Жаҳон | 08:13 / 11.09.2019
12879
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси олдида кучли портлаш юз берди – ОАВ

Фото: REUTERS/Omar Sobhani

11 сентябрга ўтар кечаси АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси олдида кучли портлаш янгради. Бу ҳақда ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар берди.  

Маълум қилинишича, портлашдан кейин элчихонада сигнализация ишга тушган. Айни вақтда қурбонлар ёки жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ. 

Таъкидланишича, портлашга ракета ҳужуми сабаб бўлган.  

Ҳозирча расмий шахслардан ушбу воқеа юзасидан ҳеч қандай изоҳ берилмаган. Ҳудудда ҳаракатланувчи экстремистик гуруҳлардан бирортаси ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган

Портлаш Трамп Кобулдаги бошқа бир теракт сабабли 7 сентябрда “Толибон” етакчилари ҳамда Афғонистон президенти билан учрашувни бекор қилганини эълон қилгандан кейин содир этилди. Учрашув Кэмп-Дэвидда 8 сентябрда бўлиб ўтиши керак эди. Бундан ташқари, Трамп Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича музокаралар ҳам тўхтатилишини маълум қилган.   

Бунга жавобан “Толибон” АҚШ Афғонистонда янада кўпроқ қурбонларга учраши билан таҳдид қилган. 

Таъкидлаш жоиз, ҳужум 11 сентябрда “Ал-Қоида”нинг Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази биноларига ҳужумининг 18 йиллигида содир этилди.

Мавзуга оид