Ўзбекистон | 16:01 / 29.08.2019
33846
2 дақиқада ўқилади

Riviera савдо марказининг қурилиш ишлари тўхтатиб қўйилди. Тошкент шаҳар прокуратураси жиноят иши очди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкентда Riviera савдо марказининг қурилиш ишлари тўхтатиб қўйилди. Бу ҳақда Tower MMG компанияси Facebook’даги саҳифасида хабар берди.

Кеча, 28 август куни соат 13:18да Олмазор тумани Нурафшон кўчасида янги қурилаётган Riviera савдо мажмуасининг қурилиш жараёнида металл конструкциянинг қулаши содир бўлди. Натижада, 4 нафар ишчи ходим вафот этган ва 2 нафари тан жароҳат олган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар беришича, жароҳатланганлар зудлик билан текширувлардан ўтказилиб, белгиланган тартибда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, 45 ёшли О.Ш. ўнг товон суягининг синиши ташхиси билан ўрта оғир аҳволда, З.Р. эса аралаш травма, чап елка суягининг синиши ташхиси билан ётқизилган.

Ўз навбатида, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Объектдаги қурилиш ишлари ҳамма тафсилотларни аниқлаш ва бўлиб ўтган ҳодисанинг аниқ сабабларини топишга қадар тўхтатиб қўйилди. Воқеа жойида эксперт гуруҳи ишламоқда», – дея хабар қилган The Tower MMG.

Таъкидланишича, компания жароҳат олганларнинг ва вафот этганларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатади ва тўлиқ ёрдам беради.

«Илтимос, ушбу вазиятга тўғри тушуниб, текширилмаган маълумотларни тарқатмасликни сўраймиз», - дея якунланган The Tower MMG маълумоти.

Мавзуга оид