Жамият | 22:30 / 12.09.2019
72883
8 дақиқада ўқилади

Полда ўтирган ўқувчилар. Ҳокимлик ва мактаб директорининг изоҳи турлича, ҳақиқатни ким айтади?

Бугун, 12 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг 4 синф ўқувчилари стол-стулсиз полда ўтиргани акс этган сурат тарқалди.

Фото: Telegram / @navoi_navoiy

Кенг муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур сурат 10 сентябрь куни «Navoiy Kanal» ижтимоий каналида «Зарафшон шаҳрига янги мактаб қурилган, стол-стул берилмади, эски СССР даврига қайтаяпмизми?» изоҳи билан эълон қилинган.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати мазкур масала вазирлик ваколатига кирмаслигини маълум қилиб, вилоят матбуот хизмати билан боғланишни тавсия қилди.

Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида 10 сентябрь куни Зарафшон шаҳар халқ таълими бўлимида ишчи гуруҳ тузилган ва 2018 йил «Обод маҳалла» дастури доирасида қўшимча бино қурилган 2та умумий ўрта таълим мактаби ўрганилган.

Телеграмдаги каналда эълон қилинган суратдагилар 2-умумий ўрта таълим мактаби 4-синф ўқувчилари бўлиб, суратда 3 сентябрь куни ўқувчилар китобларни олишга келган пайт тасвирлангани ҳақида хулоса қилинган.

«Зарафшон шаҳрида 12та умумий ўрта таълим мактаби мавжуд. Сўнгги 2 йил ичида 5та умумтаълим мактаби «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» дастури доирасида мукаммал таъмирланди. Ўқувчилар сони кўп бўлгани учун 2018 йилда 3та мактабга қўшимча бинолар қурилиб фойдаланишга топширилди.

Вилоят ҳокимининг 2019 йил 15 июлдаги Ф-47-сонли фармойишига кўра, 2019 йилги «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ва «Обод марказ» давлат дастурларига киритилган жами 27та умумтаълим мактабларини зарурий жиҳозлар билан жиҳозлаш харажатлари учун дастлабки 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилди ва 14та умумтаълим мактабига зарурий жиҳозлар етказиб берилди.

Шунингдек, мазкур мактабнинг (Зарафшон шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактаби назарда тутилмоқда – таҳр.) янги қурилган қўшимча биноси 2019 йил 3 сентябрь кунининг иккинчи ярмида вақтинчалик (янги ўқув жиҳозлари етказиб берилгунига қадар) Зарафшон шаҳрида жойлашган, бугунги кунда фаолияти тўхтатилган касб-ҳунар коллежлардан етарлича парта, стол ва доскалар билан таъминланди. Мактабда ўқув жараёнлари жорий йилнинг

4 сентябрь куни тўлиқ жиҳозланган ҳолда бошланди.

Юқоридагиларга асосан вилоят халқ таълими бошқармаси Зарафшон шаҳар 2-умумтаълим мактаби янги қурилган қўшимча ўқув биносига жиҳозлар етишмаслиги юзасидан юборилган мурожаатни асоссиз деб ҳисоблайди», дейилади вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати берган маълумотда.

Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу синф хоналари жиҳозлангани кўрсатилган суратларни тақдим этди.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Бу маълумот ОАВда тарқалганидан кейин шов-шувли суратни биринчи бўлиб тарқатган телеграмдаги «Navoiy Kanal» канали муаллифлари ҳокимлик маълумотига қарши яна бир пост қолдиришди. Унда ушбу ҳолат ҳокимлик маълумотида айтилганидек, 3 сентябрь куни эмас, балки ўқиш бошланган кунларда рўй бергани таъкидланган.

«Бизни ёлғончига чиқариш ҳам осон бўлиб қолди. Бу ҳолат ўқув кунларида бўлганини исботловчи сабабларни айтаман. Онгни ишлатса, 15 ёшли бола ҳам билади бу ўқув кунида бўлганини.

Биринчидан, юборган одам буни ўқув кунларида бир неча кун шунақа ўқув бўлганини айтган. Иккинчидан, болалар китоб олишга борган бўлса, нега уларнинг олдида дафтар ва ручка ҳам бор? (яхшилаб қаранг) Олдиларида китобни кўрмадим, фақат кундаликни кўрдим.

Учинчидан, нега улар дам олиш кунида формада? Мактабдан китоб олиш учун. Тўртинчидан, сиз фарзандингизни бирор марта дам олиш кунида форма билан мактабга юбориб китоб олдиртирганмисиз?

Бошқа фактларни алоҳида расм қилиб ҳам каналга ташлайман. Ўзимни 100 фоиз ҳақ дея олмайман, тўғри. Лекин тепада келтирганларим асосли», дейилади постда.

Шундан сўнг Kun.uz мухбири 2-умумий таълим мактаби директори Дилбар Тўхтаева билан телефон орқали гаплашди.

«Бу мактабда меҳнат қилаётганимга икки йил бўлди. Ҳар йили ўқиш жараёнлари олдидан ўқувчиларнинг ҳаракатини билиш учун назорат йиғилишини ўтказиш анъанага айланган. Бунда неча нафар бола мактабга келиши, қанчаси ўқишини бошқа билим даргоҳига кўчирганини аниқлаймиз. Ўқувчилар ҳам бир-бири билан ўзаро танишади, кутубхонага кириб, китоб олади.

Мактабимиз 1969 йили қурилган. 50 йилдан сўнг «Обод маҳалла» дастури бўйича 11 ой муддатда мукаммал таъмирланиб, 18 хонадан иборат қўшимча блок бунёд этилди. Ушбу янги хоналарга ўқув таъминотига жиҳозлар буюртма берганмиз. Аммо улар келгунига қадар янги ўқув йилига шаҳардаги фаолияти тугатилган тиббиёт ҳамда кон-металлургия касб-ҳунар коллежларидан эски стол-стуллар олиб келиб, тўлдирилди. 18та хонадан иккитаси тўгараклар учун ажратилган. Бирида фаолият юритиляпти. Иккинчи хона эса лойдан кулолчилик маҳсулотларини ясайдиган тандирга ўхшаш 8 миллион сўмлик ускуна келгунича бўш турибди. Шу боис, стол-стол ва бошқа жиҳозлар қўйдирмаяпмиз. У ерда чизмачилик ва таъсвирий санъат фани ўқитувчиси Лобар Жабборова ўқувчилар учун гўзал санъат асарлари тайёрлашни ўргатиш ниятида. Интернетда тарқалган сурат ўша хонада олинган.

Аслида мактабимизда муҳит соғлом. Бироқ қайсидир ўқитувчи 4-«Б» синф раҳбари ёки бошқа ҳамкасбига аччиқ қилиб, шахсий адовати туфайли болалардан фойдаланишга қарор қилган, деб ўйлайман. Бунчалик шов-шув кўтаришдан нима наф эканлигига ҳайронман», дейди мактаб раҳбари.

Кўриниб турибдики, уч томон вазият бўйича уч хил фикр билдирмоқда. Вилоят ҳокимлиги суратдаги ўқувчилар мактабга китоб олиш учун келганини айтмоқда, инсайдер бу сурат ўқувчилар мактабга дарсга келганида олинганини таъкидламоқда, мактаб директори эса ўқувчилар ўтирган хона атайлаб жиҳозланмагани, бу ерда ўқувчиларга ҳунармандчилик сир-асрорлари ўргатилиши режалаштирилганини билдирган.

Бу чигал вазиятда қайси томоннинг гапи тўғрилигини аниқ айтиб бўлмайди.

Ҳокимликнинг сурат бўйича талқини кўпроқ шошилинч ўйлаб топилган жавобга ҳам ўхшайди, чунки суратдаги ўқувчилар мактаб формасида, қолаверса китоб тарқатиш учун уларни айнан шу хонадаги полга ўтиргизиб қўйишга қандай зарурат борлиги тушунарсиз. Ўз навбатида ҳокимлик версиясини рад этган мактаб директорининг жавоби ҳам унчалик ишонарли эмас, вилоят ҳокимлиги томонидан йўлланган суратларда айни вақтда бу хона жиҳозлаб бўлингани кўрсатилган. Сурат манбаси эса бу сурат 3 сентябрь, дам олиш кунида эмас, балки ўқиш бошланган кунларда юз берганини, ўқувчилар чиндан шу ҳолатда дарс ўтишганини ишонч билан айтмоқда.

Балки учала томон ҳам ҳақ бўлмаслиги мумкин. Шундай экан, вазиятга ойдинлик киритиш учун қўшимча текшириш ўтказишга зарурат бор. Шу орқали ҳақиқат қарор топиши мумкин.

Мавзуга оид