Жамият | 16:00 / 25.08.2019
18025
2 дақиқада ўқилади

6 ёшли болаларнинг барчаси мажбурий 1 йиллик мактабгача таълим гуруҳларига қамраб олиниши керак — МТВ

Айни пайтда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 6 ёшли болаларни мажбурий бир йиллик мактабгача таълимга қамраб олиш лойиҳа дастури доирасида Тошкент шаҳри ва Фарғона вилояти ҳудудларида 6 ёшли болалардан иборат жами 494та гуруҳ ташкил этилди. Уларда 11 минг 403 нафар бола қамраб олинган. Бу ҳақида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ўтказилган «Август кенгаши» анжуманида маълумот берилди.

«Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида 6 ёшли болалар 100 фоизга бир йиллик мажбурий таълимга қамраб олинган», дея бу йўналишдаги ишлар бўйича маълумот берди Мактабгача таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи ўринбосари Санжарбек Обидов.

Унинг таъкидлашича, намунавий гуруҳларда китоб ўқишга қизиқтирувчи методлар, ривожлантирувчи ўйинлар давлат бюджети томонидан бепул равишда таъминланган.

«27 август куни мазкур гуруҳда таълим олган болаларга давлат намунасидаги сертификат берилади ва улар умумтаълим мактабининг 1 синфига борганда бошқа болалар билан ўзлаштиришдаги фарқлари ўрганилади», дейди Санжарбек Обидов.

Унинг таъкидлашича, 2021 йилгача республика бўйича 6 ёшли болаларни 100 фоиз бепул мактабгача таълим гуруҳлари билан қамраб олиш режа қилинган.

Мавзуга оид