Жаҳон | 09:35 / 03.09.2019
75036
3 дақиқада ўқилади

«Камераларни олинг». Ўғлини биринчи синфга олиб борган Зеленскийлар оиласи матбуот вакилларига қаршилик кўрсатди

Украина президенти Владимир Зеленский ва мамлакатнинг биринчи хоними Елена 1 сентябрь куни ўқув йили бошланиши муносабати билан Новопечерская мактабига ўз ўғилларини олиб келишди. 

Бино атрофида журналистлар йиғилган, улар президент ва унинг оиласини тасвирга олишни режалаштиришганди. Владимир ва Елена Зеленский камера нигоҳи уларнинг ўғли Кириллга тушишини исташмади ва журналистлардан суратга олмасликни сўрашди.

«Камераларни олинг», деб талаб қилган Елена Зеленская ва уларни қўли билан ёпган.

Шундан кейин Зеленскийнинг шахсан ўзи суратга олиш гуруҳи ёнига гаплашиб қўйиш учун борган ва улардан ўғли суратларини эълон қилмасликни талаб қилган.

«Украинские вести» нашрининг хабар беришича, Кирилл Зеленский бунгача ушбу мактаб қошидаги боғчага қатнаган. Зеленскийлар ўз фарзандлари матбуотда чиқишига салбий қарашади - президентнинг ўзи бир неча марта интервьюларида ўз шахсий ҳаётини намойиш этишни истамаслиги ҳақида гапирган, чиндан ҳам оила фарзандларининг суратлари интернетда камдан-кам кўринади. 

Бундан аввалроқ, Елена Зеленская Instagram’даги саҳифасида ўғлининг мактабга илк бор қадам қўйиши ҳақидаги хабар билан бўлишганди. 

«Бизнинг ўғлимиз Кирилл энди биринчи синф ўқувчиси. Бугун у илк марта партада ўтирди, ўзининг биринчи ўқитувчиси ва синфдошларини кўрди. Энди у 12 йил давомида дўстлик нима, кўнгил қолиш нима дегани, буларнинг барчасини билиб олади. Шунингдек - шўхликлар бўлади, ота-онасиз илк саёҳатига чиқади, характери тобланади ва масъулиятли бўлади. Кирилл фақат ўқув дастурини ўрганиш билан чекланмайди, у ўзгарувчан мамлакатда яшашни ҳам ўрганиши керак бўлади. Бизнинг болаларимиз - келажак авлод. Улар советча чекловлар ва маъносиз ёдлашлар нелигини билишмайди», - дея ёзган Елена Зеленская.

Шу мактабнинг 9-синфида президентнинг 15 ёшли қизи Александра ҳам таълим олади. Бундан ташқари, таълим учун тўлов 13 минг долларгача етадиган ушбу нуфузли мактабга Украинанинг бошқа таниқли инсонлари, жумладан боксчи Александр Усик, собиқ бош вазир Владимир Гройсман, таниқли шифокор Ростислав Валихновский ва «Европейская солидарность» фракцияси етакчиси Артур Герасимовнинг фарзандлари ҳам боради.

Мавзуга оид