидалари тасдиқланади

Вазирлар Маҳкамасининг “Метанолни ташиш, сақлаш ва қўллашда хавфсизлик қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Хавфсизлик қоидаларига кўра, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши, шу жумладан ноқулай ва алоҳида меҳнат шароитларида ишлаганлик учун ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар берилиши юзасидан давлат назорати ҳамда текширувини меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қонун ҳужжатларига мувофиқ айрим ваколатларга эга бўлган бошқа давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Меҳнатга оид муносабатларда ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифода этишни, меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларида қонун ҳужжатларига риоя этиш бўйича жамоатчилик назоратини касаба уюшмалари ва уларнинг сайлаб қўйиладиган органлари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари, шунингдек ходимларнинг ўзи меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил этган шахслар амалга оширадилар.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил этилган шахсга ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши учун ҳар ҳафтада камида икки соат иш вақти ажратилади ва бу вақт учун иш жойи (лавозими) бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.

Хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланувчи ташкилот белгиланган саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан ишлаб чиқариш назоратини ташкил қилади ва амалга оширади.

Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги” Қонуни, хавфли ишлаб чиқариш объектларида “Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ҳамда хавфли ишлаб чиқариш объектларида ишлаб чиқариш назоратини ташкил этиш маъмурий-жамоатчилик назорати (уч босқичли назорат) орқали амалга оширилади.

Ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади.

Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.

Хавфли ишлаб чиқариш объектларида ходимлар сонига мувофиқ равишда ишлаб чиқариш назорати ташкил этилади, агар ходимлар сони 150 тадан кам бўлса фойдаланаётган ташкилот раҳбари ўринбосарларининг биттасига, ходимлар сони 150 тадан 500 тагача бўлса махсус тайинланган ходимга, ходимлар сони 500 тадан кўп бўлса ишлаб чиқариш назорати хизмати раҳбарига вазифалар юклатилади.

Ходимларининг сони эллик нафардан кам бўлган ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарор иш берувчи томонидан мазкур ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусияти ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.

Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги хизмати ташкилотнинг мустақил таркибий бўлинмалари бўлиб, улар бевосита ташкилот раҳбарига бўйсунади.

Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги хизмати мутахассислари меҳнатни муҳофаза қилиш, саноат хавфсизлиги қоидалари ва нормаларига барча ходимлар томонидан риоя этилишини назорат қилиш, таркибий бўлинмаларнинг раҳбарларига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш, саноат хавфсизлиги масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини бузаётган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида ташкилот раҳбарига тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга.

Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифалари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.

Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг аудити меҳнатни муҳофаза қилиш тизимининг ҳолатини баҳолаш бўлиб, ушбу аудит иш берувчининг қарорига биноан ўтказилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг ишлаши сифатини, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг олдини олишга, даражасини камайтиришга қаратилган тадбирлар самарадорлигини баҳолаш;

аниқланган камчиликларни бартараф этишга, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг олдини олишга қаратилган таклифлар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш.

Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг аудити меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан шартнома асосида амалга оширилади.

Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш,
санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоа  шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ишчилар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш
ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ишлаб чиқариш объектларининг ихтисосликларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш назорати ҳақида Низом;

ишчи ва хизматчилар билан ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш, саноат хавфсизлигига оид йўриқномалари.

Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги хизматини ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.

Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида”ги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид