Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қаршида қурувчи бузиладиган уйлар учун компенсация тўламасдан келмоқда: бир неча оила аросатда қолган
Қашқадарё вилоят маркази — Қарши шаҳридан таҳририятимизга келиб тушган мурожаатни ўрганиш учун шаҳарнинг «Қарши» маҳалласига йўл олдик.
Бу ерда ўтган, аэропортга элтувчи Махтумқули кўчаси бўйида замонавий кўп қаватли турар жойлар барпо этилган. Тураржойлар барпо этилиш асносида аҳолининг бир қаватли турар жойлари «снос» қилинган ва уларга Шойхўжа массивидан ер участкалари ажратилган ва компенсация тўловлари тўланган.


Бироқ ишлар охиригача етмай қолган. Бизга ҳикоя қилиб беришларича, иккита уй «снос»га тушгани билан улар ҳалигача бузилмасдан, баҳоланган компенсация пулларини ололмасдан туришибди. Хонадонда яшовчиларга микрофон тутганимизда улар ўз дардларини шундай баён қилишди:

«Уч йилдан буён бизнинг Қарши шаҳри Ипак йўли кўчасида жойлашган «снос»га тушган уйимиз учун компенсация пулимизни беришмайди. Қурилиш ва таъмирлашга ихтисослашган «Қурбонов Ваҳоб Ғаниевич» хусусий корхонаси бу жойда кўп қаватли турар уй-жойлар қурган. Бизларнинг хонадонларимиз ўрнида болалар майдончаси тушиши керак. Бироқ бизнинг уйларимиз бузилмасдан қолиб кетди. Ҳолбуки Қарши шаҳар ҳокимлиги бузиладиган уйларимиз ўрнига Шойхўжа массивидан ер майдонлари ажратиб беришган. Уч йилдан буён на янги уй қура оламиз, на бу эскисини таъмирлай оламиз», — деди Муқаддас Райимова.

«Уйларимиз атрофида қурилиш ишлари амалга оширилгани боис уйлар чуқурликда қолиб кетди. Газ, свет, сувдан узилган. Ёмғирли кунларда ҳовлиларимиз, уйларимиз ичи сувга тўлиб кетди. Бу уйда учта овсин оиламиз билан истиқомат қиламиз. Совуқ кунларда жуда-жуда қийналяпмиз. Қурувчи гарчи судда бизга тўрт марта ютқазгани билан, ҳанузгача компенсация пулимизни бермасдан, турар жой учун болалар майдончаси қурмасдан ҳаммани сарсон қилиб юрибди. Чопа-чоп қилганимиздан сўнг 60 миллиондан зиёд пул пластик карточкага тушириб берилди. Яна 100 миллиондан ортиқ маблағимиз турибди. Лекин бу уйимизнинг уч йил олдинги нархларда баҳоланган нархи. Бугунги кунда бу пулларга ҳеч нарса қилиб бўлмайди», — деди Шоҳиста Шомаматова.


Дарҳақиқат, Қарши туман ҳокимлиги фуқаролар томонидан даъвогар бўлиб судга тўрт марта мурожаат қилиб ютган, бироқ уч йилдан буён тураржойни қурган қурувчи Ваҳоб Қурбонов томонидан компенсация тўловлари ҳанузгача тўлиқ тўланмасдан келмоқда.

Кўрганингиздек, айни пайтда кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган. Бу ерда аҳоли истиқомат қилмоқда. Қурувчининг эшаги лойдан ўтиб бўлган. Энди суд қарори бўлса-да қурувчи уй эгаларига компенсация тўлашни пайсалга солиб келмоқда. Уйлар уч йил аввал баҳолатилган. Нархлар эса йилдан йилга ошиб бормоқда. Қурувчи компенсацияни қачон тўламоқчи. Компенсация пулига битта хўрозқанд олиш мумкин бўлгандами?

«Қарши» маҳалласи турғунларининг айтишича, Қарши шаҳар Мажбурий ижро бюроси ҳам суд қарорига кўра компенсация тўловларини ундириб беришни пайсалга солмоқда. Фуқаролар республикагача чиқиб раҳбарларга ўз дардини айтиб бўлишган. Бироқ мутасадди ташкилотлар ва давлат хизматчилари бу муаммони ҳал қилишдан ожиз қолишмоқда.

Уй эгаларига компенсация пуллари тўланадими-йўқми? Улар токайгача бу аҳволда яшашади? Қарши шаҳар МИБ суд қарорини нега ижро этмаяпти? Kun.uz бу саволларга жавоб кутиб қолади.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Kun.uz мухбири.
Фахриддин ҲОТАМОВ, тасвирчи.
Мавзуга оид
19:21 / 29.04.2025
Пайариқ ҳокими тадбиркорнинг биносини буздириб ташлади, прокурор бу қонунсизликка томошабин бўлиб турди
13:05 / 14.04.2025
Ural Airlines'нинг Қарши - Москва рейси техник сабабларга кўра бекор қилинди
18:13 / 31.03.2025
Қарши шаҳрида ўзбек-немис қўшма мактаби ташкил этилади
16:09 / 28.03.2025