Спорт | 15:27 / 13.09.2019
22056
7 дақиқада ўқилади

Олимпиада учун йўл: Ўзбекистон спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатида машҳур номлар билан

14-22 сентябрь кунлари Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида спорт курашлари (юнон-рим кураши, эркин кураш ва аёллар кураши) бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати баҳслари бўлиб ўтади. Токио олимпиадаси учун йўлланмалар ўйналадиган бу баҳсларда 27 нафар ўзбекистонлик спортчи қатнашади. Улардан 9 нафари эркин кураш, 10 нафари юнон-рим кураши бўйича яна 8 нафари аёллар кураши бўйича баҳсларда қатнашади.

Қўшни мамлакатда ўтадиган мусобақада Ўзбекистон вакилларининг имкониятлари қай даражада?

Бу галги жаҳон чемпионатида 2020 йил Токиода ўтказиладиган Олимпиада ўйинларига жами 108та йўлланма ўйналади. Ҳар бир вазн тоифасида кучли олтиликка кирган спортчилар 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақасида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлишади. Яъни, мусобақанинг барча ярим финалчилари автоматик тарзда йўлланмага эга бўлса, яна иккита йўлланма ярим финалгача етиб келолмаган спортчилар ўртасида ўтказиладиган ўтиш ўйинларида тақсимланади.

  • юнон-рум кураши бўйича -55 кг, -60 кг, -63 кг, -67 кг, - 72 кг, -77 кг, -82 кг, -87 кг, -97 кг, -130 кг;
  • эркин кураш бўйича -57 кг, -61 кг, -65, -70 кг, -74 кг, -79 кг, -86 кг, -92 кг, -97 кг, -125 кг;
  • аёллар кураши бўйича -50 кг, -53 кг, -55 кг, -57 кг, -59 кг, -62 кг, -65 кг, -68 кг, -72 кг, -76 кг;

Рақиб мураббийини «ечинишга мажбур қилган» Ихтиёр, Олимпиада медалини кўзлаган Бекзод ва иккинчи ёшлигини ўтказаётган Магомед

Ўзбекистонлик спортчиларга бу баҳсларда осон бўлмаслиги аниқ, аммо вакилларимиздан Токио олимпиадасига максимал миқдорда йўлланма кутиш мумкин. Эркин курашчиларимиз Қозоғистонга кучли таркиб билан йўл олган:

-57 кг: Жаҳонгирмирзо Туробов

-61 кг: Аббос Раҳмонов

-65 кг: Темуржон Усмонохунов

-70 кг: Ихтиёр Наврўзов

-74 кг: Бекзод Абдураҳмонов

-79 кг: Рашид Қурбонов

-86 кг: Жавраил Шапиев

-97 кг: Магомед Ибрагимов

-125 кг: Ҳасанбой Раҳимов.

Бу спортчилар орасида мухлислар эндиликда -70 кг вазн тоифасида гиламга чиқадиган Ихтиёр Наврўзовни яхши эслашади. 2016 йилги Рио олимпиадаси бронза медали совриндори Ихтиёр медаль учун баҳсда мўғулистонлик спортчини мағлуб этганида Ганзоригийн Мандахнараннинг мураббийлари ҳакамлар қароридан норози бўлган ҳолда гиламга чиқиб ҳамманинг олдида ечинганди. Ўшанда баҳс якунланишига 5 сония қолганида ҳисобда олдинда бораётган мўғулистонлик спортчи рақиби Ихтиёр Наврўзовдан очиқчасига қоча бошлайди ва шу боис ҳакамлар мўғулистонлик спортчининг сусткашлиги учун Ихтиёрга 1 балл беради. Оқибатда бронза медалига етишига 5 сония қолганида ундан маҳрум бўлган мўғулистонлик спортчининг мураббийлари норозилигини жуда хунук тарзда намойиш қилганди.

Осиё ўйинларининг икки карра чемпиони, икки бор Осиё чемпионати ғолиби, жаҳон чемпионатларида икки бор медаль таққан Бекзод Абдараҳмонов ҳам ўз олдига Олимпиада чемпиони бўлиш вазифасини қўйган

Бекзод Абдараҳмонов

Ўзбек курашчилари орасида энг машҳурларидан бири Магомед Ибрагимов ҳисобланади. 35 ёшли бу эркин курашчи узоқ йиллардан буён -97 кг вазн тоифасида гиламга чиқиб келади. Магомед ҳам Ўзбекистон делегацияси учун феноменал тарзда ўтган Рио олимпиадасида бронза медалини қўлга киритганди. Кейинчалик Жакартадаги Осиё ўйинларида ҳам бронза медали билан кифояланган Магомед сўнгги йилларда ўзининг иккинчи ёшлигини ўтказмоқда дейиш мумкин. У 2017 йил Ҳиндистонда ва 2018 йил Қирғизистонда ўтказилган Осиё чемпионатларида олтин медални қўлга киритди.

Магомед Ибрагимов

Курашчилар юрти Доғистонда туғилган Ибрагимов катта эҳтимол билан фаолиятидаги охиргиси бўладиган Токио олимпиадаси йўлланмаси учун бор кучи билан курашиши аниқ.

7 йилдан буён шоҳсупадан тушмаётган Элмурат ва Жакарта қаҳрамони Мўминжон

Юнон-римчилар ҳам кучли таркиб билан Нур-Султонга йўл олишган. Тўлиқ таркиб қуйидагича кўриниш олди:

-55 кг: Илҳом Баҳромов

-60 кг: Элмурат Тасмурадов

-63 кг: Исломжон Баҳромов

-67 кг: Мирзобек Раҳматов

-72 кг: Арам Варданян

-77 кг: Жалгасбай Бердимуратов

-82 кг: Нурбек Ҳошимбеков

-87 кг: Рустам Ассакалов

-97 кг: Жаҳонгир Турдиев

-130 кг: Мўминжон Абдуллаев.

Юнон-римчилар орасида Мўминжон Абдуллаевни Жакартадаги Осиё ўйинларидан кейин кўпчилик таниб олди. --130 кг вазн тоифасида гиламга чиқадиган Мўминжон Жакартадаги финалда қозоғистонлик Нурмакан Тиналиевни 8:0 ҳисобида мағлуб этган ва Осиё ўйинлари ғолибига айланганди.

Мўминжон Абдуллаев

Рио олимпиадасида совриндор бўлган яна бир юнон-римчи Элмурат Тасмуродов Нур-Султондаги жаҳон чемпионатида ҳам юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Елмурат Тасмурадов

2012 йилдан буён катта мусобақаларда шоҳсупадан тушмаётган 27 ёшли Элмурат бу вақт давомида 4 марта Осиё чемпиони бўлди ва қитъа чемпионатида икки марта кумуш медални қўлга киритди. Рио олимпиадасидан ташқари Элмурат жаҳон чемпионатларида ҳам икки марта бронза, бир марта кумуш медалига эга чиққан. У сўнгги жаҳон кубогида финалгача етиб борганди.

Нур-Султонга аёллар жамоаси қуйидаги таркиб билан йўл олган:

Фото: Даулетбике Яхшимуратова

-50 кг: Даулетбике Яхшимуратова

-53 кг: Актенге Кеунимжаева

-55 кг: Севара Эшмуратова

-57 кг: Нигора Бакирова

-59 кг: Гулноза Тошпўлатова

-62 кг: Набира Эсенбаева

-68 кг: Нилуфар Гадоева

-76 кг: Шаҳрибону Эллиева.

Жаҳон чемпионати тақвими

14 сентябрь куни юнон-рум курашчилари баҳсларга киришади, шу куни -55, -63, -72 ва -82 кг вазн тоифаларида саралаш баҳслари ва яримфинал баҳслари ўтказилади. 15 сентябрь куни юнон-рум курашида -67, -87, -97 кг вазн тоифаларида саралаш ва ярим финал баҳслари, -55, -63, -72 ва -82 кг вазн тоифаларида бронзага ўтиш босқичи, шунингдек ушбу вазн тоифаларида финал баҳслари ўтказилиши белгиланган.

14 сентябрь
Юнон-рум, саралаш (-55, -63, -72, -82 кг)
Юнон-рум, ярим финал (-55, -63, -72, -82 кг)

15 сентябрь
Юнон-рум, саралаш (-67, -87, -97 кг)
Юнон-рум, бронза учун (-55, -63, -72, -82 кг)
Очилиш маросими
Юнон-рум, ярим финал (-67, -87, -97 кг)
Юнон-рум, финал (-55, -63, -72, -82 кг)

16 сентябрь
Юнон-рум, саралаш (-60, -77, -130 кг)
Юнон-рум, бронза учун (-67, -87, -97 кг)
Юнон-рум, ярим финал (-60, -77, -130 кг)
Юнон-рум, финал (-67, -87, -97 кг)

17 сентябрь
Аёллар кураши, саралаш (-50, -53, -55, -72 кг)
Юнон рум, бронза учун (-60, -77, -130 кг)
Аёллар кураши, ярим финал (-50, -53, -55, -72 кг)
Юнон-рум, финал (-60, -77, -130 кг)

18 сентябрь
Аёллар кураши, саралаш (-57, -59, -65, -76 кг)
Аёллар кураши, бронза учун (-50, -53, -55, -72 кг)
Аёллар кураши, ярим финал (-57, -59, -65, -76 кг)
Аёллар кураши, финал (-50, -53, -55, -72 кг)

19 сентябрь
Аёллар кураши, саралаш (-62, -68 кг) ва эркин курашда саралаш (-57, -65 кг)
Аёллар кураши, бронза учун (-57, -59, -65, -76 кг)
Аёллар кураши, ярим финал (-62, -68 кг) ва эркин курашда ярим финал (-57, -65 кг)
Аёллар кураши, финал (-57, -59, -65, -76 кг)

20 сентябрь
Эркин кураш, саралаш (-70, -74, -92, -125 кг)
Аёллар кураши, бронза учун (-62, -68 кг) ва эркин кураш, бронза учун (-57, -65 кг)
Эркин кураш, ярим финал (-70, -74, -92, -125 кг)
Аёллар кураши, финал (-62, -68 кг) ва эркин кураш, финал (-57, -65 кг)

21 сентябрь
Эркин кураш, саралаш (-61, -79, -86, -97 кг)
Эркин кураш, бронза учун (-70, -74, -92, -125 кг)
Эркин кураш, ярим финал (-61, -79, -86, -97 кг)
Эркин кураш, финал (-70, -74, -92, -125 кг)

22 сентябрь
Эркин кураш, бронза учун (-61, -79, -86, -97 кг)
Эркин кураш, финал (-61, -79, -86, -97 кг).

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид