Ўзбекистон | 08:08 / 07.11.2024
1309
2 дақиқада ўқилади

Монополияга қарши орган розилигисиз давлат иштирокидаги корхона ташкил этилган 4 та ҳолат аниқланди

Рақобат қўмитаси Андижон вилояти Олтинкўл туман ҳокимлиги, Тошкент вилояти айрим саноат зонасини бошқариш дирeкцияси ва Кинематографияни ривожлантириш марказини давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишда монополиядан олдиндан розилик олмаганини аниқлади. 

Фото: Getty images

Республикадаги 3 та ташкилотга монополияга қарши органнинг розилигисиз давлат иштирокидаги корхонани ташкил этгани учун таъсир чораси кўрилди. 

Рақобат қўмитаси хабарига кўра, 2024 йилнинг III чораги давомида иқтисодиётда давлатнинг иштирокини қисқартириш бўйича давлат иштирокидаги корхоналар ва уларнинг аффилланган шахсларини ташкил этишда монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олинганлиги масалалари юзасидан мониторинг ўтказилган. 

Унда 4 та ҳолатда давлат иштирокидаги корхоналар ва уларнинг аффилланган шахсларини ташкил этган ташкилот аниқланди:

  • Андижон вилояти Олтинкўл туман ҳокимлиги;
  • Тошкeнт вилояти Кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирeкцияси;
  • Ўзбекистон миллий кинематографияни ривожлантириш маркази (2 та ҳолатда).

Мазкур корхоналарда «Рақобат тўғрисида»ги қонун, «Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 346-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларини бузиш аломатлари аниқланди.

Унга кўра, давлат иштирокидаги корхоналар ва уларнинг аффилланган шахсларини ташкил этиш (қайта ташкил этиш) чоғида монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги олиниши лозим.

Қонун бузилиши ортидан уларга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси бўйича тегишли чоралар кўриш юзасидан белгиланган тартибда кўрсатмалар берилди.

Ушбу давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш бўйича қабул қилинган қарорни бозорда рақобат муҳитига таъсир кўрсатмаганлиги сабабли ўз кучида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилиниб, келгусида қонун бузилиши ҳолатига йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма берилди.

Мавзуга оид