Ўзбекистон | 16:00 / 09.09.2019
43208
4 дақиқада ўқилади

Миллий авиакомпания, янги газ ҳисоблагичлар, гўшт нархлари ва соҳадаги янги механизмлар — Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси билан суҳбат

Нажмиддинхўжа Шарипов

Kun.uz таҳририяти Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда унинг фаолияти, бугунги кунда мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар, вужудга келаётган долзарб масалалар ва уларнинг ечимларига оид бир қатор саволларга жавоб олиш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шарипов билан суҳбат уюштирди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Суҳбат аввалида қўмита раиси рақобат бозорини янада ривожлантириш ёки рақобатни ҳимоя қилиб туриш қўмитанинг бош вазифаси эканлигини алоҳида таъкидлади.

«Рақобат бозорини ҳимоя қилиб турмасангиз, унга салбий таъсир қиладиган омиллар мавжуд. Ўша омиллардан биттаси бу – давлат ташкилотлари ёки ҳокимликлар томонидан ўз имкониятларидан келиб чиқиб таъсир ўтказиш. Маълум бир корхонага қандайдир имтиёзлар бериш ва ўз навбатида қайсидир корхонани чеклаб қўйиш. Рақобат шаклланган бозорда вазирликлар ёки давлат идораларининг ҳам иштироки бор. Мисол тариқасида лицензиялаш, қанақадир рухсатнома бериш тартиб-тамойиллари, давлат хизматларини амалга ошириш. Мана шу жараёнларда ҳам давлат органларининг рақобат ривожланган бозорга таъсири бўлиши мумкин. Қўмитамиз давлат органлари томонидан ноқонуний ёки чекловчи ҳаракатларини ўрнатилган тартибда кўриб чиқиб, тегишли кўрсатмалар бериб, бартараф этади.

Кейинги масала монопол бозор. Рақобат йўқ бозорда яккаҳукмронлик, монополиячи корхона фаолият юритади. Бозорда устунлик мавқейини эгаллаган корхоналар сони кам эмас. Ҳозирда 96та хўжалик юритувчи субъект рўйхатга олинган. Уларнинг орасида бирлашмалар – шахслар гуруҳи ҳам бор. Жами 320та субъект монополист сифатида қайд этилган. Бу корхоналар фаолияти Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан доимий назоратда. Монополиячи дегани бу қонун бузилиши эмас, балки бозордаги ҳолатдир», дейди қўмита раиси.

Нажмиддинхўжа Шариповнинг таъкидлашича, дастлабки ўрганишлар натижасида Ўзбекистон бўйича 4 минг 200та билвосита ва бевосита давлат иштироки билан фаолият кўрсатаётган корхоналар мавжудлиги аниқланган. Улардан 1 минг 900тага яқини давлат унитар корхоналаридир. 1 минг 300таси акциядорлик жамиятлари ва МЧЖлар. 800тадан зиёди юқоридаги корхоналар иштироки билан билвосита фаолият юритади.

Қўмита раиси «Artel» компаниясига тегишли қувватларда Ўзбекистондаги барча истеъмолчилар учун ақлли газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқарилиши ҳақидаги гап-сўзларга ҳам ойдинлик киритиб ўтди.

«Ҳисоблагичларни «Artel» ишлаб чиқариши режалаштирилгани ҳақидаги гапларга қўшилмайман. Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган баённомада «Техно парк» МЧЖга ақлли газ ҳисоблагичлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш топширилган. Мазкур МЧЖ «Artel» компанияси билан алоқадор эмас. Бунинг юз фоиз улуши, таъсисчиси ҳокимлик ҳисобланади. Баённомада ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш бўйича тегишли идораларга тегишли топшириқлар юборилган», дейди Нажмиддинхўжа Шарипов.

Шунингдек, суҳбат мобайнида қўмита раиси хонадонларга ўрнатилаётган ақлли электр ва газ ҳисоблагичларнинг нархи, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» монопол ёки монопол эмаслиги, қўмита гўшт нархи кескин кўтарилиши бўйича қандай позицияда эканлиги, ноҳалол рақобат учун қандай жазолаш механизмлари мавжудлиги ва бошқа қатор саволларга жавоб берди.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид