Ўзбекистон | 23:52 / 14.09.2019
13618
2 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги вазири: «Бизда ер муносабатларини тартибга соладиган янги кодексга талаб бор»

Бугун, 14 сентябрь куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги биносида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси мазмун-моҳиятига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Унда Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган стратегия лойиҳаси бўйича маълумот берди, шунингдек, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб қайтарди.

Тадбирда ер муносабатлари бўйича мавжуд қонунларни тартибга соладиган ҳужжат - Ер кодекси бугунги кунда ер бошқарувида бўлаётган ўзгаришлар талабига қанчалик жавоб бериши, соҳада бири-бирини инкор қилувчи қонуности ҳужжатлари ҳам учраётгани, шу боис, тизимда янги таҳрирдаги Ер кодекси қабул қилиш талаби вужудга келаётгани борасида мурожаат қилинган.

«Бизга деҳқонларга, кооператив ва кластерларга, шунингдек, хорижий инвесторларга ер ажратиб бериш, бунда муносабатларни аниқ белгилаш, шунингдек, турли вазиятларни ҳал қилишда суянадиган янги таҳрирдаги Ер кодекси керак. 

Тўғри, биз 10 йиллик стратегияда охирги нуқтани, яъни, ер бериш жараёни шаффоф бўлиши кераклиги ҳақида бандларни кўрсатганмиз, рақобат, ерни ҳақиқий эгасига беришни ва яна икки-учта механизмни ёзганмиз, лекин бунга яна қўшимчалар, ўзгартиришлар киритиш керак деб ҳисоблайман. 

Ўйлайманки, Ер кодексида ерга эгалик ҳуқуқини қачонки қийин бўлмаган, содда тарзда халққа етказсак, шундагина шаффоф тизим бўлади», дея Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид