Жамият | 17:45 / 16.09.2019
8723
3 дақиқада ўқилади

Мурожаат натижаси: Термиз шаҳар ҳокимлиги томонидан бева аёлнинг компенсация пули тўлаб берилди

Термиз шаҳар ҳокимлиги "Kun.uz" сайтида 2019 йил 13 сентябрь куни эълон қилинган "Снос"дан кейин тўрт болам билан ижарада яшаб юрибмиз" Термиз шаҳар ҳокимлиги бева аёлнинг компенсация пулини қачон тўлаб беради" сарлавҳали мақола юзасидан ўз муносабатини билдирди.

Термиз шаҳрининг Бош режасига асосан 2018 йилда “Истиқлол” кўчаси ёқасида кўп қаватли турар жой биноларининг қурилиши муносабати билан Аширгул Тўраева оиласи билан яшаб келган кўп хонадонли икки қаватли 76-уй ҳам бузилишга тушган.

Кадастр ҳужжатлари бўйича ушбу уйнинг 2 хонали 2 та хонадони А.Тўраевага тегишли бўлган. 2018 йилнинг 6 июнь куни унинг 1 та хонадони учун тўқсон икки миллион тўрт юз ўттиз минг сўм миқдорида компенсация маблағи тўлаб берилган.

Аммо,фуқарога тегишли бўлган иккинчи хонадон кадастр ҳужжатларида 2 хонали эканлиги кўрсатилган бўлса-да, у “Менинг уйим 3 та яшаш хонасидан иборат”, деб белгиланган компенсация маблағини олмаслигини билдирган. Орадан қарийб бир йил вақт ўтиб, 2019 йил 24 апрель куни фуқаро ушбу маблағни олишга розилик билдириб, тегишли тартибда шаҳар ҳокимлиги билан келишув битимини тузган. 

Бу давр мобайнида фуқарога шаҳар ҳокимлигининг махсус ҳисоб варағида маблағ йўқлиги, маблағ бўлиши билан тўлаб берилиши ҳақида оғзаки тушунтириш бериб келинган. 2019 йил 13 сентябрь куни унинг иккинчи хонадони учун ҳам банкдаги пластик рақамига тўқсон икки миллион тўрт юз ўттиз минг сўм компенсация маблағи тўлиқ ўтказиб берилди.

Бундан ташқари, А.Тўраева мурожаатида ҳар ой ижарага 800 минг сўмга яқин пул сарфлаётганини таъкидлайди. Термиз шаҳар ҳокимлиги бузилган иккинчи хонадон компенсацияси у ёки бу сабаблар билан кечиккани учун фуқарога ижара суммасини тўлаб беришга тайёр. Бунинг учун у хонадони бузилган кундан ижара уйга кўчиб, уй эгаси билан тузилган ижара шартномаси нусхасини муддатида тақдим қилиши лозим.

Аммо А.Тўраева уй эгаси билан ижара шартномасини 2019 йил 19 июль куни (орадан бир йил ўтган) имзолаб, шаҳар ҳокимлигига тақдим қилган. Шартномада эса 2019 йилнинг 1 январдан 2019 йилнинг 30 ноябригача ҳар ойлик ижара суммаси бир миллион сўмдан 11 ойга ўн бир миллион сўм этиб белгиланган.

Агар уй-жойни ижарага бериш шартномаси имзоланган кундан кучга кириши инобатга олинса, фуқарога 2019 йилнинг 19 июлида имзоланган шартнома бўйича 19 сентябрга қадар икки ойлик ижара ҳақи - икки миллион сўм тўлаб берилиши керак бўлади.

Термиз шаҳар ҳокимлиги А.Тўраевага ушбу икки ойлик ижара шартномаси маблағини жорий йилнинг октябрь ойида тўлиқ тўлаб берилишини маълум қилди.

Мавзуга оид